Жаҳон | 09:35 / 13.11.2023
10044
3 дақиқада ўқилади

Ўрта Ер денгизида АҚШ ҳарбий вертолёти ҳалокатга учради

Ўрта Ер денгизида беш нафар америкалик ҳарбий хизматчи вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди.

Фото: acecombat.fandom.com

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг маълум қилишича, бир кун аввал авария оқибатида ҳалок бўлган америкалик беш нафар ҳарбий хизматчи ҳарбий вертолётнинг қулаши оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда Остиннинг 12 ноябр, якшанба куни чоп этилган расмий баёнотида айтилади. 

«Биз Ўрта Ер денгизида машқлар чоғида беш нафар америкалик ҳарбий хизматчининг фожиали ҳалок бўлганидан қайғурамиз», — дейилади Остин баёнотида. Бир кун аввал авария ҳақида хабар берган Stars and Stripes нашри ҳам ўз мақоласига ўзгартиришлар киритди. ОАВ манбаларига кўра, Кипр қирғоқлари яқинида MH-60 вертолётининг қулаши оқибатида армия махсус кучларининг беш нафар аскари ҳалок бўлган. 

Авария дастлаб 10 ноябр оқшомида ҳарбий ҳаракатлар натижасида эмас, балки ҳавода ёнилғи қуйиш бўйича операция вақтида содир бўлгани хабар қилинган. Исроил ҲАМАСга қарши ҳарбий операция бошлаганидан сўнг, Қўшма Штатлар Яқин Шарқ минтақасида ҳарбий иштирокини оширди. Хусусан, у ерга USS Gerald Ford авиаташувчиси юборилган. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 11 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид