Жаҳон | 12:20 / 29.02.2024
3727
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқида бошпана бўйича рекорд даражада аризалар келиб тушди

Европа Иттифоқи, Норвегия ва Швейцарияда бошпана сўраб мурожаат қилганлар сони 2016 йилдан бери биринчи марта яна 1 миллиондан ошди. Мурожаатчиларнинг аксарияти Сурия ва Афғонистондан.

Фото: picture-alliance/dpa/S. Pförtner

2023 йилда Европа Иттифоқи, шунингдек, Швейцария ва Норвегия бўйлаб 1,14 миллион киши бошпана сўраб мурожаат қилган, бу урушдан вайрон бўлган Суриядан қочқинлар оқими Европага келган 2016 йилдан бери рекорд кўрсаткичдир, Бундай маълумотлар 28 феврал, чоршанба куни Европа Иттифоқининг бошпана масалалари бўйича агентлиги (EUAA) томонидан эълон қилинди.

Ўтган бир неча йилдагидек, Сурия фуқаролари энг кўп – 181 минг сўров юборган, бу ўтган йилга нисбатан 38 фоизга ортиқдир. Афғонистондан келган қочқинлар иккинчи ўринда қолмоқда - 114 минг ариза. 2023 йил охирида Фаластин ҳудуди аҳолисининг ҳимояга муҳтожлиги ҳам ошди. 

Туркия фуқаролари томонидан берилган бошпана сўровлари сони ҳам сезиларли даражада ортди: 101 мингта, бу 2022 йилга нисбатан 82 фоизга кўп. Ўтган йилга нисбатан бошпана сўраб мурожаат қилганларнинг умумий сони 18 фоизга кўпайди. Мутлақ рақамларда энг кўп аризалар Германия (334 000), Франция (167 000), Испания (162 000), Италияда (136 000) берилган бўлиб, бу тўртта давлатнинг ўзида барча аризалар учдан икки қисмдан кўпроқни ташкил қилади. 

Қабул қилувчи мамлакат аҳолисига нисбатан Кипр биринчи ўринни эгаллади: 12 000 та ариза, яъни ҳар 78 кишига битта - Германиядан уч баравар кўп. 

Малтада жойлашган Европа Иттифоқи бошпана агентлигининг статистик маълумотларига кўра, Украинадан бўлган 4,4 миллион уруш қочқинлари Европа Иттифоқида вақтинчалик ҳимояга эга. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид