Жаҳон | 07:44 / 15.01.2024
6369
2 дақиқада ўқилади

Исландияда вулқон отилишни бошлади

Гриндавик шаҳри ҳудудидаги аввалги вулқон отилиши бир неча ҳафта олдин - 2023 йил 18 декабрда содир бўлган.

Фото: AFP

Исландиянинг Гриндавик шаҳри шимолида вулқон отишни бошлади, деб хабар берди IMO миллий метеорология хизмати 14 январ, якшанба куни эрталаб. Кечаси ҳудудда силкинишлар кучайган ва маҳаллий вақт билан соат 3:00 га келиб ҳукумат аҳолининг эвакуация қилинишини билдирган.

Гриндавик шимолида қурила бошлаган ҳимоя тўғонларининг икки томонида ёриқлар пайдо бўлди, деб хабар бермоқда IMO. Кузатув камералари тунги вақтда лава отилишини қайд этган. 

Бу охирги икки йил ичида Исландияда бешинчи вулқон отилишидир. Гриндавик мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмидаги Рейкянес яриморолида жойлашган. Аҳолиси 4000 киши бўлиб, асосан балиқчилик билан шуғулланади. Айнан Гриндавик ҳудудида охирги қайд этилган вулқон отилиши содир бўлган - 2023 йил 18 декабрда. Ундан олдин бир неча ҳафта давом этган қатор зилзилалар содир бўлган. 

Ўшанда Гриндавик аҳолиси отилишдан бир неча ҳафта олдин эвакуация қилинди. Вазият барқарорлашганда, уларга вақти-вақти билан қисқа муддатга уйига қайтишга рухсат берилди.

Исландия орол давлати Шимолий Атлантикада Евросиё ва Шимолий Америка тектоник плиталарини ажратиб турадиган Ўрта Атлантика тизмаси деб аталадиган жойда жойлашган. Бу мамлакатда 30 дан ортиқ фаол вулқонлар мавжуд, бу - Европанинг бошқа жойларидан кўра кўпроқ. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид