15:28 / 23.01.2024
32944

Ўзбекистоннинг ташқи савдоси: асосий тенденциялар

2023 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида Хитой ва Россиянинг улуши 38 фоизга етди, қўшни мамлакатларнинг улуши эса 17 фоиздан 13 фоизгача қисқарди. Йил давомида олтинсиз экспорт атиги 4,5 фоизга ўсди ва мутлақ рекорд миқдорда – 8,2 млрд долларлик олтин сотилди. Газ экспорти қарийб икки баробарга қисқарди.

Фото: Kun.uz

2023 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2022 йилга нисбатан 23,9 фоизга ошиб, 62,5 млрд долларга етган. Шундан 24,4 млрд долларлик савдони экспорт, 38,1 млрд долларлик савдони эса импорт ташкил этган. Тегишли маълумотларни Статистика агентлиги маълум қилди.

2022 йилга таққослаганда, экспорт ҳажми 23,8 фоизга, импорт ҳажми 24,0 фоизга ошган.

Ташқи савдо манфий салдоси 2,7 млрд долларга ошиб, 13,7 млрд долларга етган.

Хитой ва Россияга боғлиқлик кучайган

2023 йилда ҳам Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги бўлди. Ҳисобот даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 13,7 млрд долларга етган. Бу – республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 21,9 фоизини ташкил қилади.

Шунингдек, ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Россия (15,8 фоиз), Қозоғистон (7 фоиз), Туркия (5 фоиз) ва Жанубий Корея (3,7 фоиз) билан қайд этилган.

Ўтган йил ташқи савдода Хитой ва Россиянинг биргаликдаги улуши 37,7 фоизга етган. Солиштириш учун, бу икки давлатга қарамлик даражаси охирги тўрт йил ичида фақат ошиб бормоқда:

  • 2020 йил 33,2 фоиз;
  • 2021 йил 35,5 фоиз;
  • 2022 йил 36,4 фоиз.

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистонга чегарадош мамлакатларнинг (Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон) умумий савдо ҳажмидаги улуши 2022 йилдаги 8 млрд 24 млн доллардан 2023 йилда 8 млрд 70 млн долларгача ёки 16,5 фоиздан 12,8 фоизгача қисқарган.

2023 йил Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган топ-10 давлат:

  • Хитой – 13,7 млрд доллар;
  • Россия – 9,8 млрд доллар;
  • Қозоғистон – 4,4 млрд доллар;
  • Туркия – 3 млрд доллар;
  • Корея – 2,3 млрд доллар;
  • Туркманистон – 1,1 млрд доллар;
  • Германия – 1 млрд доллар;
  • Франция – 984 млн доллар;
  • Қирғизистон – 953 млн доллар;
  • Афғонистон – 867 млн доллар.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан фақатгина учта мамлакат – Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 17 та давлат билан манфий ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Экспорт

2023 йилда олтинсиз экспорт атиги 4,5 фоизга ўсиб, 16,2 млрд долларни ташкил этган. Яъни январ-декабр ойидаги экспорт ҳажмининг 23,8 фоизга ошиши бевосита олтин сотишнинг кўпайгани билан боғлиқ. Мазкур даврда 8,2 млрд долларлик олтин экспорт қилинган. Бу – мутлақ рекорд кўрсаткичдир.

Маълумот учун, 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2021 йилда 4,1 млрд долларлик, 2020 йилда 5,8 млрд долларлик, 2019 йилда эса 4,9 млрд долларлик олтин сотилган.

Шунингдек, умумий экспорт таркибида саноат маҳсулотларининг улуши 22,2 фоиздан 16,6 фоизгача қисқарган. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар улуши 8,3 фоиздан 7,3 фоизгача, кимёвий воситаларнинг улуши эса 6,6 фоиздан 5,4 фоизгача камайган.

Ўз навбатида, олтин экспортининг улуши 20,8 фоиздан 33,4 фоизгача, машина ва транспорт ускуналарининг улуши 4,9 фоиздан 5,3 фоизга ошган.

2023 йилда Хитойга амалга оширилган экспорт ҳажми 6,5 фоизга камайган. Туркияга маҳсулот сотиш 24 фоизга, Қозоғистонга экспорт ҳажми 2,5 фоизга қисқарган. Ўз навбатида, Россияга экспорт ҳажми 5 фоизга, Афғонистонга 13,3 фоизга ошган.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш – машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (39,2 фоиз), саноат товарлари (16,6 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,8 фоиз) ҳисобига тўғри келган.

Ўз навбатида, автомобиллар импорти 4,5 млрд долларни (74,4 фоиз) , самолётлар ва бошқа учувчи аппаратлар импорти эса 940 млн долларни (2,6 баробар ошиш) ташкил қилган.

Хитойдан импорт ҳажми 75,2 фоизга, Россиядан 5,5 фоизга, Туркиядан 6,5 фоизга, Туркманистондан 26,2 фоизга кўпайган.

Ёқилғи маҳсулотларининг экспорти ва импорти

Ҳисобот даврида Ўзбекистон 695 млн долларлик газ импорт қилган бўлиб, бу 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда 2,5 баробарга кўп. Ўз навбатида, бу даврда газ экспорти қарийб икки баробар – 57,3 фоизга ёки 530 млн долларгача қисқарган.

Шунингдек, ўтган йили 204 млн долларлик кўмир импорт қилинган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 67, 8 фоизга кўп.

Январ-декабр ойларида 121 млн долларлик электр токи сотиб олинган (камайиш – 0,3 фоиз) ва 76,6 млн доллар қийматидаги электр энергияси (камайиш – 45,8 фоиз) экспорт қилинган.

Нефт ва нефт маҳсулотларининг экспорти 27 фоизга ошиб, 297 млн долларни, импорти эса 27 фоизга кўпайиб, 1,6 млрд долларни ташкил қилган.

Top