21:24 / 01.12.2023
9401

Банк карталаридан пул ўғирланишига қарши чоралар белгиланди

Мобил иловаларда янги рўйхатдан ўтган фойдаланувчининг маблағ ўтказиш имкониятини 1 соатгача чеклаш режалаштирилган. Карта эгасига унинг профилига кирилгани ҳақида дарҳол SMS-хабар юборилади. Идентификация мақсадида SIM-карта, қурилманинг IMEI-коди, IMSI, DeviceID ва бошқа маълумотлардан фойдаланиш жорий этилади.

Фото: Getty Images

«Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида» президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан тасдиқланган «йўл харитаси»га кўра, 2024−2025 йилларда тўлов тизими операторларида транзакцион антифрод тизими ҳамда банклар ва тўлов ташкилотлари сессион антифрод тизимларидан фойдаланиш учун Марказий банкда марказлашган антифрод тизим жорий этилади.

Бундан ташқари, Марказий банкда замонавий биометрик идентификация тизимини қўллаган ҳолда мижозларни идентификация қилиш тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларида SIM-карта, мобил қурилма IMEI-коди, интернет тармоғи (роуминг) орқали маълумотларни идентификация қилиш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Банклар ва тўлов тизимларининг мобил иловаларидаги хавфсизлик даражасини ошириш учун янги рўйхатдан ўтган фойдаланувчининг маблағ ўтказиш имкониятини 1 соатгача чеклаш режалаштирилган. Асосий фойдаланувчига унинг профилига кирганлик ҳақида дарҳол SMS-хабар юбориш ва мобил қурилмалар хусусида IMEI, IMSI, DeviceID ва бошқа қўшимча маълумотларни йиғиш белгиланмоқда.

«Йўл харитаси»да фойдаланувчиларнинг SMS-хабарлар орқали олинадиган бир марталик (one time password) паролларини ҳимоя қилиш механизмини жорий этиш, шунингдек, банк карталаридан маблағларни ўғирлаш ҳолатлари ҳақида келиб тушаётган мурожаатлар бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни (блоклаш ва бошқалар) кўриш таклиф этилган.

Бундан ташқари, банк карта маълумотлари интернет тармоғида тарқалиши бўйича хабардор қилиш ва мониторинг қилиш мақсадида замонавий дастурий воситаларни жорий этиш режалаштирилган.

Top