Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хави яна ҳакамдан норози, АПЛда голлар ёмғири. Европада кун ўйинлари
Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: бир ўйинда саккиз гол

«Эвертон» – «Тоттенҳэм» 2:2
Голлар: 0:1 – 4 Ришарлисон, 1:1 – 30 Ҳаррисон, 1:2 – 41 Ришарлисон, 2:2 – 90+4 Жарред Брэнтуэйт.
«Эвертон» – Пикфорд, Янг (Шермити, 80), Годфри (Коулмэн, 75), Тарковски, Брэнтуэйт, Миколенко, Гуйе, Ҳаррисон, Гарнер, Кэлверт-Люин (Бету, 85), Макнил (Доббин, 85).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен, Удожи, Ҳейберг (Дрэгушин, 89), Мэддисон (Ҳил, 86), Бентанкур (Сарр, 64), Жонсон (Кулусевски, 64), Вернер (Скипп, 86), Ришарлисон.
Огоҳлантиришлар: Годфри (60), Гарнер (90), Доббин (90).
«Тоттенҳэм»нинг бу мавсумдаги ўйинлари трансляциясини ҳеч иккиланмасдан «Кўриш тавсия этилади» ёзуви билан белгилаш мумкин. Натижаси қандай бўлишидан қатъи назар бу жамоанинг ўйинлари зерикарли бўлмаслиги аниқ, сардор ва етакчи Сон Хин Мин Осиё Кубогига кетгани ҳам жамоа ўйини томошабоп бўлишига таъсир кўрсатгани йўқ. Кореялик ҳужумчи йўқлигида олиб келинган Вернер таркибга идеал даражада қўшилиб кетди, Мэддисон жароҳатдан тузалиб сафга қайтгани эса майдон марказини кучайтирди. Қўшимчасига Ришарлисон юқори спорт формасига чиққан ва бу мавсумдаги голлари сонини ўнтага етказиб олди.
Айниқса иккинчи гол урилган вазият катта таассурот қолдирди, бу ҳужумда Мэддисон тўпни бразилиялик шеригига шунчалик аниқлик билан етказиб бердики, унда гол урмасдан бошқа вариант қолмаганди. Шу билан бирга, Ришарлисон собиқ жамоаси билан ўйинда урган голлари учун мезбон мухлислардан узр сўради, у ўз вақтида «Гудисон Парк»дагиларни АПЛни тарк этишдан қутқариб қолганди, аммо шанба кунги ўйинда ҳам, биринчи даврадаги ўйинда ҳам ушбу жамоа мухлисларини ранжитди.

Аммо «шпорлар»га икки гол ҳам ғалаба учун етарли бўлмади, қўшиб берилган дақиқаларда «Эвертон» ҳисобни тенглаштиришга эришди. «Ирислар» «шпорлар»нинг прагматик бўла олмаслигидан фойдаланди. Ҳисобни сақлаш учун ўйнай олмайдиган «Тоттенҳэм» — бу мавсумда 90-дақиқадан кейин ўтказиб юборилган голлар сони бўйича тенгсиз (8).
«Шеффилд Юнайтед» – «Астон Вилла» 0:5
Голлар: 0:1 – 12 Макгинн, 0:2 – 16 Уоткинс, 0:3 – 20 Бэйли, 0:4 – 30 Тилеманс, 0:5 – 47 Морено.
«Шеффилд Юнайтед» – Фодерингэм, Богл, Ҳолгейт, Ахмедҳожич, Трасти, Норрингтон-Дэвис (Робинсон, 50), Макати (Дэвис, 72), Винисиус, Брукс (Осборн, 50), Осула (Ҳамер, 46), Бреретон (Арчер, 65).
«Астон Вилла» – Мартинес, Конса (Кэш, 59), Диего Карлос, Лангле, Морено, Макгинн (Ироэгбунам, 71), Тилеманс (Роджерс, 81), Бэйли (Диаби, 60), Камара, Дуглас Луис (Рэмзи, 46), Уоткинс.
Огоҳлантириш: Богл (44).
«Тоттенҳэм» катта қийинчилик билан қўлга киритилган тўртинчи ўринни бой берди, ўтган турда ўз уйида «Нюкасл»га қарши шармандали мағлубиятдан кейин кучли намойиш этган «Астон Вилла» бу ўринни ўзига қайтариб олди. Унаи Эмери жамоаси бор аламини «Шеффилд Юнайтед»дан олди. Дастлабки ярим соатда тўрт гол — буни ҳақиқий бўроннинг туриши дейиш мумкин. Бирмингҳемликларда бундай йирик ғалаба сўнгги ўн беш йилликда кузатилмаган. Ва табиийки бу жараёнда Уоткинс фаол иштирок этди. У АПЛнинг бу мавсумида ҳам голлари, ҳам голли узатмалари сони иккита рақамда ифодаланаётган илк футболчи (11+10). «Шеффилд» эса шунчаки умидсиз ҳолатда. Бир жамоанинг 23 турдан кейин бунчалик кўп гол ўтказиб юбориши (59) 1965/66 йиллар мавсумидан буён қайд этилмаганди.
«Нюкасл» – «Лутон» 4:4
Голлар: 1:0 – 7 Лонгстафф, 1:1 – 21 Ошо, 2:1 – 23 Лонгстафф, 2:2 – 40 Баркли, 2:3 – 59, пеналти Моррис, 2:4 – 62 Адебайо, 3:4 – 67 Триппиер, 4:4 – 73 Барнс.
«Нюкасл» – Дубравка, Триппьер, Шер, Ботман, Берн (Ливраменто, 64), Бруно Гимараэс, Лонгстафф, Майли, Алмирон (Барнс, 63), Мёрфи, Гордон (Уилсон, 46).
«Лутон» – Камински, Белл, Ошо, Менжи, Даути (Берк, 79), Баркли, Кларк (Раддок-Мпанзу, 68), Локонга, Огбене, Моррис (Браун, 79), Адебайо (Вудроу, 88).
Огоҳлантиришлар: Берн (56), Локонга (60), Мёрфи (76), Ошо (90).
«Лутон» билан нима бўлаётганини тушунтириш қийин. АПЛнинг таркиби қиймати бўйича ҳам (Transfermarkt маълумоти), маошлар миқдори бўйича ҳам (Capology маълумоти) энг камтар жамоа қаторасига иккинчи турда тўртта гол урмоқда. Ва бу ўйинлардаги рақиблар кучсиз жамоалар эмас – ўтган сафар «Брайтон» эди, энди эса – «Нюкасл». Урилган голлар сони бўйича «Лутон» «Манчестер Юнайтед»ни ортда қолдирди («МЮ» тур ўйинини бугун «Вест Ҳэм»га қарши ўтказади). Мавсумнинг биринчи даврасида «Ливерпул», «Сити» ва «Арсенал»га қарши ўйинларда ҳам жиддий муаммо туғдира олган «Лутон» бу сафар ғалаба қозона олмади, чунки «Нюкасл» ҳам тўртта гол урди. Шанба кунги ўйинларда эса АПЛнинг беш ўйинида футболчилар 26 бор дарвозани ишғол этишди («Брайтон» «Пелас»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этди, «Бёрнли» ва «Фулҳэм» ўйинида 2:2 ҳисоби қайд этилди) ва бу ўзига хос рекорддир.

Испания: қишнинг энг қиммат футболчисида ғалати четлатиш

«Алавес» – «Барселона» 1:3
Голлар: 0:1 – 22 Левандовски, 0:2 – 49 Гундўған, 1:2 – 51 Омородион, 1:3 – 63 Роке.
«Алавес» – Сивера, Теналя (Хаджи, 77), Дуарте, Марин, Хави Лопес, Сола, Гуриди (Симеоне, 63), Антонио Бланко (Бенавидес, 77), Гевара, Риоха (Реббаш, 63), Омородион (Паникелли, 88).
«Барселона» – Пеня, Кунде, Араухо, Кубарси (Ромеу, 83), Жоау Канселу (Форт, 46), Кристенсен (Мартинес, 82), Гундўған (Роке, 59), де Йонг, Педри (Лопес, 74), Ямал, Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Омородион (12), Роке (67), Сола (90).
Четлатиш: Роке (72).
Хави мавсум якунида кетишини эълон қилганидан кейин футболчиларга осонроқ бўлишини айтганди. Бу мунозарали назария, аммо мураббийни қаттиқ ҳурмат қиладиган футболчилар энди унинг учун борини бераётганига шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам саккиз футболчиси жароҳат туфайли сафдан чиққан «Барселона» рақиблар томонидан қаттиқ қаршиликка учраётганига қарамай ғалаба қозонишда давом этмоқда.
«Алавес» майдонидаги ўйинда кўк-анорранглилар таркибда яна тажриба қилишига тўғри келди ва ҳимоячи Кристенсен таянч зонасига чиқарилди. Бу орқали барибир балансга эришилмади ва мезбонлар биринчи бўлимда кўпроқ ҳужум уюштиришди. Бу мавсумда биринчи 45 дақиқаликда каталонияликлар дарвозаси соҳасига олти зарба беришни ҳали ҳеч ким уддаламаганди, аммо рақиб дарвозани ишғол эта олмади, чемпионатда 10 декабрдан буён гол урмаган Левандовски эса буни уддалади. Поляк ҳужумчиси икки ой давомида кўплаб яққол вазиятларни йўққа чиқарганди, бу сафар эса тўпни маҳорат билан дарвозабон устидан ошириб ташлади.
Иккинчи бўлим эса қизғин бошланди – икки дақиқа ичида икки гол. Аввалига Гундўған тўпга бир тегинишда олис устун олдида турган Педрига голли пас берди. Кейин эса «Алавес» жавоб ҳужумидаёқ ўз голини урди. «Барселона» қанотида Форт муваффақиятсиз ҳаракат қилиб, Соле жарима майдонигача тўпни олиб бориши ва Омородионнинг бошига аниқ пас узатишига қўйиб берди.
«Барса» ўйиннинг 70 фоиздан ортиқ вақтида тўпга эгалик қилишда давом этди ва кўп ўтмай учинчи голни ҳам урди. Захирадан тушган Витор Роке аниқ ҳаракат қилди. Бу мавсум қишки трансферлар ойнасининг энг қимматбаҳо футболчиси бўлган Роке (унга 40 млн евро тўланган) қаторасига иккинчи ўйинида захирадан тушиб гол урди ва ўзига хос услубда нишонлади.
Шу билан ўйинда интрига тугагандек эди, аммо Рокенинг ўзи уни қайтарди. «Барса»да бутун ўйин давомида жами икки сариқ карточка бўлди. Иккиси ҳам – 18 ёшли форвардга кўрсатилди. Биринчи ҳолатда у рақибдан қочиб кетишга уриниб қўл билан зарба бериб юборгани учун огоҳлантирилганди, иккинчисида ҳакам бразилиялик тўп учун кураш вақтида газонда ётган рақибига қасддан зарба берган деб топди. Видеотакрор у рақиб оёғига сезилар-сезилмас даражада тегиниб кетганини кўрсатганди, аммо ҳакам бу ҳолатда фол кўрди.

Хави ўйиндан кейин ҳакамликдан норозилигини ва апелляция берилишини билдириб ўтди.
«Бу бизга қарши чиқарилган ҳакамларнинг яна бир хатоси. Мен фақат курашишимизга рухсат беришларини сўрайман. Ортиқ ҳакамлар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бугун яна бир жиддий хатога йўл қўйилди. Биз Негрейра иши учун товон тўлаяпмиз. Бошқа гапирмайман, акс ҳолда мени яна «кўмасиз». Навбатдаги хато.
Витор — тўпурар ва у бизга таркибда кенг имкониятлар беради. Унинг четлатилиши жуда адолатсиз. Апелляция берамиз», деди каталонияликлар устози.
Бир киши кам бўлиб қолганига қарамай каталонияликлар ғалабани ушлаб қолишди. Жамоа Хави «Барса»дан кетишини эълон қилганидан кейин ўтказилган икки ўйинда ҳам ғалаба қозонди. Энди «Реал» билан орадаги фарқ етти очкони ташкил этмоқда, аммо мадридликлар жамоаси кейинги икки ўйинини «Атлетико» ва «Жирона»га қарши ўтказади.

Италия: Йович ниҳоят ўз жамоасини топдими?
«Фрозиноне» – «Милан» 2:3
Голлар: 0:1 – 17 Жиру, 1:1 – 24, пеналти Соуле, 2:1 – 65 Маццителли, 2:2 – 72 Габбия, 2:3 – 81 Йович.
«Фрозиноне» – Турати, Романьоли, Околи, Брешианини (Рейниер, 85), Маццителли (Ибраҳимович, 85), Ҳарруи (Лирола, 77), Барренечеа, Желли, Сек (Валери, 77), Соуле, Кайо Жорже (Шеддира, 77).
«Милан» – Менян, Калабрия (Флоренци, 86), Киер, Габбия, Эрнандес, Лофтус-Чик (Окафор, 62), Пулишич (Йович, 80), Адли, Рейндерс (Бинносир, 62), Рафаэл Леау, Жиру (Муса, 86).
Огоҳлантиришлар: Лофтус-Чик (43), Рейндерс (48), Ҳарруи (56), Флоренци (90).
«Милан»нинг охирги ўйинларида триллер кафолатланмоқда. «Удинезе»га қарши ўйиннинг 82-дақиқасида ҳам россонерилар ютқазаётганди, аммо кейин ҳисобни тенглаштиришга ҳам, қўшимча дақиқаларда ғалабани илиб кетишга улгуришганди (3:2). Бир ҳафта муқаддам Стефано Пиоли жамоаси «Болоня» билан ўйинда қўшимча дақиқаларда пеналтидан гол ўтказиб ғалабани қўлдан бой берганди (2:2). Энди эса миланликлар «Фрозиноне» майдонида ҳисобда қувлашмачоқ ўйнашди. Жиру бош билан ўз услубида ҳисобни очган бўлса-да, ўйин меҳмонлар учун осон кечмади.
Мезбонлар нафақат ҳисобни тенглаштиришди, балки Менян яқин бурчакка йўлланган кучсиз зарбани ўтказиб юборишни уддалаганида олдинга ҳам чиқиб олишди. Бу француз дарвозабоннинг охирги вақтлардаги биринчи хатоси эмас, у ирқчиликка учраганидан кейин ўзига кела олмаяпти. Аммо бу сафарги хато миланликлар сафидаги сеҳрли таёқчалар туфайли қимматга тушмади. Аввалига Жиру Габбияни голли пас билан таъминлади, кейин эса захирадан тушган Йович яна ҳал қилувчи голни урди. Ушбу сербиялик ҳужумчи қиш бошланганидан буён бешта гол урди, шундан учтаси ўйинда бурилиш ясаган.

Германия: Мюллернинг 500-ғалабаси
«Бавария» – «Боруссия» М 3:1
Голлар: 0:1 – 35 Элведи, 1:1 – 45 Павлович, 2:1 – 70 Кейн, 3:1 – 86 де Лигт.
«Бавария» – Нойер, Мазрауи (Боэ, 62), Дайер, де Лигт, Дэвис (Геррейру, 86), Павлович, Горетцка, Мюллер (Тел, 71), Сане, Мусиала, Кейн.
«Боруссия» М – Николас, Скалли, Элведи, Фридрих, Нетц (Лайнер, 62), Онора (Ранос, 89), Нгуму (Ҳак, 62), Вайгл, Нойҳаус (Коне, 62), Райтц (Фукуда, 85), Сиебатшо.
Огоҳлантириш: Нойҳаус (30).
Мураббийлар ва таркиблар ўзгаради, аммо Менхенгладбаҳнинг «Боруссия» жамоаси «Бавария» учун ноқулай рақиб бўлиб қолаверади. Бу сафар мюнхенликларни ҳимоячи Элведи ҳайрон қила олди. Швейцариялик футболчи марказий доира атрофида прессингга қўшилди ва тўпни рақиб жарима майдонигача олиб бориб, Сиебатшо билан девор услубида ўйнаганидан кейин дарвозани ишғол этди. «Бавария»да эса бўлим охирида 19 ёшли яримҳимоячи Павлович ўзини кўрсатди, мавсумни «Бавария»нинг иккинчи жамоасида бошлаган футболчи қаторасига иккинчи ўйинда ўз номини таблога ёздириб қўймоқда.
Унинг голи жуда муҳим эди, иккинчи бўлим бошидаги бир неча дақиқаларда эса ўйин тақдири ҳал бўлди. Аввалига меҳмонлар футболчиси қулай вазиятни йўққа чиқарди, кейин эса Николас тўпга чиқишда қўпол хатога йўл қўйди, Кейн бундан фойдаланди. Ҳарри учун бу чемпионатдаги 24-гол бўлди. Яна олтита аниқ зарбадан кейин у афсонавий Уве Зеелернинг рекордини такрорлайди, у 60 йил муқаддам бундеслигадаги илк мавсумидаёқ 30 гол уришни уддалаганди. Леверкузенга ташриф арафасида пешқадам билан орадаги фарқ икки очкони ташкил этмоқда, шу кунги уч голдан иккитасида қатнашган Мюллер эса ҳисобидаги ғалабали ўйинлари сони 500 тага етган баварияликка айланди.
«Дармштадт» – «Байер» 0:2
Голлар: 0:1 – 33 Телла, 0:2 – 52 Телла.
«Дармштадт» – Шуэн, Бадер, Циммерманн, Маглица (Кларер, 81), Карич, Ҳолланд (Мелем, 67), Франич (Мюллер, 81), Скарке, Пфайффер, Вилҳелмссон (Торзиелло, 67), Холтманн (Полтер, 65).
«Байер» – Градецки, Та, Станишич, Инкапиэ, Грималдо, Телла, Чака (Тапсоба, 89), Андрих, Виртц (Ҳофманн, 77), Иглесиас, Гложек (Мбамба, 90).
Огоҳлантиришлар: Андрих (7), Циммерманн (49), Франич (68), Гложек (74).
Янги йил кириб келгач «Байер»нинг ҳар бир ўйини «аспиринчилар» жамоаси мухлислари учун ҳақиқий синовга айланмоқда. «Аугсбург» ва «Лейпциг»га қарши ўйинларда леверкузенликлар ҳал қилувчи голларни қўшимча дақиқаларда уришганди, ўтган ҳафтада эса Менхенгладбаҳ ўз дарвозасига катта қулф осиб қўйди (0:0). Аммо бундеслиганинг энг сўнгги ўриндаги жамоаси майдонида чемпионат пешқадами ортиқча асаббузарликка учрамади, ўйин бош қаҳрамони эса яна Телла бўлди. Нигериянинг Африка Кубоги учун таркибига кира олмаган ушбу латерал жамоанинг бу мавсумдаги асосий қаҳрамонларидан бири бўлган Фримпонгнинг ўнг қанотида унинг йўқлигини билинтирмаяпти.
Икки тур олдин Телла жароҳатланган нидерландиялик ўрнига тушиб гол урганди. «Дармштадт» билан ўйин эса унинг учун жорий мавсумда бошланғич таркибдаги биринчиси бўлди. Кўриниб турибдики, Ҳаби Алонсо мураккаб ҳафта олдидан чекланган ресурслар билан ротация қилишга уринмоқда. Кейинги шанбада «Бавария»га қарши ҳал қилувчи учрашув кутади. Фақат мюнхенликлар машғулотлар учун етарлича вақтга эга бўлади, «Байер» эса сешанба куни яна бир жиддий ўйин ўтказиши керак — кубок чоракфиналида «Штутгарт»га қарши.
«Фрайбург» – «Штутгарт» 1:3
Голлар: 0:1 – 3 Ундав, 0:2 – 7 Фюрих, 1:2 – 45 Кюблер, 1:3 – 74 Миттелштедт.
«Фрайбург» – Атуболу, Кюблер, Гулде, Гинтер (Вайсҳаупт, 83), Макенго (Гюнтер, 73), Ҳефлер (Грегорич, 73), Грифо (Муслия, 83), Шаллаи, Эггештайн, Рел, Ҳелер (Филипп, 83).
«Штутгарт» – Нюбел, Вагноман, Антон, Стергиу, Руо, Миттелштедт (Штенцел, 82), Каразор, Штиллер, Фюрих (Левелинг, 76), Мийо (Дауд, 76), Ундав.
Огоҳлантиришлар: Гинтер (41), Эггештайн (45), Миттелштедт (72), Кюблер (90), Филипп (90), Штиллер (90).
Четлатиш: Рел (18).
Бу турда «Штутгарт» учинчи ўринда мустаҳкам ўрнашиши учун идеал вазият юзага келди. «Шваблар»га етиб олаётгандек кўринган Дортмунднинг «Боруссия» клуби жума кунги ўйинда «Ҳайденҳайм»ни енга олмаганди (0:0). Шанба кунги ўйинда эса Себастян Ҳенесс жамоаси етти дақиқа ичида икки гол урган ҳолда «Фрайбург»ни шокка тушириб, ўз ишининг бир қисмини бажариб қўйди. 18-дақиқада эса рақиблар камчилик бўлиб ҳам қолиди. Ҳа, биринчи бўлимга қўшиб берилган 11 дақиқа (!) мезбонларга бурчак зарбасидан ҳисобни қисқартиришда ёрдам берди, аммо иккинчи бўлим ўрталарида Миттелштадтнинг муваффақиятли якунланган рейди амалда интригага барҳам берди. Бу ғалабадан кейин Дортмунд билан орадаги фарқ уч очкога етди.

Кун статистикаси
- АПЛ тарихида илк бор бештадан ортиқ ўйин ўтказилмаган ўйинлар кунида 25 та гол урилди.
- Германия чемпионатида фақат «Вердер» иккинчи давра бошидан буён уч ғалабага эришган.
- «Байер» 20 турдан кейин 52 очко жамғарган. Бу ўтган чемпионат охиригача тўпланганидан кўпроқ. Бундеслига тарихида бу оралиқда бундан яхшироқ натижа фақат икки бор кузатилган — 2013/14 ва 2015/16 йиллар мавсумида «Бавария» 20 турда 56 ва 53 баллдан тўплаган.
- «Эмполи» ҳужумчиси Камбияги мавсум бошидан буён 52 зарба йўллади. Opta томонидан бундай кўрсаткичлар статистикаси юритилиши бошланган 2004 йилдан буён А Серияда бирорта форвард бундай фаоллик намойиш этган ҳолда бирорта гол ура олмаслиги кузатилмаган.
Мавзуга оид
12:01 / 25.05.2026
«Арсенал» кубок кўтарди, «Сити» ва «Ливерпул» афсоналари билан хайрлашди
11:01 / 19.05.2026
«Арсенал» ғалабали серияни давом эттирди ва чемпионликка яқинлашди
20:37 / 16.05.2026
Левандовски «Барселона»ни тарк этишини эълон қилди
02:34 / 11.05.2026