Жаҳон | 10:02 / 04.01.2024
10869
3 дақиқада ўқилади

Германия фаластинликларни Ғазодан кўчириш ғоясини қоралади

Исроил миллий хавфсизлик ва молия вазирлари урушни ғазоликларни сиқиб чиқариш ва ҳудудни эгаллаш имконияти сифатида кўрди.

Фото: Mohammed Dahman / AP

Исроил ҳукумати аъзоларининг фаластинликларнинг Ғазо секторидан кўчирилишини қўллаб-қувватловчи баёнотлари «на мантиқий, на фойдали» ва Берлин уларни «энг кучли шартларда рад этади», деди Германия ТИВ вакили 3 январ, чоршанба куни.

Унинг сўзларига кўра, Германия мустақил Фаластин давлатини яратишни Яқин Шарқдаги можарони ҳал этишнинг ягона барқарор модели деб ҳисоблашда давом этмоқда. «Биз бунга амал қиламиз ва узоқ муддатли нарса устида ишламоқдамиз», деб таъкидланди Германия ташқи ишлар вазирлигида.

Франция ва АҚШда ҳам бу ғоя танқид қилинди

Франция ташқи ишлар вазирлиги худди Германия каби реакция билдириб, исроиллик вазирларнинг баёнотларини «провокацион, масъулиятсиз ва кескинликни қўзғатувчи» деб атади. Париж исроиллик сиёсатчиларни бундай баёнотлар қилишдан тийилишга чақирди. 

«Фаластинликлар ўз ерларида қаерда яшаши Исроил ҳукуматига боғлиқ эмас. Ғазо сектори ва унинг аҳолиси келажаги Исроил билан бирга тинчлик ва хавфсизликда мавжуд бўлган ягона Фаластин давлатида», - дея маълум қилди Франция ташқи ишлар вазирлиги.

«Қўшма Штатлар Исроил вазирлари Бецалел Смотрич ва Итамар Бен-Гвирнинг фаластинликларни Ғазо секторидан ташқарига кўчиришни қўллаб-қувватловчи сўнгги баёнотларини рад этади, - деди Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер. - Бу ғазаблантирувчи ва масъулиятсиз риторикадир». 

Аввалроқ Исроил миллий хавфсизлик вазири Бен-Гвир уруш «ғазоликларнинг кўчирилиши»ни осонлаштириш имкониятини берганини айтган бўлса, молия вазири Смотрич агар Исроил ҳамма нарсани тўғри қилса, «фаластинликлар чиқиб кетади, биз эса Ғазо секторида яшаймиз» деганди. Давлат департаменти Исроил ҳукумати ва бош вазир Бенямин Нетаняҳу бундай баёнотлар давлатнинг расмий позициясини акс эттирмаслигига бир неча бор ишонтирганини таъкидлади.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 22 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид