Жаҳон | 09:51 / 21.12.2023
4221
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги университет «номақбул» китобларни сақлагани учун жаримага тортилди

Ёпиқ фондда сақланган китоблар Россияда «номақбул ташкилотлар» ҳақидаги модда ҳали мавжуд бўлмаганда нашр этилган. Суд улардан барча кутубхона карталари эгалари фойдаланиши мумкин бўлган деб ҳисоблади.

Фото: Daniel Kalker/picture alliance

Санкт-Петербургнинг Дзержинский туман суди Европа университетини фаолияти исталмаган деб топилган хорижий ёки халқаро ноҳукумат ташкилоти ишида иштирок этиш моддаси бўйича 70 минг рубл миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда 20 декабр, чоршанба куни Санкт-Петербург судларининг қўшма матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Хабарда таъкидланишича, 2023 йил 17 май куни ўтказилган текшириш чоғида университет кутубхонасида хорижий ташкилотлар – «Очиқ жамият институтига кўмаклашиш жамғармаси» (OSI Assistante Foundation) ва Вудро Вилсон Халқаро маркази бўлинмаси ҳисобланувчи «Вудро Вилсон марказининг Кеннан институти» кўмагида чоп этилган китоблар топилган. Улар Россия Федерацияси ҳудудида фаолияти номақбул деб тан олинган хорижий ва халқаро нодавлат ташкилотлар рўйхатига киритилган. Шу билан бирга, матбуот хизмати таъкидлаганидек, китоблар «кутубхона картасини кўрсатган асосий таълим ва қўшимча таълим йўналишларида таҳсил олаётган шахслар, университет профессор-ўқитувчилари ва ходимларига берилган». 

Университет айбловларга рози эмас. Унинг таъкидлашича, саккизта китоб 1997 йилдан 2004 йилгача нашр этилган ва охиргиси 2009 йилда, Россияда «номақбул ташкилотлар» ҳақидаги модда ҳали мавжуд бўлмаганда университетга берилган. Улар орасида, хусусан, Лао-Цзи фалсафаси талқинига бағишланган монография, Россияда интернетнинг ривожланишига бағишланган тадқиқот, музейлар бўйича семинар учун маърузалар тўплами бор. Россияда тегишли қонун қабул қилингандан сўнг, «номақбул ташкилотлар» кўмагида нашр этилган китоблар ёпиқ фондга жойлаштирилган ва ўқувчиларга берилмаган. Бироқ бу далил прокуратура тарафини олган судни ишонтира олмади. 

Европа университети раҳбарияти суд қарори устидан шикоят қилмоқчи. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид