Жаҳон | 21:17 / 18.01.2024
21179
6 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги можаро кенгаймоқда. Покистон Эрон бўйлаб жавоб зарбалари йўллади

Покистон Эроннинг жануби-шарқидаги Сейистон ва Белужистон вилоятлари бўйлаб ракета зарбалари йўллади, расмий Исломобод ушбу ҳудудларда террорчилар жойлашганини даъво қилган. Тўққиз киши зарбалар қурбонига айланган.

Фото: IRNA Agency

Покистоннинг ҳужуми сешанба куни Эрон томонидан йўлланган ракета зарбаларига жавоб бўлди. Ўша куни Эрон Ироқ ва Сурияда ҳам қатор нишонларга зарба берганди.

Эрон телевидениеси хабар беришича, пайшанба кунги зарба оқибатида икки эркак, уч аёл ва тўрт бола ҳалок бўлган.

Эрон ва Покистон ўртасида ракета зарбалари алмашинуви Яқин Шарқдаги умумий кескинлик кучайиши фонида рўй бермоқда.

Исроил Ғазо секторида ҲАМАСга қарши амалиётини давом эттирмоқда ва ўзининг шимолий чегараларига Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» томонидан қилинган ҳужумларни қайтармоқда.

Бу вақтда Ироқ ва Суриядаги эронпараст гуруҳлар ушбу мамлакатларга жойлаштирилган америкалик ҳарбийларга ҳужум қилмоқда. АҚШ ва Буюк Британия эса Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳамда Қизил денгиздаги халқаро савдо йўлларини хавф остида қолдирган ҳусийчиларга зарбалар йўлламоқда.

Эрон ва Покистон азалдан бир-бирини икки мамлакат чегараси атрофида ҳаракат қилувчи радикал гуруҳларга бошпана беришда айблаб келади.

Пайшанба куни Покистон ТИВ раҳбари Эрон ҳудуди ўққа тутилганини тасдиқлади. Вазирликка кўра, мамлакат ҳукумати Эронда яширинган, келиб чиқишига кўра «покистонлик жангарилар томонидан Покистонда кенг кўламли террорчилик амалиёти режалаштирилгани ҳақида ишончли маълумот»га асосланган ҳолда ҳаракат қилган.

Шу билан бирга, Исломобод зарбалар зарбалар фақат террорчиларга қарши қаратилгани ва аниқ йўллангани, Покистон ҳукумати «Эрон Ислом Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши» қайд этилган.

Покистон қўмондонлиги зарбалар дронлар ва катта масофага ҳаракатланувчи ракеталар орқали йўлланганини билдирган.

Зарбалар нишони Белужистон озодлик армияси ҳамда Белужистон озодлиги фронти гуруҳлари бўлган — булар Покистон ва бошқа қатор мамлакатларда террорчи деб тан олинган ташкилотлар ҳисобланади. Бу гуруҳлар бир неча ўн йиллардан буён Покистоннинг жануби-ғарбидаги Белужистон вилоятига мухторият берилиши учун курашиб келади.

Эроннинг ракета зарбасидан кейин Покистоннинг кўплаб шаҳарларида Эронга қарши намойишлар ўтказилганди. Фото: AFP

Жавоб зарбаси

15 январ куни Эрон Ироқ ва Суриядаги нишонларга зарбалар йўллаган, расмий Теҳрон баёнотида зарбалар ИШИД жангарилари бошпаналари, шунингдек Исроил разведка хизмати «Моссад» жосуслари жойлашган манзиллар бўйлаб берилгани айтилганди.

Эрон «Моссад»ни январ ойи бошида Кирмон шаҳрида 84 киши ўлимига сабаб бўлган портлашларга алоқадор деб ҳисоблайди.

16 январ куни эса Эрон қўшни Покистон ҳудудига ҳам дронлар ва ракеталар билан зарба берди. Теҳрондаги давлат нашрлари бу ҳудудда Эронга қарши бўлган ярим ҳарбийлаштирилган сунний «Жайш ал-Адл» гуруҳининг икки штаби нишонга олинганини маълум қилган.

Nournews нашри аниқлик киритишича, бу базалар Эрон билан чегарадаги Белужистон вилоятида жойлашган.

Аввалроқ Эрон расмийлари «Жейш ал-Адл» гуруҳи чегара ҳудудларида эронлик ҳарбийларга ҳужумлар уюштиргани ҳақида хабар берганди. Теҳрон мазкур гуруҳни террорчи гуруҳ деб билади.

Покистон ҳукумати Эроннинг ҳаракатларини ноқонуний деб атади ва зарба оқибатида икки бола ҳалок бўлиб, яна уч киши жароҳатланганини маълум қилди. Покистон ташқи ишлар вазирлигига Эроннинг ҳарбий атташеси чақиртирилиб, унга «мамлакат ҳаво кенглиги асоссиз ва ноқонуний бузиб ўтилгани» юзасидан протест топширилди.

«Зарба оқибатида бегуноҳ икки бола ҳалок бўлиб, уч қизалоқ яраланди. Бу Покистон суверенитетининг мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган бузилиши бўлиб, жиддий оқибатларга эга бўлиши мумкин», – дейилганди вазирлик хабарида.

«Янада хавотирлиси шундаки, Покистон ва Эрон ўртасида кўплаб алоқа каналлари борлигига қарамай бу ноқонуний акт содир бўлди. Покистон доимо терроризм – бутун минтақа учун умумий хавф эканини таъкидлаб, мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этишини айтиб келади. Бу каби бир томонлама ҳаракатлар яхши қўшничилик муносабатларига тўғри келмайди ва икки томонлама ишончга путур етказиши мумкин», – дея қўшимча қилганди вазирлик.

Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси машғулотларидан. Фото: AFP

Энди нима бўлади?

Таҳлилчилар фикрича, Покистоннинг жавоби икки хил оқибатга эга бўлиши мумкин: Эрон бўйлаб зарба ёки бутун минтақадаги янада катта эскалацияга олиб келади, ёки Теҳронни қўшни мамлакат билан муносабатларда тажовузкор ҳаракатлардан тийилишга мажбур қилади.

«Эрон тўғридан тўғри ҳужумлар йўллаб ва ўз таъсиридаги жосуслардан фойдаланиб бутун минтақа бўйлаб юриш қилаётган вақтда Исломободда вазиятни тўхтатиш учун яхши сабаб пайдо бўлди. Агар Покистон жавоб қайтармаганида, у навбатдаги ҳужумлар хавфи остида қоларди», — деб ҳисоблайди Вилсон маркази Жанубий Осиё бўлими раҳбари Майкл Кугелман.

Кўплаб экспертлар фикрича Покистон ҳукумати феврал ойида бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида тургани учун ҳам жавоб зарбалари беришга мажбур эди.

Бу мамлакатдаги вазият икки йил муқаддам бош вазир Имрон Хон коррупцияда айбланиб, ҳокимиятдан четлатилганидан кейин беқарорлашганди.

«Ҳукуматга жамоатчиликдан кучли босим бор. Одамлар қатъий чораларни талаб қилмоқда ва шундай ҳам қилинди. Ҳукумат қурол яланғочлашда Эрондан қолишмаслигини исботлаши керак эди», — дейди Покистоннинг собиқ мудофаа вазири, истеъфодаги генерал-лейтенант Асиф Ясин.

Унинг фикрича, буёғига зарбалар алмашинуви давом этмайди, Покистон ва Эрон яқин вақтлар ичида мулоқотни тиклаши мумкин.

Мавзуга оид