17:30 / 12.11.2023
25428

Хоразмда Миллий гвардия маркази бошлиғи қўлга олинди

Фото: Видеодан кадр

ДХХ Хоразмда Миллий гвардия маркази бошлиғини, Тошкент шаҳрида адвокатни, Бухорода эса «ИИБ ходими»ни пора олаётганда ушлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаментининг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда адвокатлик бюроси адвокати фирибгарлик йўли билан фуқародан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Маълум бўлишича, адвокат ўзининг Олий судда ишловчи танишлари орқали фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2023 йил октябрь ойидаги ҳал қилув қарорини суднинг аппеляция инстанцияси жараёнида фуқаро (судланувчи) фойдасига ўзгаришсиз қолдириш масаласини ҳал қилиб беришни ваъда қилган.

Бухоро вилоятида кузатилган ҳолатда эса ўзини ички ишлар идоралари ходими деб таништирган шахс маҳаллий фуқародан унинг танишига нисбатан Ички ишлар органи томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан, яъни гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят иши юзасидан мазкур шахсни тергов ҳибсхонасидан чиқариш ва унга нисбатан юритилган жиноят ишини ҳаракатдан тугатишни ҳал қилиб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахс олдиндан 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Миллий гвардия Хоразм вилояти қўриқлаш бошқармаси Шовот тумани қўриқлаш бўлими техник қўриқлаш маркази бошлиғи фирибгарлик йўли билан 1400 АҚШ доллари ҳамда 1,2 миллион сўм пулларни олган вақтида ушланган.

Аниқланишича, у маҳаллий фуқарони Миллий гвардия тизимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top