Жаҳон | 19:09 / 19.01.2024
7404
3 дақиқада ўқилади

КХДР сувости ядро синовини ўтказганини даъво қилди 

Мамлакат расмийлари «ядро каллагини олиб юришга қодир сувости дрони» синовдан ўтказилгани ҳақида хабар берди. Бундай синов ўтказилгани ҳақида бошқа ҳеч қандай далил йўқ. 

Фото: RODONG SHINMUN

КХДР ҳукумати АҚШ, Жанубий Корея ва Япониянинг шу ҳафта ўтказган қўшма машғулотларига жавобан «сувости ядро қуроли»ни синовдан ўтказганини эълон қилди. Давлат матбуоти ядро каллагини олиб юришга қодир деб ҳисобланган сувости дрони шарқий қирғоқларида синовдан ўтказилгани ҳақида хабар берди. 

BBC нашрининг қайд қилишича, бундай синов ўтказилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Шунингдек, Жанубий Корея аввалроқ КХДР сувости дронига тааллуқли маълумотлар бўрттирилганини ва синов ҳақидаги хабарлар «провокация» эканини таъкидлаган эди. 

19 январ куни Пхенян сувости дронини синовдан ўтказишга АҚШ, Жанубий Корея ва Япония ўртасидаги қўшма ҳарбий машғулотлар туртки бўлганини маълум қилди, чунки бу «минтақадаги вазиятни янада беқарорлаштиради ва КХДР хавфсизлигига таҳдид солади». 

Бунга Вашингтон, Сеул ва Токио ўз машғулотларини КХДР ўзининг ҳарбий фаоллиги ортиб бораётганига жавобан, яъни сўнгги пайтларда ядро каллаклари ва қуролларнинг янги турларини олиб юришга қодир баллистик ракеталарни тобора кўпроқ синовдан ўтказаётгани ҳақида жавоб берди ва буларнинг барчаси БМТ санкцияларини бузган ҳолда амалга оширилаётганини таъкидлади. 

2023 йил сентябрида Пхенян ядро қуролини олиб юришга қодир биринчи сувости кемасига эга эканини эълон қилган эди. Бундан аввалроқ, 2023 йил март ойида эса КХДР ядро каллагини олиб юришга қодир бўлган «Ҳиэл» (корейсча «цунами») учувчисиз сув ости дронини синовдан ўтказганини эълон қилди. 

Ушбу қурол ва унинг хусусиятлари ҳақида маълумот кам, аммо бу сувости дронлари ҳақиқатан ҳам ўтган йили намойиш этилган, аммо амалда эмас, балки ҳарбий парадда. КХДР давлат оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, бу қурилмалар душман ҳудудига сезилмасдан кириб, у ерда кучли портлаш келтириб чиқаришга қодир. 

Бироқ, ҳарбий таҳлилчиларнинг айтишича, бу қуроллар амалда расмийлар айтганидек ишлаётган бўлса ҳам, улар ядровий каллакли баллистик ракеталар каби жиддий хавф туғдирмайди. 

«КХДР илмий мудофаа салоҳияти даражасини ва бу қуроллар ҳали ишлаб чиқиш босқичида эканини ҳисобга олсак, улар ҳали жиддий хавф туғдирмаслиги мумкин», деди Ан Чанг-Ил, шимолий кореялик қочқин ва ҳозир Япониянинг Шимолий Корея тадқиқотлари халқаро институти ходими. 

2023 йилда Пхенян Ер орбитасига разведка сунъий йўлдошини муваффақиятли олиб чиққанини даъво қилди. Ким Чен Ин сунъий йўлдош Оқ уйни батафсил кўриш имконини берганини айтди. Бундай сунъий йўлдошнинг амалда ишлаётгани мустақил равишда тасдиқланмаган, бироқ КХДР Украинадаги урушни давом эттириш учун Россияга қурол жўнатиб, эвазига Россия ёрдами билан сунъий йўлдошни учирган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид