Жаҳон | 11:56 / 27.11.2023
7205
3 дақиқада ўқилади

Санкциялар туфайли Россия 76 та йўловчи самолётларидан айрилган

Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг жорий этилган ғарб санкциялари туфайли Россия 76 та йўловчи самолётларидан айрилган. Бу ҳақда РБКга РФ транспорт вазири Виталий Савелйев маълум қилган.

Москванинг Домодеово аэропортидаги самолётлар. Фото: dzen.ru

«Бизни самолётларни тортиб олиш қарори билан эсанкиратиб қўйишди. Умуман олганда, биз техник тураргоҳларда турган, чет элларда техник хизмат кўрсатилаётган ёки қандайдир рейсни амалга оширишга ҳозирлик кўраётган 76 та йўловчи самолётларидан айрилдик. Уларни шунчаки хатлашган», — деган вазир. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Россияда 1302 та самолёт бўлиб, уларнинг 1167 таси йўловчи ташийди.

Россиядаги йўловчи самолётланинг ярмидан кўпи хорижда ишлаб чиқарилган, Россия авиаташувчлар уларни лизингга харид қилишган. Россиядаги хорижий самолётларнинг 67 фоизи Бермуд ороллари ёки Ирландияда қайддан ўтган эди. Уруш бошлангач уларнинг парвозга яроқлилик сертификатлари бекор қилинган.

Бунга жавобан РФ президенти Владимир Путин Россияда хориждан лизингга олинган самолётларга ҳуқуқ рўйхатдан ўтказишга рухсат берган. 2022 йилнинг мартида Савелйев миллий реестрга 800 дан зиёд самолёт ўтказилганинни маълум қилган эди. Ўшанта траспорт вазири «биз ўзганинг мулкини эгаллаб олдик», деган эди. Ўтган йилнинг июнида вазир Россия авиакомпаниялари самолётларни ҳибсга олмайдиган 11 та давлатга парвозларни давом эттиришини айтган эди.

РФ транспорт вазири Виталий Савелйев

Савелйевнинг маълум қилишича, Россия лизингга берувчилар билан самолётларни бутунлай харид қилиш тўғрисида келишиб олишга ҳаракат қилмоқда, лекин улар музокарага киришмаяпти. Вазирга кўра, Россия самолётларни қайтариб бера олмайди, чунки бу «ўзини авиацияси қолдиришни англатади».

Россиянинг Украинга кенг кўламли босқинидан сўнг АҚШ, Европа Иттифоқи ва бир қатор бошқа давлатлар ўз осмонларини Россия самолётлари учун ёпишганини эълон қилди; Airbus ва Boeing компаниялари Россия авиакомпанияларининг самолётларига хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисм етказишни тўхтатишди; самолётларни лизингга етказувчи айрим компаниялар россиялик авиаташувчилар билан ишлашдан бош тортишди. Шундан сўнг Росавиация мамлакатдаги авиакомпанияларга хорижга амалга оширилаётган барча юк ва йўловчи ташиш қатновларини «ҳаво кемаларининг хорижда ушланиши ёки ҳибсга олиниши таҳдиди юқорилиги туфайли» тўхтатишни тавсия қилди.

Туркия божхона ва савдо вазирлиги Россия ва Беларусдан 40 га яқин самолётга хизмат кўрсатиш ва ёқилғи қуйишни тақиқлади. Бу АҚШ савдо вазирлигининг саноат ва хавфсизлик бошқармасининг экспорт амалиёти тўғрисидаги хатига кўра амалга оширилган. 

Мавзуга оид