Жамият | 12:16 / 27.02.2024
38166
12 дақиқада ўқилади

“Нафсимга қул бўлганман” – собиқ солиқчининг тазаррулари (Ҳаётий ҳикоя)

“Ҳўл мева растасининг “доля”сини олиб келган йигит пулларни қўлимга берган заҳоти хонамга уч киши югуриб кирди. Юрагим шув этиб кетди. Улар пуллардаги белгини кўрсатиб, қўлимга кишан тақишди. Ўша пайтда отам чиқариб олади деган ишончда бўлганим учун хотиржам эдим. Бироқ бир неча кундан сўнг адвокатимдан билдим, мени чиқариб олишга отамнинг “кучи” етмабди. Шу билан қамалиб кетдим”.

Фото: Kun.uz

“Ҳаётий ҳикоялар” рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони бир пайтлар пойтахтдаги йирик бозорлардан бирида солиқчи бўлиб ишлаган.

Электрон почтамга юборган мактубида у солиқчи бўлиб ишлаган пайтларида ҳаромдан, бировнинг ҳақидан ҳазар қилмаганини, охир-оқибат ишдан қувилиб, қамалиб чиққанини ёзибди.

“Ўзига тинч, яхши оилада ўсиб улғайдим. Отам совет даврида яхши амал эгаси бўлгани учун ёшлигимизда умуман қийинчилик кўрмай ўсдик.

Мактабни битирган пайтимда ҳали Афғонистонда ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган эди. Отам ўғлимни урушга олиб кетиб қолишмасин деб мени дарров ўқишга жойлаб қўйди.

Иқтисодиёт соҳасида таҳсил олаётган пайтимда барибир армияга чақиришди. Шунда отам яна жонимга ора кирди ва танишларини аралаштириб, мени Афғонга кетишдан асраб қолди.

Кейинчалик, ўшанда отам мени урушдан олиб қолиш учун битта Жигулини пулини берганини эшитганман. Йиллар ўтгач, бошимга синовлар тушган пайтда, совет даврида ҳам порахўрлик бўлган экан-да деб ўйладим.

Демак, Москванинг ўзбекларни порахўрликда айблаб “десант” юборгани бежизга эмас экан-да. Кейинчалик тушундимки, совет даврида бир Ўзбекистонда эмас, иттифоқнинг барча ҳудудида порахўрлик бўлган. Бироқ Москва бор аламини Ўзбекистондан олган.

Кўп ўтмай совет ҳарбийлари Афғонистондан қайтарилди. Мен институтнинг охирги курсида ўқиб юрганимда иттифоқ алғов-далғов бўлган, ҳамма жойда одамлар мустақиллик ҳақида гапираётган эди.

1991 йилда мустақил бўлдик, марказдан келиб ишлаб юрган жуда кўп одамлар ортга қайтишни бошлашди. Жуда кўп ташкилотлар қайта шакллантирилди. Совет даврида бўлмаганлари янгитдан ташкил этилди.

Ўша пайтда нафақада бўлган отам танишларини ишга солиб мени туманларнинг биридаги солиқ идорасига ходим қилиб қўйди. Икки йил ўтгач пойтахтдаги йирик бир бозорга солиқчи бўлиб ишга ўтдим. Бунда ҳам отамнинг “ҳисса”си бор эди.

Ўша пайтларда бозордагиларнинг аксарияти вилоятликлар бўлиб, улар деҳқон сифатида савдо қилиб юргани учун фақат патта пули тўларди. Якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб ишлайдиганлар саноқли эди.

Бозорга мослашиб олганимдан сўнг бирин-кетин бозорда доимий савдо қилувчиларни ҳар ой “доля” тўлайдиган қила бошладим. Яъни вилоятдан келиб савдо қилаётганларнинг қўлида маҳалласидан олинган “маҳсулотни ўз томорқасида етиштиргани ҳақида”ги маълумотнома бўлади. Ўша билан савдо қилаверади. Лекин ҳар ой менга “доля” тўлайди.

Шу тариқа аввалига ҳўл ва қуруқ мева растасида ўтирганларни, сўнг салатчиларни, дуккакли маҳсулотлар, охирида сабзавот сотадиганларни “доля”га илдирдим.

“Доля” миқдорини ўзимча инсоф билан маҳсулотлар нархидан келиб чиқиб белгиладим. Яъни ҳўл ва қуруқ мева растасида савдо қилувчилар нарсалари қимматлиги учун дуккакли маҳсулотлар ва сабзавот сотувчиларидан кўпроқ тўлашарди.

Пулларни ўзим йиғмасдим. Ҳар бир растага биттадан сотувчини масъул қилиб қўйгандим. Хизмати учун у “доля”дан озод қилинганди.

Йиғилган пулларнинг барчаси ўзимда қолмас, бошлиқларга ҳам конвертга солинган доллар кўринишида етиб борарди. Бироқ кўпроқ қисмини ўзимда қолдирардим.

Кўп ўтмай пуллар мени салбий томонга ўзгартира бошлади. Характерим қўрслашди. Бозорда савдо қилувчиларни одам ўрнида кўрмай қўйдим.

Ойлик “доля”дан ташқари, бошлиқларга ёки улар айтган одамларга юбориб туриш учун тез-тез харид қилиб чиқардим. Бундай йўқловлар байрамларда канда бўлмасди. Ўшанда биронта сотувчига олган нарсаларимнинг пулини бермасдим.

“Ойлик”дан чегириб қоламиз” дердим, лекин “доля” йиғилаётганда пулларни тўлиқ олардим. Ўшанда айримлар “берган нарсаларимизнинг пули “доля”дан ошиб кетади-ку”, деб эътироз билдирарди.

Ундайларга агар олибсотар деб икки энлик қоғоз қораласам барча маҳсулотидан айрилишини, камига яна катта миқдорда жарима тўлашини айтиб дўқ урардим. Шунда жим бўлиб кетишарди. Кейинчалик, мендан пул олиб бўлмаслигини билгач эътироз ҳам билдирмай қўйишди.

Бозорда ишлар бир маромда кетар, ҳаммаси яхши эди. Фақат нафсим баттар ҳакалак отарди. Охир-оқибат шу мени жарга итарди.

Иш бошлаганимга 5-6 йил бўлганда бозоримизда улгуржи бозор бўла бошлади. Аввалига одам камроқ эди. 1-2 йил ўтгандан сўнг Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 400-500 киши келадиган бўлди.

Улар ҳафтанинг маълум кунида кечки пайт етиб келишар, бозорнинг бўш қаторига маҳсулотларини тушириб эртаси куни тушгача савдо қилишар, сўнг уйга қайтишарди. Умумий ҳисобда улар бозорда бир сутка ҳам бўлишмасди.

Ўша пайтларда мен “оптомчи”ларни қандай қилиб “доля”га илдириш ҳақида ўйлардим. Бир-икки марта туман солиқ бўлимидан ҳамкасбларимни чақириб, уларнинг ҳужжатларини текширтирдим. “Маҳалладан маълумотноманг йўқ экан, демак олибсотарсан” деб айримларининг маҳсулотларини тортиб олиб, жарима қилдирдим.

Ўша пайтда уларнинг орасидан кимларгадир агар ҳар ой бир марта “доля” йиғиб беришса тинч қўйишимизни ҳам айтдим. Бироқ бундан наф бўлмади. Улар “биз бозорда ўтириб савдо қилмаяпмиз, бор-йўғи бир кунга келиб кетяпмиз” деб “доля” тўлашдан ошкора бўйин тортишди. Шу тариқа 2-3 йил ўтиб кетди. Вақт ўтган сайин улгуржи бозорчиларни “измимга” сололмаганим учун жаҳлим чиқарди.

Кунларнинг бирида бозорга вақтли бордим, шу пайтда “оптомчи”лар юкларини туширишарди. Ёнма-ён турган юк машиналарнинг ҳайдовчиларига юкни туширмасликни, акс ҳолда жавобгар қилишимни айтдим. Ўзим ўша ерда турдим. Кўп ўтмай юкларнинг эгалари йиғилиб келишди.

Уларга юкни фақат патенти (Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганларга бериладиган гувоҳнома назарда тутиляпти) борларга туширишга рухсат беришимни айтдим. Ғала-ғовур бошланди.

Шундан сўнг улар бозор директорининг олдига кетишди. Мен шу сафар “оптом”чиларни бўйсундириб олишимга ишонардим. Бироқ ундай бўлмади.

Бироз ўтиб директор қўнғироқ қилиб қолди ва дарғазаб ҳолда тез хонам етиб кел деди. Борсам камида икки юз одам директорнинг хонаси олдида турибди. Атрофни ғала-ғовур овозлари тутган, четдан қараган одам бозорчилар намойишга чиққан деб ўйлаши аниқ эди.

Ўша пайтда юртимизда нимадир тўполонлар содир бўлган ва одамларнинг бир жойга норози бўлиб йиғилиши ўша ҳудудга жавобгар амалдорлар учун салбий якун топиши мумкин эди.

Бозор директори одамларга ялиниб “Акалар, укалар, 3-4 нафарларинг қолинглар, қолганларинг тарқалинглар, илтимос. Масалани ҳал қиламиз. Бунақа тўпланганларинг тегишли жойларга етиб борса мени мазамни қочиришади”, дерди.

Шундан сўнг “оптомчи”ларнинг 4-5 нафари қолди ва қолганлари кетишди. Ичкарига кирдик. Бозор директори жуда қўрқиб қолган, мен эса парвойимга келмай турардим.

Бозор директори аввал мендан изоҳ сўраганди, унга “оптомчи”лар бир кунга келиб кетса ҳам аксарияти йиллар давомида савдо қилаётганини, улар ҳам бошқалар қатор патент олиши кераклигини, бироқ улар бунга кўнмаётганини, шунга қонуний чора кўраётганимни айтдим.

Шундан сўнг сотувчилардан бири ўрнидан турди ва директорга юзланиб гап бошлади:

Бизнинг бу одамга гапирадиган гапимиз йўқ. Шу учун сизга гапираман. Ҳафтада бор-йўғи бир кун бозорда бўламиз. Бошқа пайт жойлар бўш туради. Бозорнинг меҳмонхонаси, унинг атрофидаги ошхона ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари биз туфайли бир кун бўлса ҳам савдо қилиб олишади. Камида 400-500 одам келамиз, патта пулининг ўзи эҳҳе қанча бўлади. Агар солиқ ходимлари бизни бу ерда савдо қилишга қўймаса кейинги ҳафтадан келмаймиз, бошқа бозорга кетамиз. Бу одам (мени назарда тутди) ҳозир қонуний чора ҳақида гапирди. Бироқ ёлғон гапиряпти. Аввалроқ у бизга ойлик “доля” қўймоқчи бўлди, кўнмадик. Энди ўша ишни амалга ошириш учун бизни бозорда савдо қилишдан тўсяпти. Бунинг мақсади давлатга пул тушириш эмас, ўзига пул йиғиш. Тешик қулоқ эшитади, бу бозорда доимий ўтириб савдо қилувчиларни тўлиқ “доля” беришга мажбурлаб келяпти. Буни сиз тийиб қўя олмасангиз, биз бошқа жойга кетамиз. Охирги гапимиз шу”.

Директор “оптомчи”чининг гапларини эшитгач уларни ҳеч ким безовта қилмаслигини, бунга кафолат беришини, бемалол келиб савдо қилиб кетаверишларини айтди. Сўнг менга юзланди:

Нега халқни норози қилиб намойишга тўплаяпсан? Икки қулоғинг билан ҳам эшит, мана буларни олдида айтяпман, сен бу ерда ишлашга нолойиқсан. Ҳозироқ раҳбарларингга чиқаман, сени хоҳлаган жойларида ишлатишсин, лекин бу ерда эмас. Энди эса, бор йўқол, кўзимга кўринма”.

Ўшанда директор айтганини қилди ва раҳбарлар мени бошқа ёққа ишга ўтказишди. Бозордан келиб турган “доля”лардан қуруқ қолдим. Отам аралашиб ҳам мени бозорда олиб қололмади.

Кейинроқ эшитишимча, ўша куни одамларнинг тўплангани шаҳар ҳокимлигигача етиб борган ва оқибатда директор яхшигина гап эшитибди.

Орадан икки йил ўтгач, мени бозордан қувган директор ишдан кетди. Шундан сўнг ортга қайтишга ҳаракат бошладим. Яна отамнинг танишларини аралаштирдик ва мен ўша бозорга қайтдим.

Бироқ, нафсим қанчалик безовта қилмасин “оптомчи”чиларга тегмасликка қарор қилдим. Улар бу сафар бош кўтариб шаҳар ҳокимлигига ҳам бориши мумкин. Ўша пайтда улар билан “ўйнашиш” ўт билан ўйнашишдай гап эди.

Ортга қайтгач яна эски “дастёр”ларимни топиб “доля” йиғиш масаласини муҳокама қилдим. Барчаси яна бирга ишлашга рози бўлди.

Ҳанузгача эсимдан чиқмайди, ҳўл мева растасининг “доля”сини олиб келган йигит пулларни қўлимга берган заҳоти хонамга уч киши югуриб кирди. Юрагим шув этиб кетди. Улар пуллардаги белгини кўрсатиб, пора олганликда гумонланаётганимни айтиб, қўлимга кишан тақишди.

Ўша пайтда отам чиқариб олади деган ишончда бўлганим учун хотиржам эдим. Бироқ бир неча кундан сўнг адвокатимдан билдим, мени чиқариб олишга отамнинг “кучи” етмабди.

Судда менга қарши гувоҳлар анча эди. Улар навбати билан қилмишларимни очиб ташлашди, ҳеч нарса дея олмай қолдим. Етти йил қамоқ жазоси олдим.

Қамоқдалигимда аввалига отам, кейин онам вафот этди. Мен ноқобил ўғил уларни қабрга ҳам қўя олмадим. Муддатнинг ярмидан кўпроғини ўтаганимдан сўнг шартли равишда озод қилишди. Шу муддат ҳам кўзим очилиши учун етарли бўлди.

Қамоқдан чиқиб келганимдан сўнг тўғри ҳаёт кечиришга қарор қилдим ва тадбиркорлик қила бошладим. Ҳозир ишларни фарзандларимга топширганман.

Кейинчалик ишларим яхши бўлиб кетганда мустақилликдан кейин кенг имкониятлар очилди, нега бошданоқ тадбиркорлик қилмай нафсимнинг қулига айланганимга ажабланаман.

Жуда кўпчиликнинг ҳақини еганман, ўша одамларни топиб пулларини қайтаришнинг иложи йўқ. Минг афсусланганим билан энди вақтни ҳам ортга қайтариб бўлмайди.”

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид