Ўзбекистон | 21:27 / 13.01.2024
13573
5 дақиқада ўқилади

«Цемент заводларининг экология ва генофондга таъсири ўрганилиши керак» — фаоллар

Ўзбекистонда цемент заводлари учун солиқлар 4 бараварга камайтириб берилди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг айтишича, маҳаллий корхоналар ҳам нарх, ҳам сифат рақобатида импорт маҳсулотларга ютқазаётгани учун ҳам шундай қилинган бўлиши мумкин. Блогер Қобил Ҳидиров цемент заводларининг нафақат экологияга, балки генофондга ҳам таъсирини баҳолаш ва зудлик билан чора кўришга чақирди.

Асака туманидаги цемент заводи / Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2024 йилдан бошлаб цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактош бўйича солиқ ставкаси салкам 4 баробарга: тоннасига 22 500 сўмдан 6 минг сўмгача пасайтирилди.

Ваҳоланки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йил охирида эълон қилган бюджетномада бу ставкани 2 баробарга – 22 500 сўмдан 11 250 сўмгача сўмгача туширишни режа қилганди.

Жамоатчилик фаоллари Отабек Бакиров ва Қобил Хидиров “Лолазор” подкастида Ўзбекистон бўйлаб сўнгги йилларда кескин кўпайган цемент заводлари, уларнинг экология ва инсонлар саломатлигига зарари ҳақида фикр билдирди.

Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, Антикоррупция агентлиги цемент заводларига солиқни камайтириш ҳақидаги қонунни коррупциоген экспертизадан ўтказиб бериши керак.

Соғлиқ учун зиёнли алкогол, тамаки ёки таркибида шакар миқдори юқори бўлган ичимликларга қўшимча солиқлар киритилмоқда. Лекин цемент учун солиқларнинг камайтирилиши мен учун жуда ҳам ғалати туюлди. Масъул ташкилот мутассадилари Андижоннинг Булоқбоши туманига, Фарғонанинг Ўзбекистон туманига ёки Жиззахнинг Зафаробод туманига бориб, оиласи билан 2 ойдан яшашлари керак. Ушбу ҳудудларда одам-ку майли, ўсимлик ҳам ўсмаяпти. Яна бир нарса бор, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги норматив ҳужжатларни ҳам коррупциоген омиллар бўйича экспертизадан ўтказиши керак. Жумладан, цементчиларга солиқнинг камайтириб берилишини текширувдан ўтказиш лозим. Бунақа бўлиши мумкин эмас”, – деди у.

Блогер Қобил Хидировнинг фикрича, Ўзбекистон ўз эҳтиёжлари учун керакли миқдордаги цементни қўшни республикалардан импорт қилса ҳам бўлади.

Ўзбекистон цементни импорт қилишга ўтавериши керак. Агар бозорни очиб қўйсак, Тожикистон билан Эроннинг цементи бизга етади. Шундоқ имконият бор. Тоғли ҳудудлардаги аҳолининг хўжалигини вайрон қилиш шарт эмас. Тўғри, қурилиш эҳтиёжимиз жуда катта, лекин буни қўшни республикалардан импорт қилиш орқали бемалол таъминласа бўлади. Бунга фақатгина валюта четга чиқиб кетяпти деб эмас, табиатни мувозанатда ушлаб турувчи омил сифатида ҳам қарашимиз керак”, деди у.

Отабек Бакировнинг таъкидлашича, ўзбек цементи қирғиз ва тожик цементига нарх рақобатида ҳам, сифат рақобатида ҳам ютқазаётгани учун солиқ ставкалари камайтириб берилган бўлиши мумкин.

Фаоллар охирги 5-6 йилда “болалаб” кетаётган ва аксарияти хитойлик инвесторларга тегишли бўлган янги цемент заводларига кўпроқ эътибор қаратишга чақиришди. Бу ерда Ўзбекистон иқтисодиётидан ҳам кўра, фойда қандай олинаётган бўлса, шундай офшорлар ва Хитойга олиб чиқиб кетилади. Шунингдек, бу компаниялар Хитойнинг энг арзон ва атмосфера ҳавосини катта миқдорда ифлослантирадиган технологияларини олиб келаётган бўлиши мумкин.

“Хитой ҳукумати аллақачон йирик шаҳарларидан ташқарига чиқариб юборган технологиялар Ўзбекистонга олиб кириляпти. Ишчи ўрни йўқотилиши масаласига тўхталсак, ҳеч ким бу заводларни ёпиш ҳақида гапирмаяпти. Аниқ экологик талаблар бор, нима учун улар тозалаш иншоотларини қурмайди? Нимага уларнинг лоббиси фақат ютиб чиқаверади? Экологлар билан кўришиб қолдим, уларнинг айтишича, заводларнинг устидан судда ютиб чиқиш ҳам бефойда, чунки бу қарорнинг ижроси таъминланмайди”, деди Отабек Бакиров.

Заводлар қурилаётган пайтда ҳам, ҳозир ҳам қонунчилик талабларига риоя қилингани юзасидан жиддий саволлар борлиги қайд этилди.

“Генофондга таъсири ҳам ўрганилиши керак. Ўша нарсани ҳам 3-4 йилга чўзишади, бу вақтда цемент қазиб олиш тугалланган бўлади. Пистолет бугун отилиши керак. Бу ишлар тўхтатилиши керак бўлса, ҳозир амалга оширилиши лозим. Жиззахнинг Зафаробод туманидаги аҳоли яшаш жойларини оппоқ чанг босиб кетди”, деди Қобил Хидиров.

Маълумот учун, Хитойдаги экологик ҳолатнинг ёмонлашуви фонида ҳукумат йирик саноат корхоналарини, хусусан, цемент заводларини ўз ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш бўйича фаол ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистонда йилдан йилга хитойликлар иштирокидаги цемент заводлари сонининг ошиб бораётгани ҳам ушбу стратегиянинг бир қисми бўлиши мумкин.

Kun.uz аввалроқ Ўзбекистондаги цемент заводларининг аксарияти офшордаги компаниялар ва хитойлик инвесторларга тегишли экани ҳақида ёзганди. Мамлакатдаги энг йирик цемент заводи бўлмиш “Қизилқумцемент” уч йил олдин шубҳали тарзда хусусийлаштирилган эди.

Мавзуга оид