Исроил Ғазо секторидаги қуруқлик амалиётини кенгайтирмоқда
Исроил қуруқликдаги юришларини кенгайтирмоқда ва фаоллаштирмоқда – сўнгги кунларда амалиёт исроиллик ҳарбийлар ҲАМАС аъзолари яширинганини тахмин қилаётган Ғазо сектори марказий қисмидаги қочқинлар лагерига ҳам тарқалди.
Шу кунларда Исроил ҲАМАС билан уруш бир неча ойга чўзилиши мумкинлиги ҳақида расман огоҳлантирганди.
БМТ сўнгги кунларда исроилликларнинг авиазарбалари оқибатида учта қочқинлар лагерида ўнлаб кишилар ҳалок бўлгани тўғрисида тарқалган хабарлардан кейин жиддий хавотир билдирган.
Жанубда, Хон Юнис шаҳри ҳудудида ҳам оғир жанглар олиб борилмоқда.
Ғазо сектори соғлиқни сақлаш вазирлиги 11 ҳафтадан буён давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар чоғида ҳалок бўлганлар сони 21 минг кишидан ошгани – уларнинг аксар қисми аёллар ва болалар экани ҳақида маълум қилган.
Ғазо секторининг марказий қисмида нималар бўлмоқда?
Фаластин нашрлари маҳаллий расмийлар ва гувоҳларга таяниб хабар беришича, Ғазо сектори бўйлаб ўтган тунда ҳам давом этган зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакиллари бўлган ўнлаб кишилар ҳалок бўлган.
Марказий туманлар ва бир қанча лагерлар кучли бомбардимонга учрагани хабар қилинган. Фаластин ахборот агентликлари Ал-Нусейратда бир неча киши ўлими ва ўнлаб кишилар жароҳатланишига олиб келган зарбалар, шунингдек Ал-Мағозийда қизлар учун мактабга зарба оқибатида беш киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқатган.
Маҳаллий аҳоли вакиллари Reuters агентлигига Ал-Бурайж лагеридан шарқда ва шимолда шиддатли жанглар кетаётгани ҳақида хабар беришган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси (OHCHR) «Чегара билмас шифокорлар» (MSF)нинг якшанба куни Исроил авиазарбаси оқибатида шифохоналардан бирига 131 жасад олиб келингани ҳақидаги ҳисоботига таянган ҳолда сектор марказидаги аҳоли зич яшайдиган лагерлар бомбардимон қилинишидан хавотирда эканини билдирган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шунингдек, Ғазо марказидаги учта лагерни бирлаштирувчи барча йўллар вайрон бўлгани, фаолият кўрсатаётган бошпаналар ва шифохоналар тўлиб-тошгани ва ресурслар етишмовчилигидан азият чекаётганини, «ҳалокатли гуманитар вазият оғирлашиб бораётгани» ҳақида огоҳлантирган.
Исроилнинг изоҳи
Исроил мудофаа кучлари расмийси Даниэл Ҳагари сешанба куни кечқурун Исроил армияси «ҳарбий ҳаракатларни Марказий лагер сифатида танилган ҳудудга қадар кенгайтиргани»ни маълум қилди.
ЦАҲАЛ шунингдек сешанба куни маҳаллий аҳолига секторнинг шарқий чегарасидан соҳилга қадар чўзилган ҳудуддаги ўндан ортиқ марказий туманларни, жумладан Ал-Бурайж ва Ал-Нусейрат лагерларини ҳам тарк этиш тавсия этилгани ҳақида маълум қилди.
Ўз навбатида ЦАҲАЛ бош штаби бошлиғи Герци Ҳалеви ҲАМАСга қарши ҳарбий ҳаракатлар «мураккаб ҳудудлар»да олиб борилаётгани ва шу туфайли бу яна бир неча ойга чўзилиши мумкинлигини қайд этган.
«Террорчи ташкилотни тубдан йўқ қилиш учун астойдил ва қатъий курашишдан бошқа сеҳрли ёки қисқа йўл йўқ, шунинг учун биз жуда ва жуда қатъиймиз. Биз ҲАМАС раҳбариятига ҳам етиб борамиз», – дея қўшимча қилган у.
Мавзуга оид
09:17 / 24.11.2024
Исроил Байрутга зарба берди. Камида 20 киши ҳалок бўлган
10:30 / 23.11.2024
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024