Ўзбекистон | 16:34 / 01.12.2023
37554
3 дақиқада ўқилади

Блогер Олимжон Ҳайдаров 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Суд блогерни Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбдор деб топган ҳамда жазоларни қўшиш йўли билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, Олимжон Ҳайдаровнинг ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифа ва каналларини ўчириш белгиланди.

Фото: Kun.uz

1 декабр куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида блогер ва жамоатчилик фаоли Олимжон Ҳайдаровга оид жиноят ишини кўриб чиқиш, якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси А. Эргашев эълон қилган ҳукмга кўра, О. Ҳайдаровнинг айбловидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди чиқарилди.

Ҳайдаров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми «а» банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги О. Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилди.

Шунингдек, жабрланувчи С. М.га жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундириш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмагани сабабли, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқи мавжуд.

Фарғоналик блогер ва жамоатчилик фаоли Олимжон Ҳайдаров бугун, жорий йил 29-июль куни ҳуқуқ тартибот органлари томонидан товламачиликда гумонланиб қўлга олинган эди. ИИБ у Қўқондаги бозор ҳақида салбий мазмундаги мақолани чиқармаслик учун пул талаб қилганини айтган. 

10 октябр куни блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан терговни якунлаб, иш Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судига ўтказилди. Товламачиликда гумонланиб қўлга олинган блогерга тергов давомида туҳмат ва ҳақорат қилиш айбловлари ҳам қўйилган эди.

Мавзуга оид