15:26 / 03.02.2024
16204

Ўзбекистон Жалолобод аҳолисига ёрдам кўрсатди

Электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилаётган Жалолобод вилояти аҳолисига Андижондан 20 тонна суюлтирилган газ (минг дона баллон) етказиб берилди.

Фото: Kun.uz манбаси

Шу кунларда Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида электр энергияси боғлиқ муаммолар юзага келган. Ҳудудда электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Ўзбекистон қўшни республиканинг бу ҳудудида яшовчи аҳоли учун ёрдам қўлини чўзган. Бу ҳақда Kun.uz'нинг Андижон вилояти ҳокимлигидаги манбаси маълум қилди.

Манбага кўра, бугун – 3 феврал куни Андижондан Қирғизистонга 20 тонна суюлтирилган газ маҳсулоти (1000 дона баллон) етказиб берилган.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Андижон вилояти филиали бошлиғи ўринбосари ва бошқа вакиллар Хонобод чегара пости орқали газ маҳсулотини Жалолобод вилояти электр тармоқлари корхонасига 9 та автомашинада олиб боришган. Уларни чегарада Жалолобод вилоят электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари Дамир Тухтагулов кутиб олган.

Аввалроқ бундай кўмак кўрсатиш бўйича президент Шавкат Мирзиёев топшириқ бергани, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов қирғизистонлик ҳамкасби билан телефон мулоқотида бу ҳақда маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2 февралга ўтар кечаси Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги иссиқлик электр станциясида портлаш содир бўлиб, 3 киши оғир жароҳатланди. Портлаш оқибатларини бартараф этишга 5-7 кун вақт кетиши айтилмоқда.

Top