Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 11 фоизга тушгани маълум қилинди
Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2023 йил давомида 14 фоиздан 11 фоизга камайгани эълон қилинди. Яъни ўтган йили ҳар ўн нафар ўзбекистонликдан бири ойига 568 минг сўмдан кам даромад топган. Аввалроқ 2023 йилда аҳоли жон бошига реал даромадларнинг ўсиши 3 баробарга секинлашгани маълум бўлганди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Статистика агентлиги 2023 йил учун Ўзбекистонда камбағаллик даражасини таҳлил қилди.
Агентлик томонидан ўтказилган 16 мингта уй хўжаликлари кузатувларига кўра, 2023 йил давомида мамлакатда камбағаллик даражаси 3,1 фоизга камайиб, йил якунида 11,0 фоизни ташкил этган.
“Жараён Жаҳон банки экспертлари томонидан текширилди”, – дея маълум қилди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги.
“Камбағалликнинг пасайиши барча вилоятларда қайд этилди. Сирдарё (19,5 фоиздан 13,8 фоизгача), Андижон (17,4 фоиздан 11,9 фоизгача) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (19,9 фоиздан 13,7 фоизгача) сезиларли даражада қисқарган.
Минимал ўзгаришлар Тошкент шаҳри (8,5 фоиздан 7,9 фоизгача) ва Бухоро (11.9 фоиздан 11,8 фоизгача), Қашқадарё (12,7 фоиздан 11,5 фоизгача) вилоятларида аниқланган”, – дейилади вазирлик хабарида. Қолган ҳудудлар бўйича кўрсаткичлар келтирилмаган.
Қайд этиш лозим, куни кеча жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2024 йилги давлат дастури лойиҳасида бу йил “камбағаллик даражасини 12 фоиздан 10 фоизга камайтириш” кўзда тутилган.
Маълумот учун, ўтган йили расмий камбағаллик чегараси йилнинг биринчи ярмида ойига 498 минг сўм, иккинчи ярмида 568 минг сўм бўлганди. 2024 йил январида бу чегара 621 минг сўм деб белгиланди.
Аввалроқ, Статистика агентлигининг аҳоли даромадлари ҳақидаги йиллик ҳисоботидан, ўтган йили аҳоли жон бошига реал даромадлар ўсиши секинлашгани маълум бўлганди. 2022 йилда 7,3 фоиз бўлган бу кўрсаткич 2023 йилда 2,4 фоизгача тушган. Хусусан, Хоразм вилоятида аҳоли жон бошига реал даромадлар 6,4 фоизга камайган. Наманган, Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ҳам аҳоли жон бошига реал даромадлар пасайган.
Бандлик вазирлиги 31 январ куни эълон қилган ахборотида 2023 йил давомида камбағалликни қисқартириш бўйича қилинган ишларни санаб ўтган.
“2023 йилда жами 4,1 млн аҳоли, шундан 2,3 млн нафари доимий ва мавсумий иш ўринларида, 112,8 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларида, 1,6 млн аҳоли ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига бандлигини таъминлашга эришилди.
Ҳоким ёрдамчилари кўмагида 241,3 минг нафар фуқароларга ижара асосида ер майдонлари ажратилди.
“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида 6 745 та тадбиркорлик субъекти билан 455,0 минг нафар аҳолини бадлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Шунингдек, 472 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳаларига 10 трлн сўм имтиёзли кредитлар ва 73 минг нафар ишсиз фуқароларга 356 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Маҳаллабай ишлаш асосида 51 мингта микролойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 206 мингта янги иш ўринлари яратилди.
181 минг нафар ишсизлар фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилди ва 183,8 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди”, – дейилади расмий хабарда.
Вазирлик 2023 йил ноябр ойида 1,2 миллионта камбағал оиланинг рўйхати тузилгани ҳақида хабар берганди.
Мавзуга оид
10:55 / 13.12.2024
Камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг 1 минг нафари натижа кўрсата олмади
08:10 / 10.12.2024
Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 37,5 млндан ошди
16:51 / 09.12.2024
Россияда 2024 йилдаги меҳнат мигрантининг ўртача статистик портрети тузилди
10:13 / 03.12.2024