Жаҳон | 22:58 / 07.12.2023
9869
2 дақиқада ўқилади

Арманистон ва Озарбойжон тинчлик битими тузиш ниятини тасдиқлади 

Озарбойжон 32 арман аскарини, Арманистон икки Озарбойжон аскарини озод қилди. 

Фото: Getty Images

Ереван ва Боку икки давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш йўлида аниқ қадамлар қўйишга келишиб олди, дейилади Арманистон бош вазири девони ва Озарбойжон президенти маъмуриятининг қўшма баёнотида. 

«Арманистон ва Озарбойжон минтақада узоқ кутилган тинчликка эришиш учун тарихий имконият мавжудлигини тан олади. Иккала давлат ҳам муносабатларни нормаллаштириш, суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларини ҳурмат қилиш асосида тинчлик битимини тузиш ниятларини тасдиқлайди», деб баёнот матнини келтирди Interfax. 

Унда қайд этилишича, «Арманистон бош вазири девони ва Озарбойжон президенти маъмурияти ўртасидаги музокаралар натижасида икки давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш йўлида аниқ қадамлар қўйиш бўйича келишувга эришилди». 

«Озарбойжон инсонпарварлик қадриятларидан келиб чиққан ҳолда ва хайрихоҳлик белгиси сифатида 32 нафар арман ҳарбий хизматчисини озод қилди. Ўз навбатида, Арманистон ҳам инсонпарварлик қадриятларига амал қилган ҳолда ва хайрихоҳлик белгиси сифатида икки нафар Озарбойжон ҳарбийсини озод қилди», дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, Арманистон хайрихоҳлик белгиси сифатида Озарбойжоннинг Иқлим ўзгариши бўйича БМТ доиравий конвенцияси (COP29) иштирокчилари конференциясининг 29-сессиясига мезбонлик қилиш таклифини қўллаб-қувватлайди ва ўз номзодини қайтариб олади. 

Шунингдек, таъкидланишича, Арманистон ва Озарбойжон «яқин келажакда ишончни мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича мунозараларни давом эттиради ва халқаро ҳамжамиятни бу саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга чақиради, бу эса икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шу билан бирга бутун Жанубий Кавказ минтақасига ижобий таъсир кўрсатади».

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид