Блогер Отабек Сатторий 2024 йил баҳорида озодликка чиқиши айтилмоқда
Қаршидаги манзил колонияга ўтказилган блогер 2021 йилда туҳмат ва товламачиликда айбланиб 6,5 йилга қамалганди. Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, у 2024 йил апрел ойи охири ёки май ойи бошида озодликка чиқади. Ҳуқуқ фаоли, шунингдек, Навоийда Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашган.
Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий яқин 2-3 ойда озодликка чиқиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.
Ташановга кўра, ИИВ Жазони ижро этиш департаменти унга Нукус воқеалари бўйича қамалган Даулетмурат Тажимуратов ва сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий билан учрашиши учун имконият яратиб берган.
Отабек Сатторий билан учрашув
Ташановнинг маълум қилишича, у 2024 йил 13 январ куни Қаршидаги манзил колонияда Отабек Сатторий билан учрашиб, унинг соғлиги яхши эканига гувоҳ бўлган.
Ҳуқуқ фаоли ўз ахборотида блогернинг 2024 йил апрел ойи охири ёки май ойи бошида озодликка чиқишини маълум қилган, лекин бу борада қўшимча изоҳлар бермаган.
“Қаршидаги манзил колонияда блогер Отабек Сатторий билан учрашув жуда яхши ўтди. Отабек аввало ўзини қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирди. Колония бошлиғининг таъкидича, апрел охири, майнинг бошларида у озодликка чиқади. Тикув цехида ишламоқда.
Манзил колония бўлгани учун ҳамма маҳкумлар қатори белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиб келмоқда. Уйидагилар, қариндошлари келиб туришибди. Омбудсманчилар кунда шу ерда, озодлик учун фақат кун санаб яшамоқда. “Қамоқдаги расмим интернетга чиқишини истамайман” деди, шу боисдан колония у билан расмимизни хизматда фойдаланиш учунгина олишди, менга беришмади”, – дейди Абдураҳмон Ташанов.
Инсон ҳуқуқлари фаолининг сўзларига кўра, Отабек Сатторий ўзига чиқарилган суд ҳукми бўйича қайта шикоят қилиш нияти йўқ.
“Тинчгина ахборот технологиялари соҳасида ишламоқчи. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни юксак салоҳиятли лидер, деб билади ва унга хизмат қилишдан ўзидан фахр туяди. Аксинча, Ташанов уни жазо муддати битгач, ўзини оқлашга уринишга чақирган”, – дейилади “Эзгулик” жамияти ахборотида.
Маълумот учун, 2021 йил 29 январ куни тезкор тадбирда қўлга олинган Отабек Сатторий жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига кўра туҳмат ва товламачиликда айбланиб, 6 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Унинг апелляция шикояти, адвокатининг Сурхондарё вилоятидан бошқа ҳудудга ўтказиш бўйича илтимосномасига асосан, Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилган. Апелляция суди Сатторийга Термизда сотиб олган икки хонадонини қайтариб бериш бўйича ҳукм чиқарган, лекин берилган қамоқ муддати ўзгаришсиз қолдирилган.
2022 йил май ойида Отабек Сатторий билан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси ўринбосари Бекзод Нурматов ҳам учрашганди.
Даулетмурат Тажимуратов билан учрашув
Абдураҳмон Ташанов 2024 йил 12 январ куни Навоийда Даулетмурат Тажимуратов билан учрашганини маълум қилди.
“Даулетмурод аввалига ўзини бироз асабий тутди. Декабрнинг 25-чисида уни жазони ижро этиш муассасаси тартибини бузганликда айблашибди. Мен унга буни ҳуқуқий йўл билан баратараф қилинг, ахир сиз ҳуқуқ ҳимоячиси бўлгансиз, судга беринг, дедим. Кўнди. Сўнг ўзига хат ва бандеролларнинг кечикиб келаётганидан, ўзининг хатлари ташқарига чиқиши қийин бўлаётганидан шикоят қилди”, – дейди Ташанов.
Унинг сўзларига кўра, Тажимуратов ўзига нисбатан адвокатлари томонидан илгари сурилаётган қийноқ иддаоларини изоҳларкан, ўзининг дастлабки терговлар даврида сочининг мажбурий олиниши жараёнида ходимларга фаол қаршилик кўрсатгани, ўз навбатида ходимлар ҳам у билан зиддиятга бориб, жисмоний куч ишлатганини таъкидлаган. Бошқа конкрет қийноқ ҳолатлари бўйича гапирмаган.
“Даулетмурат колония раҳбарларини жуда яхши одамлар, улар билан муносабатларим жуда яхши, деди. Лекин ҳамма нарса уларнинг қўлида эмас, мен жазони ижро этиш тизимини ўзгартириш бўйича кўп таклифлар беряпман, боиси қонунчиликда маҳкумлар билан узоқ муддатли учрашувлар қаттиқ тартибли колонияларда ҳам, умумий тартибдагисида ҳам, узоқ муддатга қамалган ва енгилроқ жазолиларга ҳам бир хил, деди. Маҳкумларнинг ош-овқатини яхшилаш, бошқа шароитларни тузатиш бўйича кўп гапираман, деди. Нега менга ўқишга китоблар олиб келмадингиз?” деди у”, – дея ҳикоя қилади Ташанов.
Унинг таъкидича, колонияда маҳкумларнинг яқинлари билан учрашувлар даврида назорат ҳаддан ташқари кучли, бу эса маҳкумлар ҳуқуқини камситишдек кўринади.
“Колония мамуриятини қонунлардан оғишмаслик, уларга қаттиқ риоя қилишга чақирдим. Илло, ҳамманинг кўнглини бир хилда топиш қийин, бу ерда ягона устуворлик фақат қонун-қоидаларга амал қилишга берилиши керак”, – дейди “Эзгулик” жамияти фаоли.
Эслатиб ўтамиз, Даулетмурат Тажимуратов 2022 йил июл ойидаги Қорақалпоғистон воқеалари ташкилотчиларидан бири сифатида 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.
2024 йил 5 январ куни омбудсман Феруза Эшматова у билан учрашганди.
Мавзуга оид
11:33 / 15.11.2024
“Пора катталашган сари суверенитет билан савдолашиш бошланади” – фаоллар билан суҳбат
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
18:53 / 11.10.2024
БМТ оиладаги зўравонликни тугатиш бўйича Ўзбекистон таклиф этган резолюцияни қўллаб-қувватлади
17:40 / 23.09.2024