Жаҳон чемпионати саралаш босқичида майдонга чиққан, ўзини кўрсатган, кўп меҳнати сингган футболчилар билан интервьюлар бериб боряпмиз. Навбат “Истанбул Башакшеҳир” клуби ва миллий жамоа ҳужумкор яримҳимоячиси Аббос Файзуллаевга. Биз Истанбулга сафаримиз давомида Миллий жамоамизнинг мухлислар ёқимтойига айланган футболчимиз билан эксклюзив суҳбат уюштирдик.

Миллий жамоадаги рақобат

- Мен миллий жамоага энг кичик ўйинчилардан бири сифатида борганман. Аммо барибир ўша рақобатга тайёр бўлиб бориш керак. Балки ўша пайт тайёр бўлмаган бўлишим мумкиндир, лекин катта футболда ўзингизга ишончингизни майдонда кўрсатмасангиз, бунақа рақобатни ёриб ўтиш қийин. Боз устига миллий жамоада босим ҳам кучли, тажрибалироқ ўйинчилар бор у ерда.

Футболда жой ҳеч қачон кафолатланмайди. Ўша пайтдаги ҳолатингиздан келиб чиқиб, агар яхши формада бўлсангиз, тренер лойиқ кўрса, ўйинга туширади. Агар ёмон формада бўлсангиз, терма жамоа масъулияти кучли бўлгани учун бунақа рискка ҳеч ким бормаса керак.

Россиядан Туркияга

ЦСКАда совринларни ютдик, бундан хурсанд эдим. Бироқ янги мураббий келгач, майдондаги позициямни ўзгартирди. Бу эса ўйинимда пасайиш бўлишига сабаб бўлди, деб ўйлайман. Чунки аввал унақа позицияда ўйнамаганман, ундай функцияларни бажармаганман. Шу туфайли ўсишдан тўхтадим озроқ, менимча.

Шартномам тугашига бир йил қолган эди. Фаолиятимда ўзгариш қилишни, Европада ўйнашни, еврокубокларда иштирок этишни истадим. Москвада ҳаммаси яхши эди, мени клубдагилар ҳам, мухлислар ҳам яхши кўришарди. Бироқ еврокубокларда ўйнаш, топ-5 чемпионатлардан бирига ўтиш учун трамплинни излаш истаги Туркияни танлашда муҳим роль ўйнади. Сиёсий ҳолат туфайли Россиядан янада кучлироқ жойга кетиш амримаҳол эди. Туркияда эса бундай тўсиқ йўқ.

Ҳозир бош мураббий Нури Шаҳин билан муносабатларимиз яхши, ўйин амалиёти бор. Туркиядагилимдан мамнунман.

Бошида бу ерда ҳам осон бўлмади. Мослашишга вақт керак бўлди. Боз устига Шаҳиндан аввалги мураббий мени ўйинларга туширмади. Хафа бўлдим. Кейин эса эндигина ўйинларда қатнаша бошлагач, миллий жамоада жароҳат олдим. Бироқ айбни ўзимдан қидирдим ва бу паузалар менга фойда бўлди, дейишим мумкин. Ўтириб, ҳаммасини ўйлаб олдим. Бунақаси кетмайди, дедим ўзимга ўзим.

Европа амбициялари ҳақида