Эквадорда телеканалга ҳужумдан кейин жиноий тўдаларга қарши уруш эълон қилинди
Эквадор президенти жонли эфирда телеканалга уюштирилган ҳужум фонида мамлакатда ички қуролли можаро ҳақида эълон қилди. Вазият маҳаллий наркобарон қамоқдан қочиб кетганидан кейин кескинлашди.

Фото: Marcos Pin/AFP/Getty Images
Эквадорнинг Гуаякил порт шаҳрида 9 январ, сешанба куни қуролланган шахслар тўғридан тўғри эфир вақтида TC Televisión давлат телеканалига бостириб кирди ҳамда бир неча журналист ва ходимларни гаровга олди. Жонли эфир тўхтатилмади, аммо суратга олиш майдончасидаги чироқлар ўчирилиб, бақириқлар, ўқ овозлари ва ходимлар калтакланаётгани эшитилган.
TC янгиликлари координатори ва мухбири Леонардо Флорес Моренонинг Reuters агентлигига айтишича, ҳужумчилар қабулхонага бостириб кириб, телеканал ходимларига ҳужум қилган ва «динамит қўйган». Икки киши жароҳатланган, шундан сўнг трансляция тўхтатилган. Кейинроқ полиция «тартиб ўрнатилгани»ни ва ҳужумчилардан 13 нафари қўлга олинганини маълум қилди.
Президент ички қуролли тўқнашув ҳақида маълум қилди
Телеканалдаги воқеадан кўп ўтмай ва Эквадорда бандитизм кучайгани муносабати билан мамлакат президенти Даниэл Нобоа барча жиноий гуруҳларни йўқ қилишга буйруқ берди. Сешанба куни кечқурун эълон қилинган фармонда у «ички қуролли можаро» режимини эълон қилиб, қуролли кучларга йигирмага яқин жиноий ташкилотларга қарши операция ўтказишни буюрди. Фармонда Эквадорда фаолият юритаётган жиноий тўдалар йўқ қилиниши лозим бўлган террорчи ташкилотлар ва уруш қатнашчилари деб аталади.
Эквадорда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Бир кун олдин, қамоқхоналарда зўравонлик авж олган бир пайтда, президент Нобоа мамлакатда 60 кунлик фавқулодда ҳолат ҳақида эълон қилди. Бу даврда мамлакатда соат 23:00 дан 5:00 гача комендантлик соати жорий этилади.
Шундан сўнг Эквадорда дарҳол бир нечта қуролли ҳужумлар содир бўлди, улар давомида камида тўрт нафар полициячи ўғирлаб кетилди. Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Гуаякил мэри Акилеса Алвареснинг 9 январ куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, кун давомида шаҳарнинг турли жойларида содир этилган ҳужумларда камида саккиз киши ҳалок бўлган, икки киши яраланган.
Катта жиноий гуруҳ раҳбари қамоқдан қочиб кетди
Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинишига ҳибсхоналарда юзага келган тартибсизлик сабаб бўлди. Жиноий гуруҳлар қамоқхоналарда шиддатли жанглар уюштирган, қўриқчиларни гаровга олган. «Лос Чонерос» катта жиноий тўдаси раҳбари, «Фито» лақабли наркобарон Адолфо Масиас қочишга муваффақ бўлди, деб хабар берди қамоқхона расмийлари.
Умуман олганда, сўнгги йилларда Эквадорда зўравонлик даражаси кескин ошди. 2022 йилда бу кўрсаткич Лотин Америкасидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлди: ҳар 100 минг аҳолига - 25 та қотиллик. Кўплаб тўлиб-тошган қамоқхоналар жиноий ташкилотлар томонидан назорат қилинади ва у ерда жиноий гуруҳлар ўртасида кўпинча жиддий тўқнашувлар кузатилади.
Қўшни давлатлар Эквадор билан чегарага қўшин юбормоқда
Эквадорда рўй бераётган воқеалар муносабати билан қўшни давлат Перу ички ишлар вазири Виктор Торрес Фалкон мамлакатда бандитизм кучайиб бораётган бир пайтда хавфсизликни кучайтириш учун Эквадор билан чегарага полиция кучларини «зудлик билан» жўнатишни буюрди. Бу ҳақда мамлакат давлат ИИВ ижтимоий тармоқларда хабар берди. Перу ҳукумати зўравонликни қоралади ва президент Нобоани тўлиқ қўллаб-қувватлаб чиқди. Парагвай ҳукумати ҳам Эквадор билан бирдамлик билдирди.
Даниэл Нобоа аввалроқ фавқулодда вазиятдан қуролли кучларни «тўлиқ сиёсий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш» учун фойдаланиш ниятида эканини тушунтирган эди. У октябр ойида давлат раҳбари этиб сайланди ҳамда сўнгги йилларда АҚШ ва Европага кокаин етказиб бериш бўйича асосий марказлардан бирига айланган мамлакатда наркотик жинояти ва зўравонликка қарши курашиш ниятида эканлигини маълум қилди.
Тавсия этамиз
Зеленскийдан мамнун, Россия зарбаларидан ҳафсаласи пир бўлган. Трампнинг охирги баёнотларидан асосий гаплар
Жаҳон | 16:21 / 28.04.2025
Туркиялик эркак операциядан кейин она тилини унутиб, бошқа тилда гапиришни бошлади
Жаҳон | 19:42 / 27.04.2025
Ҳаво исиб кетиши ва қурғоқчиликка тайёр туришимиз керак – Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 15:55 / 26.04.2025
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Трамп иккинчи муддатининг биринчи 100 куни якунларини мақтади
Жаҳон | 08:44
-
Электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар қанча солиқ тўлагани айтилди
Иқтисодиёт | 08:30
-
Днипрода РФ ҳужумида бир киши ҳалок бўлди, Харкивда ўнлаб одамлар жароҳатланди
Жаҳон | 08:00
-
Тошкент кўчмас мулк бозорида уй-жойларнинг ўртача нархи пасайди
Ўзбекистон | 07:59
Мавзуга оид

13:35 / 14.04.2025
Эквадорнинг амалдаги президенти сайловларда ғалаба қозонди

21:10 / 29.03.2025
АҚШ қўшинлари жиноий тўдалар туфайли Эквадорга киритилиши мумкин

16:54 / 20.01.2025
Ўзбекистон телеканаллари Туркманистонда намойиш этилади

14:30 / 14.10.2024