Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ кенгаши Қизил денгизда ҳарбий-денгиз операциясини бошлашни маъқуллади
Европа Иттифоқи кенгаши Қизил денгизда Aspides ҳарбий-денгиз операциясини бошлашни маъқуллади. Германиянинг «Гессен» фрегати савдо кемаларини Яман ҳусийчилари ҳужумидан ҳимоя қилиш миссиясида иштирок этади.
Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Қизил денгизда кемаларни Яман ҳусийчиларидан ҳимоя қилиш учун денгиз операциясини бошлашни маъқуллади. 19 феврал, душанба куни қабул қилинган қарорга кўра, Европа ҳарбий кемалари ва ҳамроҳлик қилувчи самолётлари Қизил денгиз ва қўшни денгиз ҳудудларига у ердан ҳаракатланаётган савдо кемаларини ҳимоя қилиш учун юборилади.
Европа Иттифоқи кенгашининг баёнотида айтилишича, «Aspides операцияси 2023 йил октябр ойидан бери ҳусийчилар ҳужумлари халқаро тижорат кемаларини нишонга олган ҳудудда Европа Иттифоқи денгиз кучларининг мавжудлигини таъминлайди».
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи кенгаши қарорини олқишлади. «Инқирозга жавоб беришдан ташқари, бу Европа манфаатларини ҳимоя қилиш учун денгизда кучлироқ Европа Иттифоқи мавжудлигига қаратилган қадамдир», деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Немис фрегати Aspides операциясида иштирок этади
Миссияда бортида 240 нафар аскар билан Германиянинг «Гессен» фрегати иштирок этади. 143 метр узунликдаги, зенит-ракеталар билан жиҳозланган кема 8 феврал куни Вилгелмсхафендан Ўрта Ер денгизига жўнатилди.
Бундан ташқари, Германия Грециянинг Лариса шаҳридаги операция штабини ходимлар ва вертолётлар билан таъминлаш ниятида.
Aspides деб номланган Европа Иттифоқи миссиясининг бир йиллик мандати Германия бундестаги томонидан тасдиқланиши керак. Овоз бериш 23 феврал, жума куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда
Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчи исёнчилари 2023 йил октябр ойида ҲАМАС ҳаракати Исроилга ҳужум қилганидан бери Қизил денгиздаги тижорат кемаларига дронлар ва ракеталар билан мунтазам ҳужум қилиб келмоқда. Ҳусийчилар Яқин Шарқдаги можарога ҲАМАС томонида кирганини эълон қилди. АҚШ ва Британия ўз иттифоқчилари кўмагида январ ойи ўрталаридан бошлаб Яман Республикасидаги ҳусийчилар нишонларига йирик ҳужумлар уюштирмоқда.
Мавзуга оид
08:58 / 19.06.2026
Орбансиз саммит: ЕИ Украина бўйича ягона позицияга келди
08:22 / 19.06.2026
Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларни илк бор бир йилга узайтирди
09:45 / 16.06.2026
Украина ва Молдова ЕИ аъзолиги сари яна бир қадам ташлади
08:58 / 04.06.2026