Жаҳон | 08:04 / 20.12.2023
20394
5 дақиқада ўқилади

ОАВ: НАТОда Россиянинг эҳтимолий ғалабаси оқибатлари муҳокама қилиняпти

Bloomberg манбаларига кўра, агар Россия Украинада ғалаба қозонса, бунинг оқибатлари бутун дунёда сезилади ва 2021 йилда АҚШ қўшинлари Афғонистондан муваффақиятсиз олиб чиқиб кетилганидан анча чуқурроқ бўлади.

Фото: SERGEI CHUZAVKOV/AFP/Getty Images

Қўшма Штатлар ва Европадан молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича вазият боши берк кўчага кириб қолганидан сўнг, Украина иттифоқчилари Россия ҳаракатлари дастлабки кунларидан бери ишонишдан бош тортган нарса ҳақида ўйлашмоқда: агар Россия ғалаба қозона олса, кейин нима бўлади? Бу ҳақда Bloomberg 19 декабр, сешанба куни ёзмоқда. Украина учун потенциал фалокатли оқибатлардан ташқари, айрим европалик сиёсатчилар Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотининг Европада Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик можарода муваффақиятсизликка учраш оқибатларини «хотиржамлик билан кўриб чиқишни» бошлади, деб ёзади нашр ички мунозаралардан хабардор манбаларга таяниб. 

Уларга кўра, Россиянинг Украинадаги ғалабаси бутун дунёда сезилади, чунки АҚШ ҳамкорлари ва иттифоқчилари Вашингтон мудофаа ваъдаларининг ишончлилигига шубҳа қилишни бошлаши мумкин. Болтиқбўйи давлатларида расмийлар Украинада Россия ҳарбий кучлари мағлубиятга учрамаслиги эҳтимоли туфайли жамоатчиликни навбатдаги урушга тайёр бўлишга чақирмоқда. Муҳокама Россия «агар» ҳужум қилса нима бўлади деган саволдан, яқин вақтгача тасаввур қилиб бўлмаган нарсага аниқ тайёргарлик кўришга ўтди. АҚШ президенти Жо Байденнинг ишончли баёнотларига қарамай, АҚШ ва бошқа иттифоқчилар бир пайтлар Совет Иттифоқи таркибига кирган давлатларни ҳимоя қилиш учун ўз қўшинларини ҳақиқатан ҳам хавф остига қўядими, деган саволлар ортиб бормоқда. 

Оқибатлар Афғонистондан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин 

Bloomberg суҳбатдошларига кўра, оқибатлар 2021 йилда Афғонистондан АҚШ қўшинлари муваффақиятсиз олиб чиқиб кетилганидан анча чуқурроқ бўлади. Бундан ташқари, Доналд Трамп келаси йилги президентлик сайловларида ғалаба қозониши ва йирик алянслардан, жумладан, НАТОдан чиқиш ва Путин билан Украина бўйича келишувга эришиш ҳақидаги очиқ ваъдаларини бажариши мумкинлиги ҳали ҳисобга олинмаган.

Манбалардан бирининг ишончи комилки, Россия ғалабаси Европа Иттифоқига йўл оладиган қочқинлар оқимини келтириб чиқаради, бу мамлакатларда ижтимоий хизматларга босим кучаяди ва ЕИ аъзолари ўртасидаги зиддиятни кескинлаштиради. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Украина ҳарбийлари партизанлик тактикасига ўтиши мумкин, яъни жанглар камроқ шиддатли даражада давом этиб, Европа Иттифоқининг шарқий чегарасида беқарорлик сақланиб қолади. Яъни, Россия қўшинлари Полша, Словакия, Венгрия ва Руминия чегараларига потенциал жиҳатдан анча яқинроқ келади, Қрим эса Кремлга Қора денгизда ҳукмрон мавқени тақдим этади, АҚШ ишончли тийиб турувчи куч яратиш учун ўзининг Европа кучларига катта сармоя киритиши керак бўлади.

Байден ўз риторикасини ўзгартирди 

Bloomberg таъкидлашича, ўсиб бораётган ташвиш ҳисси етакчиларнинг оммавий баёнотларида сезилмоқда. Украина тарафдорлари ўз рақибларини ҳаётий зарур ёрдамни ички сиёсий ўйинлар гаровига айлантирмасликка чақирар экан, бу тобора кескинроқ оҳангда янграмоқда. Ирландия бош вазири Лео Варадкар ўтган ҳафта Украинага 50 миллиард евролик янги ёрдам пакетига қарши кучайган қаршиликни енгиб ўта олмаган Европа Иттифоқи саммитида: «Агар Украина Европа Иттифоқи ва АҚШдан ёрдам олмаса, у мағлуб бўлади», деди.

АҚШда президент Жо Байден ўтган ҳафта Украинани «қўлдан келганча» қўллаб-қувватлашга ваъда берди, бу аввалги ваъда - «қанча керак бўлса, шунча» риторикасидан чекинишдир. Бу тўғридан тўғри Конгрессдаги республикачиларнинг қатъий позицияси билан боғлиқ бўлиши мумкин, улар Байден АҚШ жанубий чегарасида қатъийроқ сиёсат олиб бориш талабига рози бўлмагунча, келаси йили Украинани қўллаб-қувватлаш учун 61 миллиард доллар ажратишдан бош тортди, деб ёзади агентлик. Натижада, 18 декабр куни Пентагон, агар қонун чиқарувчилар келишувга эриша олмаса, Украина учун янги қуроллар учун пул 30 декабрда тугаши ҳақида огоҳлантирган.

Киев Москва шартларига розилик беришга мажбур бўлиши мумкин 

Украинани қўллаб-қувватлаш позициясига нисбатан ўсиб бораётган ишончсизликдан ташқари, жорий ёздаги қарши ҳужумнинг умидсиз натижалари эгаллаб олинган барча ҳудудларни қайтариб олишдек очиқ эълон қилинган мақсад ҳақиқатга яқинми, деган саволларни кучайтирди. «Атлантика океанининг ҳар икки томонида Украинага ёрдам кўрсатилмаётганидан хавотир кучаймоқда ва жанг майдонида мудҳиш оқибатларга олиб келадиган боши берк кўчадан норозилик бор», деди Вашингтондаги Маршалл немис жамғармаси бошқарувчи директори Кристин Берзина. «Украина қўшимча ҳудудини ва ҳатто суверенитетини йўқотиши эҳтимоли ҳамон кун тартибида», - дейди хавфсизлик бўйича эксперт. 

Европа расмийларига кўра, деб таъкидлайди Bloomberg, агар Украина ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қуролларни олмаса, Россия кўпроқ ҳудудни эгаллаб олишга ва кўпроқ инфратузилмани йўқ қилишга интилади. Ўзини ҳимоя қилиш имконияти бўлмаса, Украина Москва шартларига кўра ўт очишни тўхтатишга мажбур бўлиши мумкин, дейди улар.

Мавзуга оид