Ўзбекистон | 14:43 / 30.11.2023
7046
2 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Саидов Дэвид Кэмерон билан учрашди

Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.

Фото: Telegram / Бахтиёр Саидов

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов буюк британиялик ҳамкасби Дэвид Кэмерон билан учрашди. Учрашув Шимолий Македония пойтахти Скопе шаҳридаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Вазирлар кенгашининг 30-йиғилиши доирасида бўлиб ўтган.

«Буюк Британиянинг ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича Давлат котиби этиб тайинланган Дэвид Кэмерон жаноблари билан учрашиб, Ўзбекистон – Бирлашган Қироллик ҳамкорлигининг асосий йўналишларини муҳокама қилишдан мамнунмиз. Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларимизни барча соҳаларда мустаҳкамлаш борасида келгусидаги саъй-ҳаракатлар, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича таклифларни ҳам кўриб чиқдик», – деб ёзади Бахтиёр Саидов.

Маълумот учун, Дэвид Кэмерон 2010-2016 йилларда Буюк Британия бош вазири бўлган, 2023 йил ноябр ойи ўрталарида мамлакат ташқи ишлар вазири этиб тайинланганди.

Бахтиёр Саидов ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи билан учрашди.

«Жаноб Мекаччининг яқинда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунларига тўхталиб, келгуси йиллар учун ҳамкорлик режаларини белгилаб олдик», – деди ТИВ раҳбари.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ЕХҲТнинг озчиликлар бўйича Олий комиссари Қайрат Абдраҳмонов билан учрашди. У билан ЕХҲТ маконида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик тамойилларини илгари суриш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди.

Бахтиёр Саидов Канада ташқи ишлар вазирининг парламент котиби Роб Олифант билан эса Ўзбекистон ва Канада ўртасидаги ҳамкорликнинг фойдаланилмаган салоҳияти, икки томонлама кун тартибини кенгайтириш учун улкан имкониятлар ҳақида суҳбатлашди.

Мавзуга оид