Жаҳон | 12:31 / 16.11.2023
6562
3 дақиқада ўқилади

ЕК Россияга қарши 12-санкция пакетини ишлаб чиқишни якунлади

Россияга қарши янги чеклов чоралари пакети кўриб чиқиш учун Европа Иттифоқи мамлакатларига тақдим этилди, деб хабар қилди Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати. Унинг доирасида 120 нафар жисмоний ва юридик шахсга нисбатан санкциялар жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Фото: Beata Zawrzel/NurPhoto via Getty Images

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Еврокомиссия (ЕК) билан биргаликда Европа Иттифоқи кенгашига Россиянинг Украинага нисбатан тажовузкорлиги учун янги санкциялар пакети лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда 15 ноябр, чоршанба куни Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) хабар берди.

12-пакет доирасида Боррел Европа комиссияси билан биргаликда 120 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларни «Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишдаги роли учун» санкция рўйхатига киритишни таклиф қилмоқда. Гап, бошқа нарсалар қаторида, Россия ҳарбий, мудофаа ва IT-секторлари вакиллари, шунингдек, «бошқа муҳим иқтисодий операторлар» ҳақида бормоқда. 

Янги импорт ва экспорт чекловлари 

Бундан ташқари, EEAS пресс-релизида таъкидланганидек, импорт ва экспортга янги чекловлар, шунингдек, нефт нархининг юқори чегаралари ҳамда ЕИнинг амалдаги санкцияларини четлаб ўтишга қарши қаратилган чора-тадбирлар таклиф этилади. 

Аввалроқ Bloomberg Европа Иттифоқидан олинган ҳужжатларга таяниб, Европа Иттифоқи санкцияларнинг 12-пакети доирасида Россия Украинада қўлланган қуролларни ишлаб чиқаришда фойдаланадиган станоклар ва бутловчи қисмларни Россияга экспорт қилишни тақиқламоқчи эканини хабар қилган эди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россияга кимёвий моддалар, литийли батареялар, термостатлар, серводвигателлар ва дронлар учун двигателлар олиб киришни тақиқлашни таклиф этмоқда. Янги санкциялар пакети 2024 йил 1 январдан бошлаб Россия олмосларини Европа Иттифоқига олиб киришни тақиқлашни ҳам ўз ичига олиши мумкин. 

ЕИ давлатлари муҳокамаларни 17 ноябрда бошлайди 

«Таклиф этилаётган чоралар Украинанинг Россия томонидан вақтинча эгаллаб олинган ҳудудларида «сайловлар»ни ташкил қилганларга, украиналик болаларни мажбуран «қайта тарбиялаш»га масъул бўлганларга, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлаш мақсадида дезинформация ва ташвиқот тарқатаётганларга қарши қаратилган», - дейилади пресс-релизда. 

EEAS бошқа тафсилотларни тақдим этмади. ЕИ аллақачон Украинага қарши тажовузкорлик учун Россияга нисбатан 11 та санкция пакетини киритган, охиргиси Европа Иттифоқи кенгаши томонидан 23 июн куни маъқулланган. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар вакиллари 17 ноябрда янги пакет бўйича келишиш жараёнини бошлайди. У йил охиригача қабул қилиниши кутилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид