Жаҳон | 10:04 / 02.12.2023
11095
7 дақиқада ўқилади

Ғазоликлар қишни қандай ўтказади? Улар кўчириладими?

Гарчи қаттиқ совуқ бўлмаса-да, ёғингарчилик билан кечадиган қиш палаткаларда яшаётган ғазоликларнинг аҳволини оғирлаштиради. Сектордаги биноларнинг катта қисми яшашга яроқсиз аҳволда. Айни пайтда Исроил ва уни қўлловчи айрим давлатларда Ғазо аҳолисини бошқа давлатларга кўчириш ҳақида гап-сўзлар бўлмоқда.

Айрим манбаларда АҚШ Конгресси аллақачон бундай йирик миграция лойиҳаси бўйича таклиф тайёрлагани ҳақида ёзилмоқда. Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромов Kun.uz'га берган интервюсида мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Ғазо аҳолисини кўчириш эҳтимоли қай даражада?

— Ғазо аҳолисини кўчириш бугун пайдо бўлган масала эмас, тарихда ҳам бу масала бир неча марта кўтарилган. Фаластинликларни кўчириш ва кўчишга мажбурлаш ҳолатлари кузатилган. 1948 йилдаги Исроил ва араблар тўқнашувида 700 минг фаластинлик, 1967 йилда эса 300 минг фаластинлик ўзи яшаб турган жойдан чиқишга мажбур қилинган. Кейинги урушларда ҳам бундай ҳолатлар бўлиб турган.

БМТнинг сўнгги эълон қилинган 2019 йилдаги маълумотларига кўра, фаластинлик қочоқлар сони 5 млн 600 мингдан зиёд. БМТ қошида фаластинлик қочоқлар билан шуғулланувчи агентлик ҳам ташкил этилган, шунинг ўзи ҳам фаластинлик қочоқлар масаласи анча жиддий эканини кўрсатади.

Юқорида айтганимдек, тарихда фаластинликларни кўчиришлар бўлган, бундан жабр кўрган давлатлар ҳам бўлган, масалан, Иордания, Миср. Бу сафарги сценарий бошқачароқ бўляпти, яъни Яман, Ироқ, Миср, Туркия ҳудудлари эҳтимоли айтиляпти.

2023 йил ҳолатига Сурияда тахминан 438 минг фаластинлик бор, Иорданияда 2 млндан ошиқ, Ливанда эса 489 минг атрофида фаластинлик қочоқлар яшайди. 2014 йилдаги Суриядаги инқироз, фуқаролар уруши бошланиши, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида тахминан 30 минг фаластинлик Иорданияга ўтган. Иорданияда 10-13 та аҳоли лагерида фаластинлик қочоқлар яшайди. Улар асосан БМТ қошидаги фаластинлик қочоқларга ёрдам бериш агентлиги томонидан берилган гуманитар ёрдамлар эвазига яшайди. Қочоқларнинг 18 фоизи Иордания фуқаролигини ола олган, қолганлари эса ҳали ҳам қочқин мақомида яшамоқда.

Иордания ўзи иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлмаган давлат, ички муаммолари етарли. Шунинг учун фаластинлик қочоқлар уларга оғир юк бўлади. Суриядаги қочоқларнинг эса 80 фоизи қашшоқликда яшайди, гуманитар ёрдам олса ҳам, булар етарли бўлмаяпти.

Аҳолини чиқариб юбориб, Ғазони бомбардимон қилиш ҳақидаги тахминлар бор эди. Бунга Туркия йўқ дея олиши мумкин, лекин бошқа давлатлар босимлар оқибатига рози бўлиши мумкинми?

— Миср президенти Сиси фикрига кўра, Ғазоликларни ўз ерларидан чиқариб юбориш “Фаластин иши”нинг тугаши бўлади, яъни бу конфликт Исроил фойдасига ҳал бўлишини англатади.

Кўчириб юбориб, бомбардимон қилиш масаласи. Билмадим, 2,5 млн аҳолини бирданига бошқа жойга кўчириш дунё тарихидаги энг катта миграция жараёнларидан бири бўлади ва ўта ҳалокатли натижаларга олиб келади. Ҳозирги ҳолатда Исроил ва АҚШ бундай режага эга деган тахминлар бор, буни амалга ошириш учун маълум бир ҳаракатлар бошланган.

Миср бунга кўнадими, деган масала бор. Уруш бошидан бери Сиси ғазоликларни Синай яриморолига кўчирилишига қарши эканини билдиряпти. Синай яримороли Миср томонидан 9 млрд доллар фойда келтирадиган туристик ҳудудга айлантирилган. Ўзи Синай яриморолидаги бадавийлар Миср ҳукуматини хушламайди, Араб баҳори пайтида ҳам бу ерда турли қуролли гуруҳлар ташкил топган, Миср ҳукуматига анча муаммолар келтирган. Шундан сўнг Миср Ғазо ва Синай яримороли ўртасидаги ҳудудда аҳоли пунктларини бузиб, ўртада буфер ҳудуд яратган, яъни назорат қилиш учун. Бу борада Исроил ҳукуматидан ёрдам ҳам олган, Исроил разведкаси ёрдам берган бу ердаги гуруҳларни аниқлашда. Агар ғазоликлар Синайга кўчирилса, яна турли гуруҳлар пайдо бўлиши эҳтимоли катта. Бундан ташқари, шундоқ ҳам Миср иқтисодиёти оғир аҳволда, бу ҳолатда қўшимча юк керакмас уларга. Ташқи қарзлари стандартлардан ошиб кетган, ҳозирги масалада АҚШ бу бўйича музокаралар қилиши мумкин, дейилмоқда, яъни ташқи қарзини камайтириш, ички иқтисодиётни бироз яхшилаш эвазига кўчиришга кўниши мумкин.

Ироқ ва Яман эса мутлақо янги сценарий бу борада. Яманга кўчирилиш эҳтимоли жуда кам. Аммо бу вариант кўрилаётгани ҳақидаги хабарлардан хулоса қилинса, АҚШ Яман билан музокаралар ўтказаётган ва бундан натижа бўлаётган бўлиши мумкин. Яман халқи ва ҳукумати бунга кўнмаслиги эҳтимоли ҳам катта, чунки бу ерда Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” омили бор. Бу вазиятда Саудия аралашиши ҳам мумкин, чунки Яманда Саудия билан яқин гуруҳлар ҳам бор.

Ироқда барқарор ҳукумат йўқ, иқтисодий қийинчиликлар бор. Лекин ироқликлар буни қабул қилиши мумкин, яъни катта иқтисодий ёрдамлар эвазига. Лекин бу борада ҳам баҳсли ҳолатлар кўп. Чунки вазият барқарорлашгач, Ғазога қайтарилади, деган гаплар ёлғон, тарихда доим шундай бўлган. Ҳамма буни яхши билади.

Қиш кириб келди. Ғазода уйлар харобага айланяпти, инфратузилма йўқ қилинди. Энди улар қишда нима қилади?

— Бутун дунё жамоатчилигини ўйлантираётган хавотирли масала бу. Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта бундай уруш бўлиши, яъни тинч аҳолига нисбатан қўллаш мумкин бўлмаган воситалар ишлатилди, бутун дунё буни кўриб турибди. Сурия, Ироқдаги урушларда ҳам қурбонлар бундан кам эди. Ҳали бу сонлар ўсиши мумкин, афсуски. Ҳалок бўлаётганларнинг аксари болалар ва аёллар экани янада ачинарли ва фожиали.

Уруш бошланганда ҳам Исроил талаби билан аҳоли жанубга кўчган эди, лагерларда яшаяпти ҳали ҳам. Лагерларда эса қишда жон сақлаш жуда қийин масала. Ғазоликлар жуда оғир гуманитар инқирозга кириб боряпти. Бутун дунё жамоатчилиги, ташкилотлар хавотирларини билдиряпти, аммо ҳозир амалий ҳаракатлар керак. Биринчи ўринда ўт очишни тўхтатиш лозим.

Исроил ва унинг тарафдорлари содир этилаётган жиноятларнинг бадалини тўлайдими?

— Бу ҳаракатларга Исроил билан бирга коллектив ғарб ҳам теппа-тенг жавобгар. Агар улар Исроилни қўлламаганда эди, Исроил бу қадар катта талафотли урушни бошламаган бўларди. Исроилда ўнг ва миллатчи ҳукумат турар экан, Фаластин бўйича бирор ижобий ўзгариш бўлиши қийин.

Исроилда ҳукумат алмашиб, музокарага очиқ ҳукумат шакллансагина нимадир қилиш, ўзгартириш мумкин бўлади. Ҳозирча эса Қатар воситачилигидан умид қилишимиз мумкин, балки оташкесим ортидан уруш олови пасайиб борар. Вақтинчалик келишув ҳам ғазоликларнинг қишга тайёрланишига қандайдир имкон яратиши мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид