Спорт | 17:45 / 15.01.2024
34338
11 дақиқада ўқилади

«Тишсиз бўлим» ва умид берувчи Файзуллаев. Сурияга қарши ўйин ҳақида

Ўртамиёна даражадаги рақиб билан ўйинда нега футболчилар ўз салоҳиятини намойиш эта олмади? Голсиз дурангдан кейин бош мураббий ҳужум чизиғидаги муаммоларни ҳал эта оладими? Журналист Қаҳрамон Асланов Элдор Шомуродовсиз қолган жамоанинг Осиё кубогидаги илк ўйинини таҳлил қилди.

Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон миллий жамоаси шанба куни Осиё кубогидаги дастлабки учрашувини ўтказди. Гуруҳ иштирокчилари ва вазият нуқтайи назаридан натижа қониқарли, зеро Ҳиндистон устидан қозониладиган ғалабанинг ўзиёқ кейинги босқичга чиқиш имкониятларини ошириб юборади. Яна бир ижобий жиҳат, майдондаги ва ўйиндан кейинги кайфият билан боғлиқки, буни Алишер Никимбаев ҳам эътироф этди – ўйин тугагач, суриялик футболчилар байрамона руҳда стадионни тарк этишган, вакилларимиз эса, дурангдан хафа экани кўриниб турган. Буни биз трансляцияда ҳам кўрдик, сўнгги дақиқалардаги вазиятлардан бири якунлангач, рақиб дарвозабони жуда катта қаҳрамонлик кўрсатгандек эмоцияни намойиш этди, шериклари уни қўллаб-қувватлашди.

Четдан қараганда, табиийки, биз ғалабадан умид қилиб, барчасига танқидий кўз билан қараймиз. Майдонда ҳаракат қилаётган футболчилар эса, Ўзбекистон уюштирган босимни, қийинчиликни таналарида ҳис қилганки, мана шундай туйғулар пайдо бўлган. Доимо биз учун осон бўлмаган ва ўз вақтида икки марта мағлуб ҳам этган, айниқса, ҳимояда тартибли ва хотиржам бўлган сурияликларни шундай ҳолатга тушириш, табиийки, ижобий жиҳат.

Аммо ўйинга бўлган тайёргарлик, баъзи футболчиларнинг спорт формаси нуқтайи назаридан истиқболда қилинадиган ишлар кўп экани кузатилгани бор гап. Айниқса, биринчи бўлимдаги ўйин жамоанинг позицион ўйиндаги камчиликларини очиб берди ва бироз умид берувчи иккинчи бўлим бўлмаганида, кайфият ҳозиргидан анча расво бўлиши табиий эди.

1-БЎЛИМ

Танланган таркиб у қадар сюрприз бўлмади. Катанец доимги 3-4-3 схемасига содиқ қолди ва майдондаги энг кутилмаган танлов – Шомуродов ўрнини Ўрунов эгаллагани бўлди. Остон марказий ҳужумчи нуқтасида Эрон билан ўйинда ҳам тез-тез пайдо бўлган ва ҳатто гол ҳам урганини унутганимиз йўқ. Аммо ўша ўйинда Шомуродовнинг ҳаракатлари туфайли «кутилмаганлик» фактори ишлаганини ҳам тан олиш керак. Сурия билан ўйинда эса Ўруновда марказда икки ҳимоячига қарши ўйнаш хусусияти ҳам, тажрибаси ҳам етишмаслиги илк дақиқалардаёқ сезилди.

Албатта, ўзимни мураббийдан ақллироқ ҳисоблашдан йироқман, бу ерда Машарипов ва Эркиновга аслида бироз бошқачароқ вазифалар берилгани, аммо бу футболчилар ишончни оқламаганига кўпроқ ишонгим келади.

Қуйидаги кадрларга эътибор беринг:

Сурия тўпни топшириб қўйди ва деярли прессинг қилмади. Ушбу шартларда ўзбекистонликларда айнан шу схема ва таркибда позицион ҳужум анча муаммоли экани кўриниб қолди. Юқоридаги суратда баъзи лавҳалар акс этган ва ишонинг, бутун бўлим давомида жуда кўп марта шундай скриншотлар олиш мумкин эди.

Уч марказий ҳимоячи билан ўйналганда қанот футболчиларидан катта тактик фикрлаш ва ақлли ҳаракатланиш талаб этилади. Яъни Машарипов ва Эркинов тўпсиз ҳолатда тез-тез марказни тўлдириши, шу орқали ҳам ҳужум бошловчиларда вариантлар кўп бўлишини таъминлаш ҳамда қанот футболчиларига очиқ зоналар пайдо қилиши лозим. Бундай ҳаракатлар кузатилмагач, ҳимоячи ва таянч яримҳимоячилари узун пасларга ёки қанотдан майда паслар орқали ҳужумни давом эттиришга мажбур бўлди. Агар қанотдаги футболчилар бир-бирини яхши тушунмаса ёки дриблинг ёрдамида жарима майдонига кириб бориш имконияти бўлмаса, қўлимизда фақат қанотдан кросс амалга ошириш қолади. Лекин кимга?

Юқоридаги суратга қаранг. Аслида оламшумул ихтиро шарт эмас, шунчаки бир неча футболчининг тўғри ҳаракатланиши орқали Сурия ҳимоясини ёриб ўтиш, ҳеч бўлмаса қийинчилик туғдириш мумкин. Шукуровда вариантлар деярли йўқ – Машарипов ва Ўрунов доиранинг ичига кириб, Отабекка осон ва самарали вариант таклиф қилиш ўрнига, кутишни афзал кўришмоқда. Эркинов негадир вазиятдан анча узоқда, ҳатто Ҳамробековда ҳам бироз олдинга ҳаракатланиб, сурияликлар схемасини бузиб юбориш имконияти бор, зеро олдинги чизиқдаги рақиб ҳужумчиси билан ҳимоячилардан бири бемалол ўйнаши мумкин.

Сурия аксарият вақтни тўпсиз ва ҳимояда ўтказганига қарамасдан, тўпсиз ҳаракатлар етарли бўлмагани боис, деярли қийналмади, катта куч ҳам талаб қилинмади улардан. Суриялик футболчилар шунчаки, ўз зонаси бўйича тартибли ҳаракатланиб, қўпол хатоларга йўл қўймаслиги етарли эди ва бу вазифани улар бехато ва осонлик билан уддалашди.

Қуйидаги кадрда Ўзбекистон жамоасининг 1-бўлимдаги ягона хавфли ҳужуми акс этган. Қаранг, аслида Сурия ҳимояда у қадар кучли эмасди, аввалги дақиқалардан фарқли бўлган биргина ҳаракат, бир футболчининг ноодатий, аслида тўғри ҳаракати жуда яхши ҳужумга олиб келди.

Эркиновнинг чизиқлар орасида очилиши натижасида рақиб ҳимоясидаги зичликка путур етди. Натижада ўйинда биринчи марта қанот футболчимиз (Алижонов) тезликда очиқ зонага кириб бориш имкониятига эга бўлди. Ҳужум Сайфиевнинг анча қулай нуқтадан хато зарба бериши билан якунланди.

ШОМУРОДОВ

Элдор Шомуродовнинг жароҳати ўйлаганимиздан ҳам қимматга тушиши мумкин экан. У таркибда нафақат энг яхши футболчи, балки ўз ҳаракатлари орқали, Катанец сўнгги йилларда мурожаат қилаётган тактика ва схема ишлаши учун ҳам ўта муҳим фигура бўлиб чиқди. 1-бўлимдаги муаммолар Ўрунов айнан Шомуродов каби ҳаракат қила олмаслигидан ҳам келиб чиққанини таъкидлаш керак. Элдор керакли вақтларда тўп учун ортга қайтиб, инсайдлар учун коридорлар очишда ҳам, дарвозага тескари ҳолатда тўпни қабул қилиб, уни сақлаб туришда ҳам анча самарали ҳаракат қила олади.

Қайсидир маънода Шомуродовнинг миллий жамоадаги ролини «Тоттенҳэм»даги Ҳарри Кейн ёки «Реал»даги Бенземаникига қиёслаш мумкин. Бу футболчилар билан жамоалари ҳужум чизиғида қўшимча креатив футболчига эҳтиёж сезмаган, «Тоттенҳэм» Кейн кетганидан кейингина Мэддисонни сотиб олди. Хуллас, агар Элдор бўлганида, балки Машарипов ва Эркиновдан кўпроқ ва ақллироқ ҳаракатларни кутиб ўтирмасдик, аксинча, Шомуродов билан бирга ўйнаганда уларда ҳам яхши имкониятлар пайдо бўлиши мумкин эди. Энди ҳужум чизиғида ким ўйнашидан қатъи назар, майдон марказида ҳаракатчан ва креатив футболчилар зарур бўлади.

2-БЎЛИМ

Иккинчи бўлимда Катанец керакли ўзгаришларни қилди. Кўрсатмалар ва Файзуллаевнинг фаоллиги эвазига энди биз марказни ҳам тўлдира бошладик.

Рақиб дарвозасига берилган илк аниқ зарба ҳам айнан марказ орқали уюштирилган ҳужум ва Аббоснинг фаоллиги ёрдамида амалга ошди.

Қуйидаги кадрга эътибор беринг. Шунчаки, Аббоснинг тўғри жойлашуви ва Ҳамробековнинг бироз олдинга чиқиши натижасида бир қанча яхши вариантлар вужудга келмоқда. Биринчидан, Файзуллаевнинг ўзи қулай жойлашган ва кейин гувоҳ бўлганимиздек, Шукуров учун унга аниқ пас бериш қийин эмас. Ҳамробеков туфайли рақиб ҳимоячиларидан бири узатманинг олдини тўлиқ тўса олмаяпти, чап қанотимизда ҳам ҳужумни давом эттириш учун вариантлар бор.

