Жаҳон | 12:24 / 23.01.2024
9390
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Британия ҳусийчиларга янги зарбалар йўллади

Бу январ ойи давомида Яман бўйлаб йўлланган саккизинчи зарбалар серияси бўлди.

Фото: EPA

Пентагон АҚШ ва Буюк Британия кучлари Ямандаги саккиз нишон бўйлаб қўшма зарбаларнинг навбатдаги сериясини амалга оширгани ҳақида хабар берди.

Хабарда айтилишича, зарбалар ерости омборига, шунингдек ҳусийчиларнинг «ракета ва разведка салоҳияти»ни йўқ қилиш мақсадида йўлланган.

Ямандаги нашрлар пойтахт Сано ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ҳужумга учраганини маълум қилган.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийчилар Қизил денгиз орқали ўтувчи муҳим савдо йўналишидаги Исроилга алоқадор кемалар бўйлаб ҳужумлар уюштирмоқда.

«Бизнинг мақсадимиз ҳамон кескинликни юмшатиш ва Қизил денгизда барқарорликни тиклаш, аммо ҳусийчилар раҳбариятини яна бир бор огоҳлантирамиз: биз дунёдаги энг муҳим сув йўлларидан бирида одамлар ҳаёти ва эркин савдони ҳимоя қилишда иккиланмаймиз», – дейилади Пентагон баёнотида.

Бу АҚШнинг Ямандаги нишонлар бўйлаб саккизинчи зарбаси, шундан иккита амалиёт Буюк Британия кучлари билан биргаликда ўтказилган.

Зарбалар йўллашда Американинг USS Eisenhower авиаташувчисидан ҳавога кўтарилган қирувчи самолётлар иштирок этган. Уларга Қўшма қиролликнинг ҳарбий-ҳаво кучларига мансуб тўртта Typhoon қирувчиси қўшилган.

«Буюк Британиянинг стандарт амалиётига мувофиқ, зарбалар беришни режалаштиришда тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлиш хавфини минималлаштириш учун жуда диққат билан таҳлил ўтказилди ва бундай рискларни камайтириш мақсадида самолётларимиз олдинги зарбаларда бўлгани каби тунда бомбардимон қилди», – дейилади вазирлик хабарида.

АҚШ Марказий қўмондонлиги алоҳида баёнотида айтилишича, зарбалар нишони «ракета комплекслари ва учириш қурилмалари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, радарлар ҳамда чуқур кўмилган қурол омборлари» бўлган.

Америкалик юқори мартабали ҳарбий зарбалар юқори аниқликдаги ўқ-дориларнинг комбинациясидан фойдаланган ҳолда берилганини айтган.

Ямандаги Saba ахборот агентлиги хабарига кўра, зарбалар пойтахт Сано ва мамлакатнинг бошқа бир қанча ҳудудлари бўйлаб йўлланган, Al-Masirah телеканали эса ҳусийлар назоратидаги пойтахтдан шимолда жойлашган Ал-Дайлами ҳарбий базаси ҳам зарба нишони бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид