Ўзбекистон | 10:10 / 31.01.2024
37646
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёнинг тоғли қишлоғида қарийб 1 метр қор ёғди

Қор беш кундан буён ёғишда давом этаётгани айтилмоқда.

Фото: Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳудудида жойлашган қишлоқда қалин қор ёғган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Шаҳрисабз туманининг олис тоғли ҳудудида жойлашган Кўл қишлоғида 5 кундан буён қор ёғмоқда ва унинг қалинлиги қарийб бир метрга етган.

Қайд этилишича, туман ҳокимлиги томонидан ёқилғи захираси шакллантирилиб, қишлоқ аҳолиси туман марказидан узилиб қолмаслиги учун йўллар махсус техникалар ёрдамида мунтазам қордан тозаланмоқда.

“Бу вазият аҳолининг турмуш тарзига салбий таъсир этаётгани йўқ. Туман ҳокимлигининг ташаббуси билан аҳолининг эҳтиёжлари ўрганилиб, етарли миқдорда арзонлаштирилган кўмир ёқилғиси етказиб берилган. Ижтимоий соҳа объектлари ҳам барқарор ишламоқда”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Китоб туманининг олис тоғ ҳудудида жойлашган Аспидухтар қишлоғида ярим метр қор ёғгани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, Китоб, Шаҳрисабз ва Деҳқонобод туманларининг олис тоғли қишлоқларида тез-тез қалин қор ёғиши кузатилади.

Бундан бир неча йил олдин қалин қор туфайли Кўл қишлоғига олиб борадиган йўл ёпилиб қолганди.

Шунингдек, ўтган йили Деҳқонобод туманининг олис тоғли ҳудудида жойлашган Дўконхона қишлоғида бир метр қалинликда қор ёғгани айтилганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид