Жаҳон | 14:01 / 27.11.2023
4285
2 дақиқада ўқилади

Meta матбуот котиби Энди Стоун Россияда қидирувга берилди

«Медиазона» хабарига кўра, Meta компанияси матбуот котиби Энди Стоун Россияда терроризмни тарғиб қилиш моддаси бўйича сиртдан жиноий таъқиб қилинмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Россия Ички ишлар вазирлиги Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларига эгалик қилувчи Американинг Meta корпорацияси матбуот котиби Энди Стоунни федерал қидирувга берди. Бунга 26 ноябр, якшанба куни уни маҳкама маълумотлар базасида аниқлаган «Медиазона» интернет-нашри эътибор қаратди.

Нашр маълумотларига кўра, Стоун номи ёзилган карточка ИИВ қидирув базасида 2023 йилнинг февралида пайдо бўлган. Ноябр ойи ўрталарида Россия судларидан бири уни терроризмни тарғиб қилиш моддаси бўйича сиртдан ҳибсга олишга қарор қилди, деб ёзади «Медиазона».

Meta’га қарши жиноий иш

Худди шу моддага кўра, Россия Тергов қўмитаси 2022 йил 11 мартда компаниянинг Facebook ва Instagram’нинг украиналик фойдаланувчиларини «эгаллаб олувчилар ўлими»га чақирувчи постлар учун блокламаганлиги сабабли Meta’га нисбатан жиноий иш қўзғатган. Стоун Meta матбуот котиби сифатида қарорни эълон қилган эди. 

«Россиянинг Украинага кириши натижасида биз одатда зўравонликка ундаш ҳақидаги тақиқимизни бузадиган сиёсий ифода шаклларига вақтинча рухсат бердик», — дейилади Стоун Twitter’да эълон қилинган баёнотда. Постлар ва шарҳлар энди ўчирилмайдиган иборага мисол сифатида Стоун «эгаллаб олувчилар ўлими» шиорини келтирган. 

Россияда Facebook блокланиши

2022 йилнинг 4 мартида Роскомнадзор Россияда Facebook, шунингдек, бир қатор оммавий ахборот воситалари, жумладан DW’ни блоклагани ҳақида эълон қилди. 14 март куни Россияда Instagram’га кириш чекланди. 2022 йил 25 ноябрда Россия Адлия вазирлиги Meta’ни Россия ҳукумати томонидан фаолияти «экстремистик» деб топилган ташкилотлар реестрига киритди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид