Киев 2024 йилда 37 млрд долларлик молиявий ёрдамга муҳтож
Бош вазир Украинанинг ташқи молиялаштиришга бўлган эҳтиёжини 37 миллиард долларга баҳолади, бу 2023 йилда жалб этилган маблағдан камроқ.
Украинанинг 2024 йилда ташқи молиялаштиришга бўлган эҳтиёжи 37 миллиард доллардан (34 миллиард евро) ошади, деди бош вазир Денис Шмихал 3 январ, чоршанба куни ҳукумат йиғилишида.
«Биз ҳамкорларимизнинг ритмик, барқарор ва ўз вақтида ёрдам беришига умид қиламиз», — деди бош вазир. Унга кўра, 2023 йилда Украина 42,6 миллиард доллар ташқи молиялаштиришни жалб қилган. Ушбу маблағларнинг 27 фоизи грант маблағлари ҳисобидан олинган. Шмихалнинг қайд этишича, мамлакатни қўллаб-қувватлаш бўйича етакчилар Европа Иттифоқи, АҚШ, ХВЖ, Япония, Канада, Буюк Британия ва Жаҳон банки бўлди.
Бош вазирнинг айтишича, Украина ўз бюджети даромадларини, биринчи навбатда, божхона ва солиқ тушумларини оширмоқда. Бу кўрсаткич 1,1 триллион гривнадан (26 миллиард евро) ортди. «Биз бу маблағларнинг барчасини хавфсизлик ва мудофаага йўналтирмоқдамиз. Бу йил ҳарбий хизматчиларга тўловлар учун 750 миллиард гривнадан кўпроқ маблағ сарфлашни режалаштирмоқдамиз. 265 миллиард гривнадан ортиқ маблағ қурол сотиб олиш, ишлаб чиқариш ва таъмирлашга сарфланади», - деди Шмихал.
Киев ғарб ёрдамисиз иш ҳақи тўланмаслиги хавфи ҳақида огоҳлантирди
Декабр ойи охирида Украина 2024 йил бошида давлат бюджетини тўлдиришнинг «жуда юқори ноаниқлиги» туфайли халқаро молиявий донорлар билан шошилинч учрашув ўтказишга интилаётгани маълум бўлди. Украина бош вазири Денис Шмихал донорларни мувофиқлаштириш гуруҳига йўллаган мактубида асосий бюджет эҳтиёжларини қоплаш учун январ ойида молиявий ресурслар олиш зарурлигини таъкидлаган.
Шмихал донорларни 2024 йилда узоқ муддатли вазифалар - урушдан кейинги тикланиш ва мамлакат иқтисодиёти учун ресурсларни мувофиқлаштиришга эмас, балки Украинага зудлик билан ёрдам кўрсатиш - ҳукумат ишини қўллаб-қувватлаш, ўқитувчилар, давлат хизматчилари ва пенсионерларга тўловлар учун маблағ ажратишга эътибор қаратишга чақирди. Украина бош вазири, шунингдек, январ ойида донорлар учрашувини ташкил этишга чақирди. «Ижтимоий эҳтиёжларимизни қондириш учун биз мартгача кута олмаймиз», дейилади мактубда.
Украинага ғарб давлатларидан ташқи молиявий ёрдам кўрсатилмаслиги 500 минг давлат хизматчиси ва 1,4 миллион ўқитувчининг маошлари, шунингдек, 10 миллион пенсионерга бериладиган тўловлар кечиктирилишига олиб келиши мумкин, дея огоҳлантирди мамлакат иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко.
Мавзуга оид
12:17 / 13.11.2024
Киев ЕПни Россиядан болаларни қайтаришда ёрдам беришга чақирди
10:13 / 11.11.2024
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
14:04 / 06.11.2024
Киев КХДРнинг Россияга ҳарбий ёрдамига қатъий жавобни талаб қилмоқда
14:40 / 30.10.2024