Жамият | 08:30 / 28.01.2024
9769
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада сув таъминоти назоратчисини ҳақорат қилган шахс 10 суткага қамалди

Фарғонада уй эгаси сув бўйича қарздорликни сўраб келган назоратчи аёлни сўкиб, урмоқчи бўлгани акс этган видео тарқалганди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

«Фарғона сув таъминот» МЧЖ назоратчисини ҳақорат қилган шахсга чора кўрилди, деб хабар беради Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 25 январ куни «Фарғона сув таъминот» МЧЖ Қувасой шаҳар филиали назоратчи ходими Б.С. (аёл) «Чўлпон» МФЙ Кўктерак кўчаси 37-уйнинг ичимлик сувидан муддати ўтган қарздорликни ундириш учун борган. Шу уйда яшовчи 35 ёшли А.Г уни жамоат жойида ҳақорат қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИБ томонидан А.Г.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (майда безорилик) асосан маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилган ва қонуний қарор қабул қилиш учун жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар судига юборилган.

Суд фуқаро А.Г. нисбатан юқоридаги моддага асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид