Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олти нафар бола Қатар кўмагида Россиядан Украинага қайтади
8 ёшдан 15 ёшгача бўлган бир гуруҳ болалар Қатар воситачилигида Минск орқали Украинага етказилади, дея хабар берди Доҳа. Москва олти нафар боланинг Украинага қайтишини тасдиқлади.
Қатар расмийлари болаларни Россиядан Украинага қайтаришга ёрдам берганини маълум қилди. 5 декабр, сешанба куни Қатар халқаро ҳамкорлик бўйича давлат вазири Лолва ал-Хатер Доҳа воситачилигида «яна олти нафар украиналик боланинг байрам арафасида оиласи билан бирлашиши мумкин бўлди», деди.
Унинг сўзларига кўра, гап 8 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар ҳақида боряпти. Улар дастлаб Қатарнинг Москвадаги элчихонасига олиб кетилган ва у ердан Беларус орқали Киевга йўл олади. Болаларни Украина чегарасигача қатарлик дипломатлар кузатиб боради, сўнгра улар Украина томонига топширилади. Бу Доҳа воситачилигида Россиядан Украинага қайтган вояга етмаганларнинг иккинчи гуруҳи бўлиб, биринчи гуруҳ октябр ойида олиб чиқилган.
Олти нафар украиналик боланинг Қатар ва Халқаро Қизил Хоч кўмагида Украинадаги қариндошларига топширилганини РБК’га берган интервюсида Россиянинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Лвова-Белова тасдиқлади.
Украина 20 минг бола ноқонуний равишда депортация қилинганини билдирган
Олий рада вакили Дмитрий Лубинецнинг сўзларига кўра, уруш пайтида Украинадан Россияга 20 мингга яқин болалар депортация қилингани аниқланган. Беларус ҳукумати украиналик болаларни Россияга депортация қилишга алоқадор. Беларус президенти Лукашенконинг топшириғига кўра, болалар Россия орқали Беларусга, гўёки «саломатлигини яхшилаш» учун олиб кетилмоқда.
Украина ҳудудларидан болалар Россияга ноқонуний депортация қилингани учун Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди.