Кўҳна қитъада ҳам саралаш цикли аста-секин авжига кирмоқда. Миллатлар лигаси плей-офф босқичи ва «Тўртлар финали» туфайли гуруҳларнинг бир қисмида ҳали биринчи тур ҳам бошлангани йўқ, бир неча гуруҳда эса учинчи тур ўйинлари ҳам ўтказилмоқда. Бу турдан Италия ҳам баҳсларга қўшилди ва Норвегияга қарши ўйин турнинг марказий учрашуви сифатида афиша қилинди. Скандинавлар март ойида ўтказилган дастлабки турларда максимал олти очко тўплаганди ва бу жамоага қўшимча ишонч бахш этди. Ёмғирли Ослодаги учрашув мезбонларнинг устунлиги билан бошланди. Норвеглар Бастонининг муваффақиятсиз узатмасидан максимум натижа чиқариб олди, Нуса Сёрлотни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, ушбу ҳужумчи меҳмонлар сафида дебют қилган ҳимоячи Копполадан («Верона») қочиб кетди ва ҳисобни очди.
Бу ҳали ҳаммаси эмасди, бўлимнинг иккинчи ярмида Нуса яна бир бор ажойиб номер ижро этди. Вингер икки ҳимоячи орасидан ўтиб кетди ва тўпни тўсин остидан дарвоза тўрига жойлади. Бўлим сўнггида эса Эдегор ҳимоячилар орасидан ўтказиб берган паси билан Ҳоландни яккама-якка вазиятга чиқарди, офсайд тузоғидан қутулиб қолган ҳужумчи Доннаруммани ҳам алдаб ўтиб, бўш дарвозани ишғол этди ва амалда ўйин масаласини ҳал қилди. Лучано Спаллетти бу паллада тарихга кирди — Италия бунга қадар саралаш ўйинларида биринчи бўлимнинг ўзида учта гол ўтказиб юбормаганди.
Исроил: Д. Перец, Шломо, Нахмиас, Соломон (Ярин, 90), Даса, Э. Перец (Жобир, 66), Абу Фани (Абада, 90), Глух, Ревиво, Тургеман (Ҳалаили, 66), Битон (Д. Перец, 72)
Огоҳлантириш: Ҳейн
Буёғига Италия вазиятни ўнглашга киришиши табиий, аммо ҳозирда жамоа рақибларни ортдан қувишга мажбур. Жумладан, иккинчи ўрин учун рақобат қилаётган эстонлар ва исроилликларни. Ўзаро ўйинда аввалига Болтиқ бўйи жамоаси яхшироқ кўринди ва ҳужумлардан бирида фақат ҳимоячининг жонбозлиги билан тўп чизиқ устида тўхтатиб қолинган бўлса, кейин Кяйт яқин масофадан зарба беришига ҳеч ким тўсқинлик қила олмади. Аммо бўлим охирида мудофаа чизиғидаги хато Эстонияга қимматга тушди. Ҳимоячилардан бири Тургеманни қўриқлада муваффақиятсиз ҳаракат қилди. Иккинчиси — тўпни Соломонга топширди, якунда бу икки хато Битоннинг икки голи билан якунланди.
Тур якунларига кўра Уэлс гуруҳ пешқадами бўлиб олди, британлар Лихтенштейнга қарши ўйиннинг биринчи бўлими давомида рақиб мудофаасини ёриб ўтолмади, аммо барибир бўлим охирида кўпсонли бурчак зарбаларидан бирини барибир голга айлантирди. Икки рақиб қуршовида турган баланд бўйли Родон сакрамай ҳам зарба бера олди. Иккинчи бўлимда эса Уилсон ва Мур гуруҳ аутсайдерини узил-кесил таслим қилишди. Крейг Беллами бошқарувидаги «аждарлар» етарлича кучли жамоа бўлиб кўринмоқда.
9 июн. Қозоғистон — Шимолий Македония, Белгия — Уэлс.
Плзендаги ўйинда чехлар ва черногорияликлар биринчи ўрин учун ўзаро баҳслашишди ва қаторасига учинчи ғалаба мезбонларни гуруҳнинг яккапешқадамига айлантирди. Гложек жароҳат олишидан бироз олдинроқ ҳисобни очишга улгурди, у қанотдан марказга кўчиб, жарима майдонига кирмасдан ерлатиб кучли зарба йўллади. Меҳмонларнинг тезкор жавоб голи эса бекор қилинди, жамоадошини зарба бериш нуқтасига чиқарган Йоветич офсайдда бўлгани қайд этилди. Чернининг голи ҳам шундай сабаб билан бекор қилинди, аммо у барибир иккинчи бўлимда ўз ҳисобига самарали ҳаракат ёздириб қўйди. У бурчакдан ошириб берган тўпни чехлар тўпурари Шик бош билан узоқ бурчакка аниқ йўналтирди.
Бу гуруҳдаги барча жамоалар Хорватия ўйинга қўшилганини ҳисобга олишига тўғри келади. «Шашкачилар» бечора Гибралтар дарвозасини истаганча ўққа тутди, кексалик билмас Перишич персонал бенефисини ўтказди. Аввалига унинг икки узатмасидан Пашалич ва Будимир гол уришди. Кейин эса Перишичнинг узатмалари Болқон жамоасида эндигина учинчи ўйинини ўтказаётган Иванович дубл қайд этишига ёрдам берди, ушбу футболчи Белгияда якунланган мавсумда «Юнион» чемпионлигининг асосий қаҳрамонларидан бўлди. Шундан кейин Перишичнинг ўзи оқшомнинг энг чиройли голини урди, у Пашалич узатган тўпни тўхтатмай зарба берди. Златко Далич жамоасини бир неча кундан кейин Чехияга қарши ҳал қилувчи баҳс кутмоқда.