Ўзбекистон | 11:41 / 12.02.2024
14904
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 75 та йирик канални бетонлашга бюджетдан 680 млрд сўм ажратилган

Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида каналларни бетонлаш ишлари суст олиб борилаётгани танқид қилинди.

Фото: Сув хўжалиги вазирлиги

Президент раислигида ўтказилаётган йиғилишда қайд этилишича, республикада 75 та йирик канални бетонлашга бюджетдан 680 млрд сўм маблағ ажратилган. Асосий мақсад энг кўп сув йўқотиладиган каналларни суғориш даври бошланишигача бетонлашдан иборат.

Маълум қилинишича, Қашқадарёдаги лойиҳаси тайёр 9 та канални бетон қопламага ўтказиш ишлари бор-йўғи 34 фоизга бажарилган. Сирдарёдаги 3 та каналда эса бетонлаш бўйича бажарилган ишлар 10 фоизга ҳам етмайди.

Давлат раҳбари ҳамма кучни тўлиқ сафарбар қилиб, вегетация даври бошлангунча бетонлаш ишларини якунлаш шартлигини таъкидлади.

Сув йўқотишларини камайтириш ва сувни тежаб ишлатиш Сув хўжалиги вазирлигининг энг асосий вазифаси экани қайд этилди.

Шунингдек, 2024 йилги пахта ва ғалла ҳосили учун бюджетдан 10 трлн сўмдан зиёд имтиёзли ресурс ажратилгани қайд этилди

Кластер, фермер ва деҳқонлар имтиёзли кредит олишини осонлаштириш мақсадида очиқ-ошкора платформа ишга тушган. Лекин 2024 йил пахтасини сотиш бўйича фючерс шартномаси тузган фермерларнинг маълум қисми кредитларни ҳалигача олмаган. Айрим банклар “ресурс йўқ, гаров таъминоти керак”, деган баҳоналар билан тайёр маблағни бермаётгани айтилди.  

Мавзуга оид