Жаҳон | 11:20 / 06.12.2023
4355
2 дақиқада ўқилади

Словакиялик юк ташувчилар Украина билан чегарадаги блокадани олиб ташлади

1 декабрдан бошлаб словакиялик юк ташувчилар «Вышне-Немецке - Ужгород» назорат-ўтказиш пункти орқали юк машиналарининг ҳаракатланишини блоклаб қўйганди.

Фото: Picture Alliance

Словакияда Украинадан юк машиналарининг «Вышне-Немецке - Ужгород» назорат-ўтказиш пункти орқали ҳаракатланиши бўйича блокада тўхтатилди. Юк ташувчи транспорт воситаларини рўйхатга олиш белгиланган тартибда амалга оширилмоқда, деб хабар қилди Украина чегара хизмати 5 декабр, сешанба куни

Хабарда айтилишича, 1 декабр куни бошланган норозилик акцияси бир кун аввал маҳаллий вақт билан соат 22:00 да якунига етган. 5 декабр эрталабки ҳолатга кўра, Украинага бориш учун навбатда 625 та юк машинаси тўпланган. «Вышне-Немецке» назорат-ўтказиш пунктидаги юклама сезиларли даражада ошган, чунки кўплаб юк машиналари ҳайдовчилари Полшадаги ташувчилар томонидан ўрнатилган блокада шароитида Украинага бориш учун Словакияни танлашни бошлади, деб огоҳлантирди Украина чегарачилари.

«Вишне-Немецкое» чегара пункти очилгани ҳақидаги маълумотни Украина Жамиятлар, ҳудудлар ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги ҳам тасдиқлади. 

Шарқий Европада ташувчиларнинг норозилиги 

Европа Иттифоқи Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин трансчегаравий юк ташиш бўйича қатор қоидаларни бекор қилганидан сўнг Шарқий Европа, жумладан Полша ва Словакиядаги юк машиналари ҳайдовчилари Украина компанияларининг «ноҳақ рақобатидан» норози бўла бошлади. Шарқий европалик ҳайдовчилар украиналик ҳайдовчиларга нисбатан ёмонроқ аҳволда эканини билдирди.

Полшада Украинага юк ташиш учун энг муҳим назорат пунктларининг блокадаси ноябр ойи бошидан бери давом этмоқда. Немис компаниялари акция туфайли катта йўқотишлар ва етказиб беришдаги узоқ кечикишлар ҳақида шикоят қилмоқда – Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси (Ost-Ausschuss der Deutschen Wirtschaft) маълумотларига кўра, етказиб бериш муддатлари уч баравар, транспорт харажатлари эса икки ёки тўрт бараварга ошган. Ишлаб чиқариш жараёнларидаги узилишлар, товар ва хомашё етишмаслиги оқибатида зарар миллионлаб долларни ташкил этади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид