Ўзбекистон | 08:01 / 18.02.2024
39106
2 дақиқада ўқилади

Озодбек Назарбековнинг хизмат автомобили велосипедчини уриб юборди

Велосипедчи йўлнинг белгиланмаган қисмини кесиб ўтаётган бўлган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши экани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг хизмат автомобили 16 феврал, жума куни велосипедда йўлнинг белгиланмаган қисмини кесиб ўтаётган йўловчини уриб юборгани акс этган видео тарқалди.

Маданият вазирлиги Озодбек Назарбековнинг хизмат автомобили велосипеддаги йўловчини уриб юборгани билан боғлиқ хабарлар юзасидан маълумот берди.

«Мазкур ҳодиса жорий йилнинг 16 феврал куни Андижон вилояти Қорасув шаҳрида содир бўлган.

Жабрланувчи зудлик билан шифохонага олиб борилган ва шифокорлар унга тезкор тиббий ёрдам кўрсатишган. Текширувлар натижасида йўловчининг соғлиғи билан боғлиқ жиддий, хавотирли ҳолат йўқлиги аниқланди.

Заруратга кўра, албатта, бу борада яна қўшимча ахборот берилади. Шу ўринда, юртдошларимиздан йўлда ҳаракатланиш маданиятига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз. 

Арзимаган вақтингизни қизғаниб, йўл қоидасини бузган ҳолда ўзингиз ва бошқалар ҳаётини хавф остида қолдирманг. Чунки йўл хатони кечирмайди. Биргина хато бир умрлик афсусга сабаб бўлиб қолмасин», дейилади вазирлик хабарида.

Ижтимоий тармоқларда вазир жабрланувчини кўришга боргани акс этган кадр тарқалган

Мавзуга оид