Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ХВЖ Украинага яна 900 млн долларлик траншни маъқуллади
Украина иқтисодиёти барқарор бўлиб чиқди, ҳукуматнинг моҳирона сиёсати ва ташқи ёрдам туфайли макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик сақланиб қолди, деди ХВЖ раҳбари.
Украина Халқаро валюта жамғармасидан (ХВЖ) 900 миллион доллар миқдоридаги молиявий ёрдамнинг навбатдаги қисмини олади. Бу ХВЖ ижроия кенгаши Украина учун кенгайтирилган ёрдам дастурини (EFF) иккинчи қайта кўриб чиқишни маъқуллагани туфайли мумкин бўлади. Тегишли баёнот 11 декабр, душанба куни жамғарманинг расмий сайтида эълон қилинди.
Шу куни Украина президенти Володимир Зеленский Вашингтонда ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева билан учрашди. «Уруш Украинага улкан ижтимоий ва иқтисодий харажатларни келтириб чиқаришда давом этмоқда. Бироқ Украина иқтисоди барқарорлигини исботлади ва Украина ҳукуматининг моҳирона сиёсати ҳамда сезиларли ташқи ёрдам туфайли макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик сақланиб қолди», - деди Георгиева учрашувдан кейин эълон қилинган баёнотда. Унинг сўзларига кўра, Украина расмийлари уруш даврида маъмурий масалаларни муваффақиятли ҳал этиб, коррупцияга қарши курашган ва бу Зеленский етакчилигининг тасдиғидир.
Зеленский ХВЖга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди
Зеленский халқаро ташкилотга «Украинани қўллаб-қувватлаб, давлат, халқ муваффақиятларини нишонлагани» учун миннатдорчилик билдирди. «Уруш пайтида институтларимизни мустаҳкамловчи ислоҳотларни амалга оширамиз ва ҳамкорлар билан халқимизга кўпроқ иқтисодий имкониятлар тақдим этамиз», — деди Украина президенти Telegram'даги мурожаатида.
«Жамғарма кенг кўламли урушга қарамай, дастур ва ислоҳотларни амалга оширишдаги ютуқларимизни қайд этди. Украина барча «маёқлар»ни, жумладан, Бюджет кодексини такомиллаштириш, солиқ сиёсатини кучайтириш ва коррупцияга қарши кураш бўйича қонунчилик ташаббусларини бажарди», - дейди Украина бош вазири Денис Шмигал.
Жорий йилнинг март ойида ХВЖ Украинага 15,6 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам пакетини тасдиқлади. Дастур Украина тўрт йил ичида олиши кутилаётган 115 миллиард долларлик каттароқ халқаро ёрдам пакетининг бир қисмидир.
Ноябр ойи бошида ХВЖ Украина учун иқтисодий ўсиш прогнозини 2023 йил охирига 4,5 фоизгача яхшилаган эди.
Мавзуга оид
22:03 / 26.06.2026
Боксчи Усик учта чемпионлик камаридан воз кечди
20:44 / 26.06.2026
«Қамалда яшаяпмиз». Қримдаги вазият оғирлашмоқда
11:00 / 26.06.2026
АҚШ Украина бўйича Аляскада келишув бўлганини рад этди
23:05 / 25.06.2026