«Челси» ва «Сити» афсонавий ўйин ўтказди. Бу — АПЛ тарихига киради
«Стэмфорд Бриж»даги шедеврал ўйинда саккизта гол урилди.

Фото: Reuters
«Челси» – «Манчестер Сити» 4:4 (2:2, 2:2)
Голлар: 0:1 – 25, пеналти Ҳоланд, 1:1 – 29 Тиаго Силва, 2:1 – 37 Стерлинг, 2:2 – 45 Аканжи, 2:3 – 47 Ҳоланд, 3:3 – 67 Жексон, 3:4 – 86 Родри, 4:4 – 90, пеналти Палмер.
«Челси» – Санчес, Жеймс (Гюсто, 64), Тиаго Силва, Дисаси, Кукуреля, Галлаҳер, Фернандес (Мудрик, 64), Палмер, Кайседо (Броя, 90), Стерлинг, Жексон (Угочукву, 90).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер, Рубен Диаш, Гвардиол, Аканжи, Бернарду Силва, Родри, Фоден, Доку (Грилиш, 59), Ҳоланд, Алварес (Ковачич, 79).
Огоҳлантиришлар: Кукуреля (22), Палмер (23), Доку (56), Кайседо (60), Родри (72), Жексон (90), Грилиш (90), Стерлинг (90), Почеттино (90).
Почеттино жумбоғи
Ўтган мавсумдаги «Челси» ҳалокат ёқасидаги жамоа эди. Бугунги «Челси»ни — жумбоқ жамоа деб аташ мумкин. Ҳозирча Лондоннинг кўк қисмининг ҳақиқий қиёфаси аслида қандай экани умуман тушунарсиз қолмоқда. Натижалар барқарор эмас, кўрсатилаётган ўйинлар турлича ва таркибни ҳам олдиндан айтиб бўлмайди: жорий мавсумда майдондаги футболчилардан фақат Тиагу Силва ва Галлаҳер доимо бошланғич таркибда тушган.
Мавсумнинг учдан бир қисми якунланаётган маҳалда «Челси» мухлисларини уйда «Ноттингҳем» ёки «Брентфорд»га ютқазишга ҳам, сафарда «Тоттенҳэм»ни йирик ҳисобда мағлуб этишга ҳам қодирлигига ўргатиб қўйди. Кўклар ҳатто бир ўйиннинг ўзида ҳам барқарорликни сақлаб қола олмаслиги мумкин. «Шпорлар»га қарши кечган ўша ақл бовар қилмас дербини олайлик, «Челси» ўйинни жуда ёмон бошлаган, кейин эса ўйинини кучайтира олган, якунда ҳатто тўққиз киши бўлиб қолган рақибга қарши ҳам муаммоларга дуч келганди. Ҳисоб ҳам парадоксал: 4:1, аммо ўйин — йирик ҳисобдаги ғалабага яқин эмасди.
Гвардиоланинг янги ғоялари
Шу туфайли «Челси»нинг «Манчестер Сити»га қарши ўйинини ҳам олдиндан тахмин қилиш имконсиз эди. Барчаси лондонликларнинг кайфиятига боғлиқ эди: улар жарима майдони атрофида автобус ўрнатиши ҳам, чемпионга қарши очиқ футбол учун пароканда бўлиб кетиши ҳам мумкин эди. Амалда эса униси ҳам, буниси ҳам бўлмади.
Мезбонлар бир ҳафта «Тоттенҳэм» билан бўлган ўйиндан кўра анча тетикроқ бошлашди: улар дарҳол тўпга эгалик қилишди, Гвардиола жамоасига қарши ўйинда эса буни мини-ютуқ деса бўлади. Тўғри, анча вақтгача муайян ҳаракатлар бўлмади, 19-дақиқага келибгина Галлаҳернинг дарвоза соҳасига тўғри борган зарбаси хавфли чиқди.
«Сити», албатта, қийин сафарга тайёргарлик кўрганди. Гвардиоланинг ротациялари анчадан буён ҳеч кимни ҳайрон қолдирмай қўйган, аммо бу ўйинда Аканжи таянч зонасига ўтказилгани кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди (одатда бу ролни Стоунс бажарарди, аммо у жароҳатланган). Бундан ташқари, биринчи бўлимда Алварес тўпсиз ҳолатда бошқа бир жаҳон чемпиони Фернандесни персонал таъқиб қилди. Ҳа, бунинг тескариси эмас: Гвардиола, катта эҳтимол билан, шу тариқа «Челси»нинг мудофаадан чиқишини қийинлаштиришни кўзлаганди. Ўз навбатида, Энцо ҳам доимо Хулианга тўсқинлик қилди ва ушбу аргентиналиклар дуэлини томоша қилиш мароқли бўлди.
Ҳоланднинг баҳсли голи ва мезбонларнинг ўйинда бурилиш ясаши
Кукуреля ва Ҳоланд дуэлида эса биринчи бўлим ўрталарида пеналти юзага келди.
Лекин бу анча баҳсли ҳолат эди: уларнинг иккиси ҳам бир-бирининг футболкасидан тортди, одатда бундай яккакурашлар учун пеналти қўйилмайди, қолаверса, икки футболчи ҳам тўпга ета олмасди – ҳар қандай ҳолатда ҳам Тиаго Силва биринчи бўларди.
Аммо норвегиялик ҳужумчи йиқилди, Энтони Тэйлор эса 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Шу ўринда ушбу таниқли англиялик арбитр олдинги ўйинлардаги хатолари учун ўтган ҳафтада чемпионшипга сургун қилингани ва у ерда ҳам баҳсли қарор қабул қилганини эслаб ўтиш мумкин. Ҳоланд эса пеналтини аниқ ижро этди — у анчадан буён нуқтада адашмаяпти. Бу форвард учун 12-ўйиндаги 12-гол бўлди.
Шу паллада айримлар учун ўйин масаласи ҳал бўлгандек кўринган бўлиши мумкин — фаворит ва амалдаги чемпион яна ғалаба қозонади. Аммо 12 дақиқа ўтиб мезбонлар 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. «Челси» стандартлар орқали ўйинда бурилиш ясади: аввалига Жеймснинг жарима нуқтасидан йўллаган зарбасини Эдерсон қийинчилик билан қайтарди, кейин 39 ёшли Тиаго Силва бурчакдан тўп узатилганда бош билан аниқ зарба йўллаб, АПЛ тарихидаги энг кекса гол муаллифларидан бирига айланди. Бу эпизодда ёзда «Сити» Лондон жамоасига сотиб юборган Коул Палмер муҳим рол ўйнади, у Ҳоланднинг йўлини тўсди ва шу туфайли норвегиялик футболчи Силвага халал бера олмади.
Саккиз дақиқа ўтиб ушбу ёш ҳавбек яна ўзини кўрсатди: айнан Палмер Жеймсни олдинга ташлади ва шу билан бир вақтда мураккаб узатмаси билан Йошко Гвардиолни йўқ жойда хато қилишга мажбур этди. Тўпга эга чиққан Рис қанотдан узатма берди, Стерлинг бўш дарвозани ишғол этиб, «Челси»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди ва голини нишонламади. Бу голни Жеймс ва «Манчестер Сити»нинг икки собиқ футболчиси амалга оширишди.
Ҳоланднинг ғалати голи
«Шаҳарликлар», табиийки, доим ҳимояда ўтирмади. Ҳисоб ҳали 1:1 эканида Фоден мезбонлар дарвозасини ишғол этиши мумкин эди, аммо унинг ўз услубидаги зарбасидан кейин тўп устундан бир неча сантиметр четдан ўтиб кетди.
«Сити» ҳисобда ортда бориши — ноёб ҳодиса. Бу сафар ҳам бу ҳолат узоқ сақланиб қолмади. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар бошланганида бурчак зарбаси ўйналганида Бернарду Силва ошириб берган тўпни бўш қолдирилган Аканжи осонлик билан дарвоза тўрига йўллади. Ушбу ҳимоячи кутилмаганда гол машинасига айланди – у «Сити»нинг сўнгги уч ўйинида уч гол урган.
Бу 45 дақиқалик — «Челси»нинг жорий мавсумини яққол ифодалайди. Тебранувчи, чайқалувчи, мантиқдан ташқари. Жамоа ҳатто маълум дақиқалар оралиғида ҳам барқарорлик кўрсата олмади, шундай экан, уларнинг бу мавсумини қандай қилиб аниқ баҳолаш мумкин?
Иккинчи бўлимни кучли бошлаганига қарамай «Челси» яна гол ўтказиб юборди. Ҳоланд мавсумдаги 13-голини жуда ғалати кўринишда урди ва Алвареснинг узатмасини «бешинчи нуқтаси» билан урди. Скандинавиялик форвард танасининг турли нуқталари билан голлар урганди, аммо бунақаси — биринчи бор.
Ҳоланднинг 2023 йил бошидан буён урган голлари сони 47 тага етди – у «Бавария»да бундеслигадаги рақибларни яксон этаётган Ҳарри Кейн билан бир хил суръатда давом этмоқда. Унинг топ-5 лигалардаги дебютидан буён (2020 йил январи) бирорта футболчи у каби кўп дубл қайд этмаган. Эрлинг аллақачон 36 марта иккитадан (ёки кўпроқ) гол урди. Энг яқин таъқибчида олтита камроқ.
Аёвсиз якун
Албатта, шундан кейин ҳам «Челси» тўлиқ куч билан ўйнашда давом этди. 60-дақиқада Палмер собиқ жамоадошларини бирин-кетин ортда қолдириб, жарима майдонига ёриб кирди, аммо сўнгги ҳаракат учун унда куч тугаб қолди ва у тепган тўпни Эдерсон осон эгаллаб олди, жавоб ҳужумида эса Фоден голга яқин эди. Аммо кўклар барибир ўз голини уришга эришди ва бу ишни мавсум бошидан буён танқидлар ёмғири остида қолаётган Жексон амалга оширди. Сенегаллик футболчини «Ливерпул»да илк мавсумида жуда кўп вазиятларни йўққа чиқарган Нунес билан солиштиришмоқда, аммо у чемпионатда аллақачон олтита гол урди, жумладан Европанинг энг яхши жамоаси дарвозасига ҳам.
Ўйин кўплаб оралиқларга бўлинганча давом этди, ташаббус у жамоадан бунисига ўтиб турди. Ташаббус ўзида бўлганида максимум натижа чиқара оладиган жамоа ғалабани илиб кетиши керак эди. Бундай ҳолатда футболчиларнинг сифат даражаси биринчи планга чиқди.
75-дақиқада ҳал қилувчи вазият содир бўлди, негадир рақиб жарима майдони ичида ёлғиз қолдирилган Гюсто негадир ўзининг ишчи оёғи ҳисобланмаган чап оёқда узоқ бурчакни нишонга олишга уринди.
Бундай вазиятда жамоадаги исталган бошқа футболчи гол уриши мумкин эди, «Сити» эса бундай хатони кечирмайди. Родри ўз одатига кўра керакли паллада катта саҳнага чиқди. 86-дақиқа, жарима майдони ташқарисидан кучли зарба билан йўлланган тўп Силванинг оёғига тегиб, йўналишини ўзгартирди — 3:4!
Палмернинг темир асаблари
Бу гол энди ғалаба голи эканига деярли ҳеч кимда шубҳа қилмаётганди, аммо бундай ақл бовар қилмас ўйинда ҳали ҳаммаси ҳал бўлмаганди.
Ҳозирги «Сити»га «ҳисобни ушлаш» ибораси бегона, жамоа ўйин суръатини тушириб, ҳимояга ётиб олишни шунчаки уддалай олмайди, «Челси» эса, шундай жиннича мавсумида ҳам «характер» атамасини ўрганишга муваффақ бўлмоқда.
Қўшимча дақиқаларда майдонга тушган Броя Диашнинг қўполлигидан кейин пеналти ишлади, «Сити» футболчилари Тэйлор ва рақиблар билан узоқ вақт баҳслашишди, бу вақтда эса 21 ёшли Палмер бир четда туриб ўз фаолиятининг бу босқичидаги энг муҳим зарбани амалга оширишга тайёргарлик кўрди. Бу зарбага ўйин натижасидан бошқа нарсалар ҳам боғлиқ эди, чунки «Сити» тарбияланувчисини Англия миллий жамоаси келажаги сифатида кўришмоқда. Коул асабларида муаммо йўқлигини намойиш этди — 11 метрлик нуқтадан «тўққизлик»ка аниқ зарба ва аномал 4:4.
Шундан кейин бошқа гол бўлмади, «Манчестер Сити» сўнгги бир йилда илк бор камида учта гол ўтказди – охирги бор бу 2022 йил 2 октябрида рўй берганди, ўшанда «Манчестер Юнайтед» 6:3 ҳисобида мағлуб этилганди. Пеп Гвардиола мураббийлик фаолиятида илк бор ўз жамоаси тўрт гол урган ўйинда тўрт гол ўтказишига гувоҳ бўлди.
«Челси» ҳамон барқарор эмас, аммо бу мавсумда топ-жамоаларга қарши жуда яхши ўйнамоқда. Классик топ-6 вакилларига қарши ўйинларда ҳали ютқазмади: «Ливерпул» (1:1), «Арсенал» (2:2) ва «Сити» (4:4)га қарши ўйинларда дуранг, «Тоттенҳэм» устидан йирик ғалаба (4:1). Лекин жамоа ҳали ўнинчи ўринда.
«Сити»нинг эса натижадан у қадар кўнгли тўлмаган бўлса ҳам, аммо бир очко барибир биринчи ўринга кўтарилиш учун етарли бўлди. Аммо «Ливерпул» ва «Арсенал» билан орадаги фарқ — атиги бир очко. Кейинги турда, миллий жамоалар ўйинлари билан боғлиқ танаффус тугаганидан кейин, 25 ноябр куни «Сити» айнан Юрген Клопп жамоасини меҳмон қилади.

Тавсия этамиз
«Баъзилар учун геноцид даромадли» — БМТ эксперти бутун дунёни Исроил билан савдони тўхтатишга чақирди
Жаҳон | 18:56 / 04.07.2025
40 даража иссиқ: бунақа пайтда ходимлар қандай ҳуқуқларга эга?
Жамият | 17:15 / 03.07.2025
Иссиқдан қандай сақланиш керак? – ЖССТ тавсиялари
Ўзбекистон | 16:06 / 02.07.2025
Нима учун Кореяни танлаш ёки танламаслик керак? | SUBYEKTIV
Жамият | 19:02 / 30.06.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

11:31
Месси аввал голга сабабчи бўлди, кейин эса иккита чиройли гол билан камбэк қилди

11:26
«Реал» – «Боруссия» ўйинида драма: қўшимча дақиқаларда учта гол урилди

09:30
«ПСЖ» 9 киши бўлиб «Бавария»ни клублар мундиалидан чиқариб юборди

12:15 / 02.07.2025