15:09 / 19.02.2024
8934

Электр энергияси таъминотидаги узилишлар режали чекловлар экани маълум қилинди

Кеча, 18 феврал куни 6,4 млн kWh дефицит кузатилган бўлиб, буни тақсимлаш учун республика бўйлаб куннинг тиғиз вақтида 400 MW'гача чекловлар киритилган. Энергетика вазирлигига кўра, шахмат тартибидаги узилишлар 2 соатдан ошмаслиги керак. Метан шохобчаларидаги вазиятга эса Бухорода ўнта газ ҳайдаш агрегатининг авариявий ўчиши таъсир кўрсатган. 17 февралда рўй берган авария оқибатларини бартараф этиш ишлари 19 февралга ўтар кечаси якунланган.

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

Бухоро шаҳри, Қоракўл ва Олот туманларида 16 феврал куни тушдан кейин бошланган электр токидаги узилиш 1 суткадан ошиқроқ давом этган. Бу ҳақда Kun.uz'га маҳаллий аҳоли вакиллари маълум қилди.

Энергетика вазирлигининг билдиришича, Бухоро вилоятидаги 110 kW кучланишли L-Gazli-1” ва “L-Gazli-2” электр узатиш тармоқларида носозлик юзага келган.

Вазирлик матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев Kun.uz'га бу борада маълумот берди. Унинг айтишича, ҳозирда узилишлар бартараф этилган.

“17 феврал куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол туфайли 110 kW кучланишга эга L-Gazli-1” ҳамда “L-Gazli-2”электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши туфайли “Газли” компрессор станциясидаги 8 та ҳамда “Газли” газни қайта ишлаш заводига қарашли “Учқир” компрессор станциясидаги 2 та газ ҳайдаш агрегати фавқулодда тўхтаган.

Улар авариявий тўхтагани ҳисобига газ босими ниҳоятда пасайиб кетган. Газ 7,5 минг метр пастдан қазиб олинади. Ўзи газ босими паст, агрегатлар уни тепага ҳайдаб беради. Газ босими минус ҳарорат туфайли тушиб кетгани боис “метан заправка”лар фаолиятини бирданига тўхтатишга мажбур бўлдик. Агар ҳамма “метан заправка”ларга газ берсак, улар газни сўриб олади ва аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларига газ қолмас эди. Биринчи ўринда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига газ етказиб бериш учун “метан заправка”лар фаолиятига вақтинча чеклов киритдик, яъни республика бўйича биратўла тўхтатдик.

Самарқанд ва Жиззахда ҳам авариявий узилиш бўлди. Бухородаги аварияга 17 февралдаги кучли шамол сабаб бўлган. Шамол таъсирини бартараф этиш учун кеча махсус бригадалар иш олиб борган ва энг охирги тиклаш кеча 23:51да тугаган. Бу ҳудудларда ҳозир авариявий ҳолат йўқ, фақат 2 соатлик ўзимиз киритган чекловлар амал қиляпти. Чеклов 2 соатдан узоқ давом этмайди”, – деди у.

Ҳасан Тошхўжаев республика бўйича электр токи ва газ етказиб бериш билан боғлиқ вазият юзасидан ҳам маълумот берди.

“Газ босими пасайиб кетгани учун электр энергияси ишлаб чиқарувчи, генерация билан шуғулланувчи иссиқлик электр станцияларимизнинг айримларига газ етказиб бериш тўхтатилди. Чунки уларнинг асосий хомашёси газ, биз маълум миқдорда етказиб бера олмаганимиз учун электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам пасайиб кетди. Биз энг кўпи билан 400 MW'гача чеклов киритишга мажбур бўлдик. Иқтисодиётга таъсири бўлмаган корхоналар фаолияти тўхтатиляпти ва ўша жойлар ўчириляпти, кўпи билан 50 минг истеъмолчи электр токидан узиляпти. Бу шахмат тарзида амалга оширилади. 2 соат бир маҳаллада, яна 2 соат бошқа маҳаллада чироқ бўлмайди. Шунинг учун кун давомида ток бўлмади деган нарса бўлиши мумкин эмас, биз марказий электр узатиш тармоғи фаолиятини тикладик, сутка давомида узилиш бўлаётган жойларда кичик станцияларда авариялар бўлган бўлиши мумкин”, – дейди Тошхўжаев.

Вазирлик расмийси 19 феврал куни АОКАдаги брифингда берган маълумотларига кўра, 18 феврал куни барча электр станциялар орқали жами 231,4 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 40,3 млн кубометр табиий газ, 26,3 минг тонна кўмир ҳамда 10,7 минг тонна мазут ёқилган.

Туркманистондан эса 21,6 млн kWh электр энергияси импорт қилинган. Шунга қарамай, 18 февралда электр энергияси етказиб бериш бўйича дефицит 6,4 млн kWh'ни ташкил этиб, мамлакатимиз бўйлаб куннинг тиғиз вақтида 400 MW'гача чекловлар киритишга мажбур бўлган.

Энергетика вазирлигига кўра, электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммолар пайдо бўлса, 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки Теlegramʼдаги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки Facebook ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга, кўмир таъминоти юзасидан эса 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин.

Ўзгидрометнинг маълум қилишича, Ўзбекистонга кириб келган совуқ ҳаво массаси ҳафта давомида ўз таъсирини сақлаб туради.

Top