Жаҳон | 18:18 / 22.12.2023
28051
8 дақиқада ўқилади

Яман ҳусийчилари кимлар ва улар нега савдо кемаларига ҳужум қилмоқда?

Яманнинг катта қисмини назорат қилувчи исёнчи ҳусийчилар Қизил денгиз орқали Исроил томонга сузувчи ҳар қандай кемага ҳужумларни давом эттиришидан огоҳлантирган.

Фото: Reuters

Ноябр ойида ҳусийчилар Қизил денгизда Исроилга тегишли юк кемасини эгаллаб олганди. Сўнгги икки ой мобайнида улар ракета ва дронлар ёрдамида бошқа бир қанча тижорий кемаларга ҳам ҳужумлар уюштирди.

Ҳусийчилар Исроил объектларига қандай ҳужум қилмоқда?

19 октябр куни, Исроилнинг Ғазода жавоб амалиёти бошланганидан кўп ўтмай, исёнчилар Исроил томонга бир қанча ракеталар ва учувчисиз учиш қурилмалари юборди.

АҚШ ўз ҳарбий кемалари Қизил денгиз устида бу объектларнинг айримларини тўхтатгани ҳақида маълум қилган. Қолган қисми Қизил денгизга ёки Миср ҳудудига қулаган.

2023 йил ноябрида ҳусийчилар Қизил денгизда исроилликлар юк кемасини эгаллагани ва уни Яман соҳилларига олиб кетишгани ҳақида хабар берди.

Исроил ўшанда кема уларники эмаслиги ва экипаж сафида бирорта исроиллик йўқлигини маълум қилган, аммо тасдиқланмаган маълумотларга кўра, кемага Исроил фуқароси эгалик қилиши мумкин.

3 декабрдан бошлаб ҳусийчилар Қизил денгизда Яманнинг ўз назоратидаги қисмидан учирилган дронлар ва баллистик ракеталар орқали бир қанча тижорат кемаларига ҳужумлар уюштирди.

Америка, Британия ва Франция ҳарбий кемалари уларнинг катта қисмини тўхтатган, аммо барибир бир неча кема шикастланган.

Дунёдаги энг йирик кемачилик компанияси бўлмиш Mediterranean Shipping Company ўз кемаларини Қизил денгизни айланиб ўтишга йўналтиргани ҳақида малум қилган. Франциянинг CMA CGM, Даниянинг Maersk, Германиянинг Hapag-Lloyd компаниялари ҳамда BP нефт компанияси ҳам шундай қарорга келган.

АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётларини бошқарувчи Centcom ҳарбий идораси шундай баёнот берган: «Бу ҳужумлар Ямандаги ҳусийчилар томонидан амалга оширилаётган бўлса ҳам, улар тўлиғича Эрон томонидан қўллаб-қувватланмоқда».

АҚШ савдо кемаларини ҳусийчиларнинг келгусидаги ҳужумларидан муҳофаза қилиш учун ҳарбий-денгиз оператив гуруҳини ташкил этишни таклиф қилган. Қўшма Штатлар ҳусийчиларни террорчи гуруҳлар рўйхатига киритиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.

Ҳусийчилар кимлар ва улар нимага эришмоқчи?

Ҳусийчилар — Ямандаги қуролланган гуруҳ бўлиб, мамлакатдаги шиа озчилиги — зайдилардан иборат.

Гуруҳ 1990-йилларда ўша вақтдаги президент Али Абдулла Солиҳнинг коррупцион режимига қарши курашиш учун яратилган.

Улар ўз номини ҳаракат асосчиси Ҳусайн ал-Ҳусийдан олишган. Улар шунингдек ўзларини «Ансар Аллоҳ» ёки «Аллоҳ партизанлари» деб ҳам аташади.

АҚШ 2003 йилда Ироққа бостириб кирганида ҳусийчилар шундай шиорни қабул қилишган: «Аллоҳ буюк. АҚШга ўлим. Исроилга ўлим. Яҳудийларга лаънат ва исломга ғалаба».

Улар ўз ҳаракатини ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ» билан биргаликда Исроил, АҚШ ва бутун ғарбга қарши Эрон бошчилигидаги «қаршилик ўқи»нинг бир қисми сифатида кўришади.

Бу ҳусийчилар исроилликларнинг Қизил денгиздаги кемаларига ҳужумларини изоҳлайди, дейди Европа тинчлик институтининг Яман бўйича эксперти Ҳишом ал-Умайсий.

«Энди улар чиндан ҳам империалистларга қарши, ислом миллатлари душманларига қарши курашмоқда, — дейди у. — Бу уларнинг қалбида акс-садо берди».

Ҳусийчилар Яманнинг катта қисмини қандай эгаллаб олишган?

Ҳусийчилар 2014 йил бошида президент Али Абдулла Солиҳдан кейинги давлат раҳбари Абдраббо Мансур Ҳодийга қарши кўтарилган исёндан кейин Яманда катта сиёсий кучга айлана бошлади.

Собиқ душмани Солиҳ билан келишувга эришгач, улар уни яна ҳокимиятга қайтаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Ҳусийчилар Яман шимолидаги Саъд провинцияси устидан назорат ўрнатишди, 2015 йил бошида эса мамлакат пойтахти Санони эгаллаб, президент Ҳодийни хорижга қочиб кетишга мажбур қилишди.

Ҳусийчилар Яман президенти Абдраббо Мансур Ҳодийни (чапда) ағдариш ва Али Абдулла Солиҳни (ўнгда) лавозимга қайтаришга уринганди. Фото: AFP

Қўшни Саудия Арабистони президент Ҳодийни ҳокимиятга қайтаришга уриниб, ҳарбий интервенция амалга оширди. Ўшанда буни Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн қўллаб-қувватлади.

Аммо ҳусийчилар уларнинг ҳужумларини қайтарди ва Яманнинг катта қисмини назорат қилишда давом этишди.

2017 йилда Али Абдулла Солиҳ саудияликлар томонига ўтишга уринганида ҳусийчилар томонидан тутиб олиниб ўлдирилди.

Ҳусийчиларни кимлар қўллаб-қувватлайди?

Ҳусийчилар Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» шиалар гуруҳидан намуна олган.

Американинг «Терроризм билан кураш маркази» тадқиқот институтига кўра, «Ҳизбуллоҳ» 2014 йилдан ҳусийчиларга жангчиларни тайёрлашда ёрдам бера бошлаган ва ўзидаги бой ҳарбий тажрибани улар билан бўлишган.

Ҳусийчилар Эронни ҳам ўзининг асосий иттифоқчиси деб билади, чунки Саудия Арабистони — уларнинг умумий душмани.

Теҳрон ҳусийчиларга қурол-яроғ етказиб беришда гумон қилинади.

Ямандан 2022 йилда БАА пойтахти Абу-Дабига учирилган дрон қолдиқлари. Фото: Getty Images

АҚШ ва Саудия Арабистони ҳусийчилар 2017 йилда Ар-Риёдни ўққа тутишда фойдаланган баллистик ракеталар Эрон томонидан етказиб берилганини иддао қилади. Ўшанда ракеталарни уриб туширишга муваффақ бўлинганди.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони Эронни ҳусийчилар 2019 йилда саудларнинг нефт объектларига ҳужум қилишда қўллаган қанотли ракеталар ва дронларни ҳам етказиб беришда айблаган.

Ҳусийчилар Саудия Арабистони бўйлаб, шунингдек БААдаги нишонларга сон-саноқсиз миқдорда ўрта масофага ҳаракатланувчи ракеталар учиришган.

Бундай қуроллар етказиб бериш БМТнинг бундай фаолиятга нисбатан эмбаргосига зиддир. Эрон ҳусийчиларга қурол етказиб беришини рад этади.

Ҳусийчилар қанчалик қудратга эга ва Яманнинг қанча ҳудудини назорат қилади?

Мамлакатнинг расмий ҳукумати — Президент бошқарув кенгаши ҳисобланади, президент Абдраббо Мансур Ҳодий 2022 йил апрелида ўз ваколатларини ушбу кенгашга ўтказган. Кенгаш қароргоҳи Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда жойлашган.

Яман аҳолисининг аксар қисми ҳусийчилар назорати остидаги ҳудудларда яшайди. Фото: Reuters

Аммо Яман аҳолисининг аксар қисми ҳусийчилар назорат қилаётган ҳудудларда истиқомат қилади. Исёнчилар мамлакат жанубий қисмида солиқ йиғади, шунингдек ўз пулини зарб этади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳусийчилар ҳаракати бўйича эксперт Аҳмад ал-Баҳрийга таяниб маълумот беришича, 2010 йил ҳолатига ҳусийчиларнинг тарафдорлари сони 100 000 мингдан 120 000 минггача бўлиб, уларнинг бир қисмини қуролланган отрядлар ташкил этарди.

БМТ 2020 йилда яманлик исёнчилар томонидан ёлланган болалардан 1500 нафарга яқини ҳарбий ҳаракатлар чоғида ҳалок бўлганини маълум қилган, 2021 йилда ҳам бундай қурбонлар сони юзлаб бўлган.

Ҳусийчилар Қизил денгиз соҳилининг катта қисмини назорат қилади ва шу ердан туриб денгиздаги кемаларга ҳужумлар уюштиради.

Ал-Умайсийга кўра, бундай ҳужумлар уюштира олиш имконияти улар учун Саудия Арабистони билан музокараларда асосий кузир бўлади.

«Саудияликларга Қизил денгиздаги Боб-эл-Мандаб бўғозини ёпиб қўйишга қодирлигини кўрсатиш орқали ҳусийчилар ён беришни талаб қилган ҳолда босим ўтказмоқда», — дея қайд этган у.

Мавзуга оид