Спорт | 15:34 / 05.02.2024
26532
17 дақиқада ўқилади

«Реал»да йўқотиш, Англияда чемпионлик пойгаси қизимоқда. Кун ўйинлари

Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: чемпионлик пойгаси қизимоқда, «Ливерпул» Лондонда таслим этилди

«Арсенал» — «Ливерпул» 3:1
Голлар:
Сака (14), Мартинелли (67), Троссар (90+2) — Габриэл (45+3, автогол).
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко (Кивер, 46), Жоржинио, Эдегор, Райс, Ҳавертц, Мартинелли (Троссар, 74), Сака (Нелсон, 79).
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд (Робертсон, 58), ван Дейк, Конате, Гомес (Алкантара, 85), Мак Аллистер, Жонс, Гравенберҳ (Эллиотт, 58), Жота, Диас, Гакпо (Нунес, 58).
Огоҳлантиришлар: Гомес (25), Уайт (31), Конате (55), Габриэл (57), Кивер (69), Нунес (90), Салиба (90+1), Райс (90+4), Ҳавертц (90+5). 
Четлатиш: Конате (88).

Сўнгги ҳафталарда АПЛ пешқадами бўлиб турган «Ливерпул» «Арсенал»га қарши йил ўйини олдидан таркиб борасида муаммоларга дуч келганди. Мерсисайдликлар штаби ҳамон Салоҳ, Собослаи ва Робертсоннинг соғайишини кутмоқда, ўтган турда Нунес ҳам кичик жароҳат олганди. Бундан ташқари, ўйин арафасида фожиа рўй берди — «Ливерпул»нинг янги юлдузи, «Челси»га қарши ўйиннинг энг яхши футболчиси Конор Брэдлининг отаси вафот этди ва у ўйин қайдномасига киритилмади. Клопп ўнг қанотда яна Александер-Арнолдни туширди.

«Арсенал»да эса асосан битта жиддий йўқотиш бор эди — Габриэл Жезус жароҳатланган. Лекин Артета марказий форвард ўрнида Нкетиа ёки Троссарни эмас, Ҳаверцни туширди. «Канонирлар» устози майдон маркази учун танлови билан рақибларни ҳайрон қолдира олди — Жоржинио анчадан буён «Арсенал»нинг бошланғич таркибига кирмай қўйган, аммо шундай муҳим ўйинда Райс билан биргаликда иккинчи таянч яримҳимоячи позициясида тушди.

Артетанинг барча режалари иш берди. Бу учрашувга суперпрессинг қилувчи икки энг яхши жамоа тўқнашуви сифатида қараш ҳам мумкин эди. Ва «Арсенал» «Ливерпул»га нисбатан яхшироқ тайёрлангани маълум бўлди: Ҳаверц ва Эдегор мунтазам равишда прессингнинг биринчи чизиғида жойлашиб, рақибларни амалда дарвозабон ҳудудида қарши олишди. Шу туфайли меҳмонларда ҳимоядан чиқишда муаммолар юзага келди.

«Арсенал» биринчи бўлимда яққол устунликка эришди. Қарши ҳужумда Ҳаверц яккама-якка вазиятга чиқиб борди, дарвозабон зарбани қайтарди, аммо тўп Сакага келиб тушди ва ҳисоб очилди. Англиялик футболчи бу вазиятда офсайд қопқонига тушиб қолиши ҳам мумкин эди ва меҳмонлар ҳакамдан вазиятни кўриб чиқишни талаб қилишди, аммо VAR Сака барибир тўғри ҳолатда бўлгани ва АПЛдаги саккизинчи голини қоидаларга мос ҳолда урганини қайд этди.

Лондонликлар бўлим охиригача ҳисобдаги фарқни ошириши мумкин эди, 45 дақиқаликда кутилган голлар бўйича 2,03 xG кўрсаткичи юзага келди, яъни жамоада яна бир неча гол уриш учун имкониятлар бўлди.

«Ливерпул» одатда жисмонан кучли бўлган, лекин бу сафар майдон марказини бутунлай топширди. Мезбонларда Райс рақиб ҳужумларини тўхтатиш ва тўпни олиб қўйишга масъул бўлди, жамоанинг қолган барча аъзолари эса вазиятлар яратиш билан шуғулланишди. Натижада бўлим бошидан охирига қадар айнан мезбонлар тўхтовсиз равишда ҳужумга ўтишди.

Лекин футболда доим ҳам барчаси мантиққа мос келавермайди. Ва бўлим охирида «Ливерпул» барибир ҳисобни тенглаштиришни уддалади. Салиба дарвозабон ҳудудига келган тўпни назорат қилаётгандек ва Диасни корпуси билан тўсиб турганди. Аммо колумбиялик футболчи айёрлик билан тўпга тегинишга улгурди ва тўп аввал Габриэлнинг қўлига, кейин дарвоза тўрига борди. Бу вазиятда Салиба тўпни ҳеч иккиланмасдан узоқлаштириши керак эди, аммо у ва дарвозабон бир-бирини тушунмади. Натижада, меҳмонлар дарвоза соҳаси томон бирорта зарба йўлламаган бўлса-да, ҳисобни тенглаштира олди.

Танаффусда Артета Зинченкони майдондан олди ва Кивёрни туширди. Клопп эса 60-дақиқага бормасдан учталик алмаштириш қилди — Робертсон, Эллиотт ва Нунес майдонда пайдо бўлишди. Ва шундан кейингина «Ливерпул» ўйиндаги илк зарбасини берди. Лекин Диас тепган тўп Райянинг қўлига бориб тушди.

«Арсенал» эса хотиржамлик билан ҳимояланди ва қарши ҳужумларда пайт пойлади.

Бу вақт 67-дақиқага тўғри келди. Ичкаридан узатилган тўпга ван Дейк ҳам, Алисон ҳам етиб келди, аммо ҳимоячи корпуси билан ўз дарвозабонига тўпни узоқлаштиришга халақит берди, натижада Мартинелли бўш дарвоза қаршисида тўп билан ёлғиз қолди ва фаолиятидаги энг оддий голни урди. Бу амалда ғалаба голи эди, шундан кейин «Ливерпул» ўзига кела олмади. 

Қолган вақтда рўй берган тўрт воқеани қайд этиш мумкин. Биринчидан, Сака жароҳат туфайли алмаштирилди. Иккинчидан, Конате четлатилди — икки бор охирги ҳимоячи позициясида туриб рақибни тўхтатиб қолгани учун икки бор сариқ карточка олди. Учинчидан, Тияго Алкантара майдонга чиқди, бу унинг ушбу мавсумдаги дебюти бўлди. У «Ливерпул» сафида сўнгги бор роппа-роса бир йил муқаддам — 2023 йил 4 феврал куни ўйнаганди. Тўртинчиси: Троссарнинг голи, у тўпни майдоннинг қарийб ярми бўйлаб олиб ўтди ва Алисоннинг оёқлари орасидан дарвозага киритди.

3:1 — лондонликлар учун ўта муҳим ғалаба. Артета шогирдлари нафақат ҳисобда, балки ўйин бўйича ҳам АПЛ пешқадамини ожиз қолдирди ва олтин медаллар учун пойгани максимал даражада қизитди. Энди «Арсенал» ва «Ливерпул»ни атиги икки очко ажратиб турибди, ортда эса захирада икки ўйини бор «Манчестер Сити» келмоқда. Гвардиола жамоаси бу ўйинларнинг иккисини =ам «Брентфорд»га қарши ўтказади (биринчисини душанба куни).

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Испания: Мадрид дербисида жанговар дуранг

«Реал» — «Атлетико» 1:1
Голлар:
Диас (20) — Лоренте (90+3). 
«Реал» – Лунин, Карвахал, Начо, Менди, Кроос, Валверде, Камавинга, Беллингҳэм (Себаллос, 88), Васкес, Диас (Хоселу, 71), Родриго (Модрич, 76).
«Атлетико» – Облак, Савич, Эрмосо, Витцел, Лоренте, Рикелме (Молина, 46), Коке (Корреа, 68), Саул (Лино, 61), Де Паул (Барриос, 61), Гризманн, Мората (Депай, 61).
Огоҳлантиришлар: Саул (37), Эрмосо (38), Коке (82), Барриос (85), Депай (90+6). 

«Реал»да жароҳатлар сони ҳаддан ошиқ кўпайиб кетди. Бу айниқса марказий ҳимоячилар тўғрисида. Милитао ва Алабадан ташқари, Рюдигер ҳам сафдан чиқди, у укол билан ҳам ўйнай олмаслиги маълум бўлди ва марказда қанот ҳимоячиси Карваҳал Начога шерик бўлди, унинг ўнг қанотини эса Васкес эгаллади. Қолаверса, таянч зонаси вакили Тшуамени дисквалификация туфайли ўйнай олмасди. Ўйиндан олдинги машғулотлар чоғида эса Винисиус ҳам жароҳатланди. Аввалига унинг ўрнига Хоселу тушиши хабар қилинганди, амалда майдонга Браим Диас чиқиб келди.

«Реал»нинг биринчи бўлимдаги энг яхши ўйинчиси эса айнан Диас бўлди, у мезбонларнинг ҳужумларидаги асосий кучга айланди. У шунчалик дадил ўйин кўрсатдики (товон билан пас бериши ва тўпни рақиб оёқлари орасидан ўтказиши шулар жумласидан), мунтазам равишда асосий таркибда тушадиган футболчидек таассурот уйғотди. Меҳмонлар эса қуйи блокда ҳимояланишни афзал кўришди. Кўп ҳолларда «Атлетико»нинг барча футболчилари майдоннинг учинчи қисмида жойлашди, баъзида эса жарима майдони ичига қамалиб олишди.

Бу қайсидир маънода Симеоне жамоаси зарарига ишлади. Бундай услуб қарши ҳужумлар уюштирилганида ўзини оқлайди, аммо бундай ҳужумлар амалда деярли кузатилмади. Бунинг ўрнига «Атлетико» футболчилари ўз жарима майдони ичида рақибларга ёрдам бериб юборди. «Реал»нинг голи жуда осонлик билан урилди. Мезбонлар ҳужум давомида икки бор «Атлетико» футболчиларидан девор сифатида фойдаланишди. Бу «Реал»нинг биртепар услубдаги комбинациясига айланди ва унда Саул ҳамда Коке ҳам иштирок этди. Уларнинг охиргисидан тўп Диасга бориб тушди.

Шундан кейин «Атлетико» дарҳол бурчак зарбасини ижро этди ва Витселнинг зарбаси голга айланишига бир бахя қолди ва «Реал» танаффусга ҳисобдаги устунлик билан йўл олди. Танаффусдан қайтибоқ меҳмонлар дарвозани ишғол этишди – Савичнинг зарбаси дарвоза тўрига бориб тушди. Аммо VAR бу ҳолатда офсайд қайд этди – Саул чиндан ҳам ўйиндан ташқари ҳолатда эди ва Лунинни тўсиб турганди.

Иккинчи бўлимда Беллингҳем уч марта пеналти сўради, аммо ҳакам «нуқта»ни кўрсатмади (гарчи биринчи ҳолатда бунга асослар бор эди). Бундан ташқари, «Реал» хавфли қарши ҳужумдан фойдалана олмади – бу вазиятда тўрт ҳужумчи икки ҳимоячига қарши чиқиб борганди. 71-дақиқада эса Браим Диас турнинг энг чиройли голини уришга жуда яқин келди. У жарима майдони ичида тўпни аввалига Эрмосонинг оёқлари орасидан ўтказди, кейин эса бир чалғитувчи ҳаракат билан Витселни йўлдан олди, аммо олис бурчак томон йўллаган зарбасига бироз аниқлик етишмади.

«Атлетико»да ҳам вазиятлар юзага келди, аммо бу вазиятлар кам ва яққол эмасди. Зарба беришга муваффақ бўлинган ҳолатларда эса Лунин ўзини кўрсатди. Жумладан Гризманнинг орқа туриб товонда йўллаган айёрона зарбасини ҳам. Афтидан, Кепа Куртуа йўқлигида асосий дарвозабон бўлиш учун рақобатда буткул ютқазди.

«Реал» бу сафар ҳам уч очкони қўлга киритиши муқаррардек кўрина бошлаган дақиқаларда эса «Атлетико» ҳисобни тенглаштиришга эришди. Депай бош билан тўпни олдинга ташлаб берди ва Лиорентенинг бош билан йўллаган зарбаси тўсин остидан тўрга бориб тушди – 1:1. Мезбонлар бутун ўйин давомида устунлик қилганига қарамай, дерби дуранг ҳисоб билан якунланди.

Бу эса Испанияда чемпионлик интригааси давом этади дегани. Камида кейинги якшанбага қадар, ўша куни приедет Блинд, Эррера ва бош мураббийи Мичел Санчеснинг дисквалификацияси туфайли кучсизланган «Жирона» «Сантияго Бернабеу»га ташриф буюради. Ҳозирда жамоалар орасидаги фарқ икки очкони ташкил этмоқда.

Италия: Миланликлар амалда скудеттони ҳал қилди

«Интер» — «Ювентус» 1:0
Гол:
Гатти (37, автогол).
«Интер» – Зоммер, Дармиан (Думфрис, 73), Ачерби, Павар, Бастони (де Врей, 89), Димарко (Карлос Аугусто, 73), Мхитарян, Чалхонўғли, Барелла (Классен, 89), Тюрам (Арнаутович, 77), Мартинес.
«Ювентус» – Шченсни, Камбиязо (Миретти, 88), Данило, Бремер, Гатти (Алекс Сандро, 88), Костич (Веа, 66), Рабио, Локателли, Маккенни (Алкарас, 90), Йилдиз (Киеза, 66), Влаҳович.
Огоҳлантиришлар: Влаҳович (18), Данило (32), Мхитарян (51), Тюрам (77), Бремер (87).

А Серия пешқадамлари ўртасида кечган Италия дербиси «Интер»нинг «Ювентус» устидан ғалабаси билан якунланди. «Нерадзуррилар» захирада бир ўйини бор ҳолатда асосий рақобатчисидан тўрт очкога ўзиб кетди.

Бу ўйинда 3-5-2 схемасидаги «Интер» 3-5-2 схемасидаги «Ювентус»га қарши майдонга тушди. «Интер» илк дақиқалардан тўпни назорат қилди (бу кўрсаткич 75 га 25 фоиз кўринишигача етди) ва ҳудудлар бўйича ҳам устунлик қилди. Мезбонлар Массимилиано Аллегри мудофаасини қанотлар ва яримқанотлар орқали бузиб ўтишни мақсад қилганди: футболчилар катта гуруҳ бўлиб гоҳ чапга (кўпроқ), гоҳ ўнгга ташланар ва бу ҳудудларда тезда комбинациялар уюштириларди. «Ювентус» эса амалда жарима майдонида автобус ўрнатди.

Аввалига «нерадзуррилар» қатор бурчак зарбаларини ижро этишди, Мхитарян илк зарбани йўллади. Аммо биринчи ҳақиқий голли вазият бўлим ўрталарига бориб юзага келтирилди. Арманистонлик яримҳимоячи чап қанотдан жарима майдонига кириб борган Димаркога тўпни етказиб берди, аммо у зарба беришда шошилди ва тўни дарвозага тўғри тепа олмади. Кейин эса Чалхонўғли ўз жамоаси жарима майдони атрофидан туриб рақиб жарима майдони атрофида тўп сўраган Димаркони узун пас билан таъминлади, аммо ҳужум давомида туринликлар жарима майдони ичида турган Тюрам тўпни қабул қила олмади - Бремер тўпни унинг оёқлари остидан олиб қўйди. Лекин аллақачон гол ҳиди кела бошлаганди. Қолаверса, «Ювентус»нинг қарши ўйини ўхшамаётганди. Ўйиннинг ярим соати ўтаётганида Маккенни Влаҳович ҳисобни очиши учун барча ишни қилди, аммо
шу куни мунтазам равишда қўпол ўйнаган ва ҳакам билан баҳслашган сербиялик ҳужумчи жарима майдони ичида тўпга илк тегинишида ҳам муваффақиятсиз ҳаракат қилиб, бурчак зарбаси ишлаш билан чекланди.

«Интер» эса танаффус арафасида барибир ўз мақсадига эришди. Симоне Индзаги жамоаси гол урилган эпизодда ўнг қанотдан бошлиқ топа олди: Барелла тўпни жарима майдони ичига етказиб берди, Паварнинг ҳаводаги тўпга зарба беришга уриниши ўхшамади, аммо шунинг ўзи «Ювентус» ҳимоячиларини чалғитди ва Гатти Тюрам билан тўп учун курашаётиб уни ўз жамоаси дарвозасига киритиб юборди. Туринликлар автогол туфайли ютқазадиган бўлди. Аммо жарима майдонига қамалиб олинганда бундай вазият эҳтимоли ортиши табиий эди. Ўйиннинг илк 45 дақиқалигида зарбалар бўйича ҳисоб 9:2 (жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар – 7:2) кўринишини олди, аммо дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича – фақат 1:0.

Танаффусдан кейин кўпроқ позицион ўйин кузатилди, Индзаги ва Аллегри жамоалари бир-бирининг хатосини кутиб ўйнади. Аммо яна «Интер» яхшироқ ҳаракат қилди. «Нерадзуррилар»нинг деярли ҳар бир қарши ҳужуми хавфли тус олди, «Ювентус»да эса қарши ҳужумлар ўхшамади, мезбонлар тўп йўқотилиши билан кучли прессинг ўтказишди ва ўз позицияларига қайтишга улгуришди. Чемпионат пешқадами иккинчи голга ҳам жуда яқин келди, аммо Чалхонўғлининг қайтган тўпга берган зарбасидан кейин тўп устунга тегди. Умуман олганда, ушбу туркиялик футболчи шу оқшом жуда кучли ўйин ўтказди.

У Генрих Мхитарян ва Николо Барелла билан биргаликда майдон марказида ҳукмронлик қилиб, ўйин суръатини бошқариб туришди. Уларнинг рақиблари — Мануэл Локателли ва Адриен Рабио — эса бутун жамоаси каби у қадар яхши кўринмади.

Қора-оқлар сафидаги энг яхши ўйинчи эса Войцех Шченсни бўлди, у иккинчи бўлимда икки бор қаҳрамонлик кўрсатди ва туринликларни ўйинда қолдирди. Марко Арнаутовичнинг яқин масофадан туриб берган зарбасини қайтарганида эса ушбу поляк ўрнидан қўзғалишга ва иккинчи зарбага реакция қилишга улгурганди, бу орқали у нафақат турнинг, балки ойнинг ва ҳатто йилнинг энг яхши сейвини ижро этди.

Иккинчи бўлимда «Интер» зарбалар бўйича ортда қолди – 6:11, аммо жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар бўйича фарқ катта эмас – 4:5, дарвоза соҳасига аниқ йўлланган зарбалар бўйича эса яна устун келди (2:1). Ва ҳақли ғалабага эришди.

Италия дербисидаги ғалаба «Интер»ни скудетто сари янада яқинлаштирди. Энди асосий таъқибчи «Ювентус» билан орадаги фарқ тўрт очкони ташкил этмоқда, агар қолдирилган ўйинда ҳам ғалабага эришилса, бу фарқ етти очкога етади.

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти