Жаҳон | 13:50 / 23.11.2023
6352
3 дақиқада ўқилади

БМТ ва ЖССТ Исроилнинг ҲАМАС билан келишувини олқишлади

Антониу Гутерриш Исроил ва ҲАМАС ташкилоти ўртасида тузилган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш ҳақидаги келишувни «тўғри йўналишдаги муҳим қадам» деб атади.

Фото: Israeli Defense Forces / Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Исроил ва ҲАМАС ташкилоти ўртасида тузилган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш ҳақидаги келишувни олқишлади. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш келишувни «тўғри йўналишдаги муҳим қадам» деб атади. 22 ноябр, чоршанба куни БМТ веб-сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, у «кўпроқ нарса қилиш керак»лигини таъкидлади.

Ҳужжат матнида қайд этилишича, келишувга Қатар воситачилигида, шунингдек, Миср ва АҚШ кўмагида эришилган. БМТ уни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва Ғазо секторидаги гуманитар вазиятга «ижобий таъсирини» кучайтириш учун «барча имкониятларини сафарбар қилишга» ваъда берди.

ЖССТ: пауза Ғазога кўпроқ ёрдамни хавфсиз етказиб беришга имкон яратади

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан ҳам олқишланди. Тўрт кунлик пауза Ғазо секторига кўпроқ гуманитар ёрдамни хавфсиз етказиб бериш имконини яратади, деб таъкидлади ЖССТ бош котиби Тедрос Адҳаном Гебрейесус ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.

Шу билан бирга, у эришилган келишувлар «тинч аҳолининг азоб-уқубатларига барҳам бериш» учун етарли эмаслигини таъкидлади. «Қолган гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ҳаракатлар давом этиши керак ва яна бир бор такрор айтаманки, асирликда бўлганлар барча зарур тиббий ёрдам билан таъминланиши шарт», деди Гебрейесус. У Ғазо секторида тинч аҳоли «барқарор», «хавфсиз» ва «кенг кўламли» ёрдам олиши учун ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 14 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид