Европа қирувчилари Россия самолётларини кузатиб борди
Германия ҳарбий-ҳаво кучлари Eurofighter қирувчи самолётларини тревога бўйича ҳавога кўтарди. Кейинчалик Россия Аэрокосмик кучлари самолётини Франциянинг Mirage қирувчи самолётлари кузатиб борди.
Германия ва Франция қирувчи самолётлари Болтиқ денгизи устидаги ҳаво ҳудудида Россиянинг Ил-20 разведка самолётини кузатиб борди. 27 феврал, сешанба куни Германия ҳарбий-ҳаво кучларининг Х ижтимоий тармоғида хабар қилинганидек, Eurofighter немис қирувчилари Мекленбург-Шарқий Померания федерал еридаги Лаагедаги базадан Ҳелсинки шарқида Россиянинг «парвоз режасисиз» ҳаракатланган Ил-20М разведка самолёти пайқаб қолинганидан сўнг тревога бўйича ҳавога кўтарилди.
Хабарда таъкидланганидек, бу 26 феврал куни содир бўлган ва визуал алоқа ўрнатилгач, операция «ҳеч қандай ҳодисасиз тугаган».
Кейинчалик француз армиясининг Х микроблогида видео чоп этилди, унда Россия разведка самолёти ва унга ҳамроҳ бўлган қирувчини кўриш мумкин.
Аниқлик киритилишича, Франциянинг Mirage 2000-5 жанговар самолётлари «Болтиқ бўйидаги иттифоқчиларимиз ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш» мақсадида Эстония соҳиллари яқинида Россиянинг Ил-20 самолётини тутиб олиш учун шай ҳолатга келган, аммо бу қачон содир бўлганлиги ва гап битта самолёт ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмаган.
НАТОнинг Болтиқбўйи ҳаво ҳужумидан мудофаа миссияси
Болтиқбўйи мамлакатлари Эстония, Латвия ва Литва ўзининг жанговар самолётларига эга эмас, шунинг учун уларнинг ҳаво ҳудуди хавфсизлиги 2004 йилдан бери НАТО кучлари томонидан Болтиқбўйи ҳаво полицияси миссияси доирасида тўрт ойлик ротация асосида таъминланади. Шу мақсадда алянс иттифоқчилари навбатма-навбат ўз самолётлари ва ходимларини Болтиқбўйи мамлакатларига ўтказмоқда.
Агар чет эл самолётлари парвоз қоидаларига риоя қилмаса ёки ҳаво ҳаракатини назорат қилувчилар билан алоқага кирмаса, қирувчилар осмонга кўтарилади. Алянс таъкидлаганидек, «НАТОнинг тезкор самолётлари иттифоқчи ҳаво кенгликларига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай самолётни тутиб олиш учун бир неча дақиқа ичида ҳавога кўтарилишга тайёр». Россиянинг Украинага ҳужуми ортидан НАТО ҳаво патруллари янада кучайтирилди.
Мавзуга оид
14:01 / 15.11.2024
Лавров самолётига хорижда ёнилғи қуйишдан бош тортишаётганидан шикоят қилди
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
12:02 / 02.11.2024
Мюнхендан Шанхайга учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди
11:56 / 02.11.2024