Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қизил денгиздаги нотинчлик Ғарбга ўз таъсирини ошириш имконини берадими?
Қизил денгизда кемаларга ҳужумлар тез-тез бўлиб туради. Бу – дунё давлатларининг бу коридор ягона битта давлатнинг таъсири остида қолишининг олдини олишга интилишлари билан боғлиқ. Шу кунларда АҚШнинг Ғарбдаги иттифоқчилари билан коалиция тузаётгани Қизил денгизнинг шу минтақадаги давлатлар таъсирига тушиб қолиши фонида рўй бермоқда, дейди олим Фарҳод Каримов.
18 декабр куни АҚШ мудофаа вазири Қизил денгизда хавфсизликни таъминлаш мақсадида коалиция тузилганини эълон қилди. Бу ҳаракат Ямандаги ҳусийчиларнинг савдо кемаларига ҳужуми билан изоҳланмоқда.
Kun.uz Қизил денгиз атрофидаги геосиёсий жараёнларни шарҳлаб бериш учун “Геосиёсат” дастурига Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримовни таклиф қилди.
— Қизил денгиз атрофида қандай геосиёсий жараёнлар кетяпти?
— Қизил денгиз Яқин Шарқ минтақасидаги навбатдаги қизғин сиёсий жараёнлар бўлаётган нуқтага айланяпти. Аммо бу ердаги жараёнлар бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, шунчаки Ғазодаги вазиятдан сўнг фаоллашди. Қизил денгиз йўли азалдан Европа ва Осиёни боғловчи савдо йўли бўлган. Шунинг учун ҳам бу ҳудудга эгалик қилиш учун катта давлатлар ҳаракат қилган. Италия, Британия, Франция, Испания каби давлатлар Сувайш каналини қазишда ҳам шуни мақсад қилишган эди.
Бу йўл асосан Европа давлатларининг назоратида бўлган. Лекин кейинчалик бу минтақада бир қанча мустақил давлатлар пайдо бўлгач, янги кучлар ҳам пайдо бўлди. Бугунги кунда Саудия, Миср, Туркия ва Форс кўрфази араб давлатлари мана шу ҳудудни назорат қилишга интилади. Транзит орқали анчагина фойда кўриш ҳам бошланди.
21-асрда ишлаб чиқариш, саноат ўсиши Ғарбдан Шарққа ўтиши натижасида, бу йўлнинг аҳамияти янада ошиб кетди. Хитой маҳсулотларининг Ғарбга боришдаги асосий йўли ҳам Қизил денгиздан ўтади. Биргина Сувайш каналининг ўзидан Миср 6,5–7 млрд доллар фойда қилади. Минтақадаги ҳарбий базаларнинг ҳам асосий мақсадларидан бири – савдо йўлларини қўриқлаш.
— Ҳозирда Қизил денгизда бўлаётган воқеалар Ғазодаги уруш фонида Яман ҳусийчиларининг кемаларни гаровга олиши билан боғлиқ бўляпти. Шу борада ҳам тўхталсангиз.
— Ғазодаги вазият ҳам таъсир қилаётган бўлиши мумкин. Лекин ҳусийчилар ва Сомалидаги қароқчилар бу ердаги кемаларга аввалдан таҳдид қилиб келади. Бу ҳаракатлар эса ташқаридан молиялаштирилган, яъни ўзига хос бизнесга айланган. Ҳусийчилар замонавий дронлар билан, ўрта масофага учувчи ракеталар билан ҳужум қилди. Демак, кимдир бу ерда ҳусийчилар орқали Қизил денгиздаги хавфсизлик учун ўз ҳимоясини таклиф этмоқчи.
— Коалиция тузган давлатлар ичида Баҳрайн ҳам бор. Ҳусийчилар бизнинг ракеталар Баҳрайнга ҳам боролади, деди. Ростдан шундай бўлиши мумкинми?
— Ҳусийчилар олдинроқ Исроилга ҳужум қилоламиз, деган баёнотлар ҳам берганди. Лекин амалда ҳеч нарса кўрмадик. Ваҳоланки, бу ерда ҳусийчиларнинг энг катта душмани ва Форс кўрфазида етакчи бўлган Саудия бор, ундан ўтиб Баҳрайнга таъсир ўтказиши жуда қийин. Бу баёнот айнан Баҳрайнга ҳужумни назарда тутиб эмас, шунчаки ўзларида шундай қуроллар борлигини айтиш учун берилган.
— АҚШ коалициясининг кейинги истиқболи қандай?
— Коалиция кириб келиши аслида савдо йўлининг минтақавий давлатлар таъсирига тушиб қолиш фонида бўлди. Масалан, Саудия бу ҳудудни назоратга олишни 7-8 йил олдин бошлаганди. Бутун Қизил денгизни таъсир доирасига олиб, транзитдан фойда олмоқчи эди, шунинг учун ҳам коалицияга қўшилмади. Коалиция давлатлари бу маънода Саудия билан рақобатлашади, бунга Туркия ҳам қўшилади. Туркиянинг Сомалида ҳарбий база қуришида ҳам катта гап бор, бу база ўз кемалари назорати учун қурилганди. Бошқа кемаларни қўриқлаш билан фойда ҳам келтираётганди. Бундай даромадга ташқаридан бошқалар келиб эгалик қилиши Туркия, Саудия каби минтақа давлатларига ёқмайди.
— Қизил денгиз соҳилида Хитойнинг ижарага олинган порти ва Хитой ҳарбийлари ҳам бор. Вазиятга Пекиннинг фокуси билан қарасак.
— Хитой учун жуда аҳамиятли бу. Хитой маҳсулотларининг энг катта харидорларидан бири – Европа. Хитойдан Европагача боришдаги ҳар қандай тўсиқ эса маҳсулот таннархини оширади. Оддий мисол, кечаги ишлардан кейин суғурта компаниялари бу ерда нархларни 4 баробар оширди, ҳарбий хизмат кўрсатувчилар ҳам шундай қилди. Бу, албатта, нархга таъсир қилади ва Хитой маҳсулотларининг рақобатбардошлигини туширади. Шунинг учун Хитой ўз маҳсулотларини ўзи қўриқлашни истайди.
— Бу ҳолат ҳусийчиларнинг ролига қандай таъсир қилади?
— Озроқ кескинлашув юзага келади. Ғазодаги вазиятга позиция билдириш учун ҳам ҳусийчиларни қўллаш кучаяди ва бундан улар фойдаланишга уринади.
Ҳусийлар таҳдиди йирик давлатлар учун хавф эмас аслида, қайтага бу ерда уларнинг ҳарбий ҳимоя қилиш хизматига эҳтиёж ортади. Яъни сабабга йўл очади. Умуман, бу ерда кичик-кичик тўқнашувлар, воқеликлар бўлиб туради. Ва коалиция давлатлари бу йўл битта давлат таъсирига тушмаслиги учун ҳаракат қилади.
— Ҳусийлар ҳужумидан сўнг Исроилга юк етказиш қуруқликдан Саудия, Иордания, БАА томонидан амалга оширилди, деган хабарлар чиқди.
— Бу маршрут Ғазо муаммосидан олдин бошланган лойиҳа эди, аммо реализацияга етиб келинмаган. Ғазодаги вазият бу лойиҳани тўхтатиб қўйди. Мусулмон дунёсида Форс кўрфази араб давлатлари ва Саудия обрўсига путур етмаслиги учун бу лойиҳалар тўхтатилиб турибди.
Сиз айтаётган йўл аввалдан Қизил денгиз йўлига алтернатив сифатида мавжуд эди, Хитой товарлари ҳам ташилиши режалаштирилганди. Тўлиқ ишга тушганича йўқ ҳали. Бу ҳарбий ёрдам учун қилинган йўл эмас, юк ташиш мақсадида ишлаб чиқилган.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:23 / 11.06.2026
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
14:12 / 10.06.2026
🔴 LIVE: Кўрфаздаги кескинлик ва Киевга борган Абрамович | "Геосиёсат"
20:00 / 09.06.2026