СЕРГЕЕВ

Шомуродовнинг ўрнига Ўруновнинг тушиши бизни нафақат Шомуродовдан, балки қанотда фойдалироқ бўлиши мумкин бўлган Ўруновдан ҳам маҳрум қилди. Юқорида ҳам айтилганидек, Остон оёғида тўп бўлганида кўпроқ самара келтириши мумкин. Бугунги жамоада эса, олдинги чизиқда тўпсиз ҳам ҳаракатлана оладиган, рақиб марказий ҳимоячиларини доимий босимда ушлаб турадиган ва юқоридан келувчи тўплар учун курашадиган, яъни ҳеч бўлмаса, Шомуродовнинг ярмини ижро этиб берадиган футболчи зарур.

Игор Сергеев гол ура олмади, аммо ўзига берилган қисқа вақтда бу позицияда фойдалироқ бўлиши мумкинлигини исботлади, менимча.

Биринчиси. Файзуллаевнинг юқорида тилга олинган аниқ зарбаси пайтида Сергеев дарвозага терс томонга ҳаракатланиши орқали, тўпга қарши чиқаётган ҳимоячини чалғитди. Айнан Сергеев билан чалғиган ҳимоячи Аббоснинг йўлини тўсишга ҳам кечикди. 

Иккинчиси. Сўнгги дақиқада Турғунбоев ҳисобни очиш имкониятига эга бўлган вазият. Бу ерда ҳам Аббос қанотдан тўп билан марказга кириб бораётган пайтда Сергеев аксинча, жарима майдонидан ортга қайтиб ўзини таклиф қилди ва икки ҳимоячи у билан чалғиб қолди. Табиийки, ичкаридан Турғунбоевнинг кириб боришини ҳеч ким кутмаганди. Агар Азиз ушбу узатма шу шаклда ўтишини сезганида тўпга дарвозабондан олдин етиб бориши ҳам мумкин эди.

Бундан ташқари, рақиб дарвозасига берилган иккинчи аниқ зарба ҳам айнан Сергеевга тегишли. Унинг боши билан берган зарбаси бироз кучсиз чиқди.

Менимча, олдинги чизиқда бир қатор тезкор яримҳимоячилар билан вазиятлар яратиш учун ўзаро боғламлар яхшироқ ишлаши, ҳар бир футболчининг ақлли ва фаол ҳаракатланиши талаб этилишини инобатга олсак, Сергеев билан бироз соддароқ вариантлар бўлиши кучсизроқ жамоаларга қарши ўйинда ҳам, балки кучлироқ рақиблар билан қарши ҳужумларда ҳам фойдалироқ бўлади.

САЙФИЕВ

Ўйин пайтида ва ундан сўнг энг кўп танқидгга учраган футболчилардан бири ушбу чап қанот футболчиси бўлди. Шу билан бирга, ўйиндаги икки энг хавфли вазият айнан Фаррух Сайфиев керакли пайтда керакли зонага чиқиб бориши орқали содир бўлди. 1-бўлимда умуман позицион ҳужум ишламагани эса, унинг Машарипов билан ўзаро тушунмовчиликларига ҳамда кўп ҳолларда қийин ҳолатларда тўп қабул қилиб олишга мажбур бўлганига олиб келди. 2-бўлимда ўзига бегона қанотда тўп сургани туфайли аниқ баҳо бериш қийин. Хуллас, Сайфиевнинг муваффақиятсиз ўйинига конкрет ўйиндаги ишламаган тактика сабабми ёки футболчи техник жиҳатдан ҳам (баъзи вазиятларда тўп билан оддий ҳаракатларни ҳам амалга ошира олмади) у ўз спорт формасидан узоқми, кейинги ўйиндан келиб чиқиб баҳо берган маъқул. Зеро, Катанец 3-4-3 схемасини айнан Сайфиев ва Алижоновнинг индивидуал устунликларидан келиб чиқиб танлаганини тахмин қилсак, бу икки футболчининг иккисидан ҳам айрилиб қолиш муаммоларни каррасига кўпайтириб юборади.

ХУЛОСА

Умуман олганда, биринчи ўйиннинг ўзидан келиб чиқсак, марказий ҳимоячилар (айниқса, Ҳусанов) ва 2-бўлимда майдонга тушган Файзуллаевдан бошқа ҳеч ким ўз идеал формасига яқин эмаслиги кўриниб қолди. Бунга албатта, аксарият футболчиларда ўйин амалиёти борасида муаммолар борлиги ҳам сабаб. Аввалги мусобақаларда Абрамов ва Куперда турнир олдидан узоқ муддатли йиғинлар ташкил қилиш ва жамоани яхшироқ тонусга олиб келиш имконияти Катанецдагига нисбатан кўпроқ бўлганини ҳам таъкидлаш керак. Шомуродовнинг жароҳати шу пайтгача ишлаб келган тактикага ўз таъсирини ўтказди ва Катанец энди турнир давомида энг яхши ишлаши мумкин бўлган боғламларни топишига тўғри келади. Бу ҳолатда Ҳиндистон биз учун идеал рақиб бўлади, назаримда.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид