Хитойнинг Яқин Шарқдаги манфаатлари: Пекин нега Фаластинни қўллаяпти?
ХХР Ғазодаги уруш бошланганидан буён бир неча марта Исроилни ўт очишни тўхтатишга чақирди. Расмий Пекин узоқ йиллардан бери Фаластин давлати тузилишини қўллаб-қувватлаб келади. Хўш, бу қўллов замирида қандай манфаатлар ётибди? “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Хайрулло Умаров шу ҳақда сўз юритди.
— Бугунги Ғазо инқирозида Хитой позициясига ва ҳаракатларига қандай баҳо бериш мумкин?
Хайрулло Умаров: — Бошқа қудратли давлатлар қатори Хитой ҳам ўз чиқишлари билан эътиборга тушди. Уруш бошланган кунларда Хитой муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш масаласини илгари сурди. Хитой БМТ резолюцияларига кўра, Исроил давлати билан биргаликда Фаластин давлати тузилишига ҳам алоҳида эътибор қаратади, бу борада таклиф ҳам берган. Хитой асосан ҳуманитар инқирозга алоҳида эътибор беради; қурбонлар сони аллақачон 25 мингга етди. Хитой томони айтадики, агар уруш бўладиган бўлса, халқаро ҳуқуқ доирасида бўлиши, тинч аҳоли хавфсизлиги таъминланган бўлиши керак, дейди. Ҳуманитар ёрдам йўлакларини очишни ҳам илгари суради.
Бундан ташқари, Хитой АҚШ, ЕИ давлатларидан масалани жиддийлаштирмасликни, воқеликка нисбатан холисона ёндашишни сўрайди, чунки ахборот уруши ҳам кетяпти. Хитой бу масалани БМТ доирасида ҳал этиш учун Хавфсизлик кенгашига мурожаат ҳам қилди, унга кўра, масала тинч йўл билан ҳал қилиниб, Фаластин ва Исроил миллий суверенитети эътироф этилиши керак.
Фарҳод Каримов: — Хитойга Яқин Шарқда тинчлик керак. У бу минтақада асосий ўйинчи эмас, 3-томон бўлиб қатнашади. Хитой учун Яқин Шарқда асосан хомашё омили туради. Хитойга 45 фоиз нефт импорти айнан Яқин Шарқдан бўлади. Суюлтирилган газни ҳам асосан шу минтақадан олади, бу эса Хитой саноати учун керакли.
Хитой ҳар доим 1967 йилги чегараланиш бўйича Фаластин давлати бўлишини қўллаб келган. Шу йўл билан араб давлатлари билан яқинлигини ҳам билдириб келган. БМТ доирасида ҳам Исроил кўтарган масалаларни қўлламаган. Шу йили июн ойида ФАТҲ ташкилоти билан стратегик ҳамкорлик шартномасини ҳам имзолаган, бу ҳам Хитой позициясини очиб беради.
Хитой мусулмон араб давлатларини қўллаётганига биринчи сабаб – энергия ресурс масалалари бўлса, иккинчи сабаб – Хитойдаги мусулмонлар. Яъни Форс кўрфази араб давлатлари Хитой ичидаги мусулмонларни қўлламаслиги, моддий каналлар юзага келмаслиги учун ҳаракат қилади.
Яна бир омил, Хитой Исроилга нисбатан муносабатларни АҚШ призмаси билан кўради, шунинг учун Исроилни ўзига яқин давлат сифатида ололмайди, табиийки иккинчи томонга хайрихоҳлик билдиради.
Бундан ташқари, Форс кўрфази араб давлатлари Хитой учун асосий бозор сифатида шаклланяпти, охирги 20 йил ичида Саудиянинг савдо айланмаси АҚШ ва ЕИдан кўра Хитой билан кўпроқ ошган. Бундай катта бозор шаклланган давлатларга қарши позиция билдириш Хитойга катта йўқотишлар олиб келади.
Бу минтақа бозори Ҳиндистон учун ҳам муҳим, шунинг учун рақобатда бўлади икки давлат. Шу нуқтайи назардан Хитой аниқ позиция билдиради доим. Хитой Фаластин масаласида ФАТҲ билан алоқалар юритади, ҲАМАС билан алоқалари йўқ.
— Хитойнинг Яқин Шарқдаги икки ҳамкори – Эрон ва Саудиянинг Ғазо бўйича позицияси фарқли, шунингдек, Европа давлатларида ҳам шундай. Бу Хитой билан ҳамкорликда катта аҳамиятга эга эмасми?
Хайрулло Умаров: — Бугунги халқаро муносабатлар тизими яҳудий қадриятлари асосида ташкил топган. Хитой буни эътиборга олади. Лекин мусулмон олами билан алоқаларда ҳам мушоҳадали сиёсат олиб боради. Саудия ва Эрон муносабатлари яхшиланиши Хитой дипломатиясига катта имкониятлар яратади. Буни АҚШ ва Исроил вакиллари ҳам билади ва келгусида Яқин Шарқда Хитой ҳам асосий ўйинчилардан бирига айланиши мумкинми, деган масалани ўртага чиқаришади.
Фарҳод Каримов: — Ҳар қандай ташқи сиёсат миллий манфаатларга кўра шаклланади. Минтақадаги асосий кучлар бўлмиш Саудия ва Эрон муносабатлари Форс кўрфази ва Яқин Шарқдаги муҳитни белгилаб беради. Хитой эса иккаласи билан ҳам яқин муносабатда. Хитой учун бу икки давлат ўртасида зиддият бўлмаслиги, минтақада тинчлик бўлиши керак.
2019 йилда ҳусийчилар дрон орқали Саудия нефт конларига ҳужум қилганда дронлар Эронники бўлиб чиққан ва ҳарбий ҳолат эълон қилиниб, уруш бўлишига бир бахя қолганди. Шунда Хитой дипломатияси бунинг олдини олганди. Ўтган йили Саудия ва Эрон Хитой воситачилигида дипломатик муносабатларни тиклади.
Хитой учун бу ерда уруш бўлмагани яхши. Агар бу ерда конфликт юзага келса, бошқа кучлар минтақага янада мустаҳкамроқ ўрнашиб олишга ҳаракат қилади. Бу эса Хитой манфаатларига тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам Хитойга барқарор ва тинч Форс кўрфази, умуман Яқин Шарқ минтақаси керак.
Хитойга коммунистик партия келмагунча яҳудийлар билан ҳам алоқалар яхши бўлган. Яҳудий инвесторлар Шанҳайда меҳмонхоналар қуришган. Коммунистлар эса яҳудийларни сиқиб чиқариб, уларнинг бизнесларини миллийлаштиради. Шундан бери Хитой ва Исроил муносабатлари фақат иқтисодий, жуда ёмон эмас, йиллик 22 млрд долларлик савдо айланмаси бор, жуда катта сумма бу.
Хитой қатъий равишда Фаластин давлати ташкил топишини қўллайди. Саудия ва Эрон позицияларини ҳам рад этмаган ҳолда ёндашади, икки ҳамкорини йўқотиб қўйишни истамайди.
— Қизил денгиздаги воқеалар сабаб Хитойдан экспорт қилинувчи маҳсулотларни ташиш нархи кўтарилган. Лекин Пекин Вашингтон бошчилигидаги Қизил денгиз коалициясига қўшилмади. Нега? Ахир Хитой учун доим иқтисод сиёсатдан устун бўлмаганми?
Хайрулло Умаров: — Ростдан ҳам Хитой учун иқтисодий манфаатлар доим устун бўлган. Аммо бугунги кунда Хитой сиёсий масалаларга ҳам эътибор қаратмоқда. Дейлик, ташқи ишлар вазири Ван И ҳам ЕИга борганда Фаластин давлати ташкил этилиши масаласини кўтаради. Аммо ЕИнинг позицияси маълум.
Хитойда аналитик марказлар анча кучайган. Алоҳида яҳудийшунослик марказлари ҳам очилган. Совуқ уруш пайтида АҚШ СССРни қандай ўрганган бўлса, Хитой ҳам шундай йўл тутяпти. Энди Хитой ўзининг иқтисодий ричагларини сиёсий ричагга айлантириб таъсир ўтказмоқда.
Фарҳод Каримов: — Барибир Хитой учун биринчи ўринда иқтисод туради. Чунки Хитой ҳозир шу даражада кўп маҳсулот ишлаб чиқаряптики, уларни тезроқ сотиб эгасига етказиб бермаса, катта иқтисодий, ижтимоий муаммоларга дучор бўлади. 10 фоиз Хитой маҳсулотлари Европага Қизил денгиз орқали боради. Бу жуда катта миқдор.
Ўтган суҳбатда айтганимиздек, Хитой Қизил денгиз бўйида ҳарбий база очган, шунинг учун ҳам коалицияга қўшилмади, чунки ўзининг кучи етади кемаларини ҳимоя қилишга. Бундан ташқари, Қизил денгиз бўйидаги Саудия, Миср каби давлатлар билан алоқалари яхши, ҳарбий кемалари ҳаракатланишига тўсиқ деярли бўлмайди.
Исроилга юборилаётган юкларнинг хавфсизлиги коалиция тузилишидан асосий мақсад экани айтилди. Бу ҳам бир сабаб, чунки Хитой Фаластинни қўллайди. Бундан ташқари, агар коалицияга қўшилса, мусулмон ва араб давлатлари ўртасидаги обрўси тушиши мумкин. Чунки Ғазодаги вазият бутун ислом цивилизацияси билан боғлиқ. Шундай бир ҳолатда Хитой бундай иш тутиши тўғри бўлмайди, буни билади у, шу сабабли бу ҳарбий коалицияга қўшилмади. Ва: “Биз Исроил кемаларини ҳимоя қилмаймиз, бундан бош тортамиз, Ғазодаги ишларни қўлламаймиз”, деган баёнот берди. Бу иши таҳсинга сазовор, Хитой минтақада асосий ўйинчи бўлмаса-да, унинг позицияси муҳим барибир.
Асосийси шуки, Хитой ҳарбийлаштиришдан бош тортди. Коалициядан 3 та давлат чиқиб кетди, чунки бу коалициядан мақсад ҳусийчилардан ҳимоя эмаслигини тушуниб қолишди. Бу ерда Қизил денгизни ҳарбий назоратга олиш масаласи турибди. Яъни коалициянинг мақсади кемаларни ҳимоя қилиш ёки ҳусийчиларга қарши туриш эмас. Шу томондан Хитойнинг бунга қўшилмагани яхши бўлган.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:37 / 23.11.2024
Politico: Хитой иқлим сиёсати пойгасида АҚШ ва ЕИдан ўзиб кетди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024