Жамият | 20:57 / 24.12.2023
34115
4 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: 74 ёшида ҳам сартарошлик қилаётган отахон

Абдуҳошим отани Марғилон шаҳрида кўпчилик танийди. Нуроний отахонга соч-соқол олдириш учун ҳатто қўшни туманлардан келишади. 58 йилдан бери сартарошлик қилаётган Абдуҳошим ота мижозларининг ҳурматини жойига қўяди. Сартарошхонанинг мўъжазгина ошхонасида уларга текинга шўрва қуйиб беради.

“Кўплаб уламоларимизнинг соч-соқолларини олиб, улардан дуо олиб келяпман. Сартарошлик менга отакасб, бешинчи авлодман. Ўғлим ҳам сартарош, ёнимда туриб касбимни давом эттиряпти. Сартарошликдан ташқари болаларни хатна ҳам қиламан.

Ёш ўтган сари соғликдаям муаммолар бўларкан. Яқинда “ворикоз”дан даволандим. Бел оғриғи, оёқ оғриқлари бўлиб туради. Лекин касбни давом эттириш керак, одамларга хизмат қиламиз шундай бўлса ҳам. Фарзандлар, невараларни дуо қилиб юриш ярашади бу ёшда, ҳар бандага шундай кунлар насиб қилсин.

Худога шукр, деярли бутун водийда танишади. Қизиқ воқеалар ҳам бўлиб туради. Баъзи кишиларнинг аёли яна шу кишига соч-соқолингизни олдиринг, яхши оларкан, деб атай ёнимга жўнатишаркан. Ишимни яхши бажарганимдан бу.

Олдин бошқа жойда эди ишхонам. У ер бузиладиган бўлиб қолди. Бузишиб, пулини беришди, кейин бепул ўзлари янги жой беришди шунча йиллик касб ҳурматим учун. Илгари ҳозиргидай аппаратлар бўлмасди, устараларимиз тиғи ҳам алмаштириладиган эмасди. 30 тийинга соқол, 50 тийинга соч олардик. Сартарошликда катта маблағ тушмайди, лекин доимий тушум бўлади, бемалол яшашга етади.

Шу касбимиз ортидан кўпчилик билан танишдик. Катта домлалар, олимлар тўйларимизда меҳмон бўлади, ҳурмат қилиб келишади. Ўз даврида марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳам соч-соқолини олганман. Шоҳимардон ёки Марғилонга йўли тушса соч-соқолини менда олдириб кетарди.

Абдуҳошим ота шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан

Сартарошхонада суҳбат қуриб қоладиган мижозларим учун қозонга шўрва ташлаб қўяман доим, бир пиёла чойимиз, овқатимиз бўлади. Тушлик қилиб, гурунглашиб, хурсанд бўлиб кетишади. Ҳаммаси беминнат. Шўрва учун пул олмайман, албатта.

Ҳозир энди иш сийраклаб қолган. Ўзимнинг мижозларим бор, келиб туришади. Ойига 1 млн сўмча айланиб туради, 750 минг пенсия ҳам оламан. Ўзи менга пул керакмас, шу невараларимга тутгани бўлиб турса бўлгани. Мижозларга бунча берасан деб туриб олмайман, ўзлари кўнгилдан чиқариб бериб кетишаверади. Баъзиларининг соч соқолини бепул олиб қўяман шароити оғирроқ бўлса. Савоб учун уйида ётиб қолган кишиларнинг ҳам соч-соқолини олиб қўяман бориб. Ўзи сартарош бўлиб кам бўлмайди киши. Баракаси бор, шукр. 2 ўғил, 3 қизим, невараларим бор.

Сартарошликдан тушган кунлик пулларни тўплаб новвос парваришлаймиз. Уни семиртириб сотиб, яна ўрнига янгисини олиб боқамиз. Қадрдон мижозларим учун сартарошхонанинг мўъжазгина ошхонасида доим шўрва қайнаб туради”, дейди нуроний сартарош отахон.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид