Спорт | 17:30 / 02.03.2024
20661
14 дақиқада ўқилади

Манчестерда дерби, «Юве» чемпионга қарши, «Реал» ва «Барса» азалий рақиби меҳмони

Фото: Getty images

Агар «Байер» «Кёлн» устидан ғалаба қозонса, Бундеслигадаги биринчи ва иккинчи ўринлар ўртасидаги фарқ 10 очкога етади. Баҳорги Бундеслига учун бу одатий ҳолат, аммо бу сафар пешқадам «Бавария» эмаслигини эътиборга олсак, бу мавсум Европада анча катта воқеага гувоҳ бўламиз шекилли. Испания ва Англияда эса ҳали ҳаммаси қоронғу, хусусан ушбу ҳафтада ҳам вазиятни ойдинлаштирувчи, балки чигаллаштирувчи бир қатор эътиборли баҳслар бўлиб ўтади. «Барселона» ўзи учун энг қийин сафарлардан бирида ғалаба қозонишга ҳаракат қилса, Манчестерда навбатдаги дерби бўлиб ўтади.

ВАЛЕНСИЯ – РЕАЛ МАДРИД (3 марта ўтар кечаси, 01:00)

«Валенсия» анча йиллардан бери, жумладан ушбу мавсумда ҳам турнир жадвалида ўртамиёнага айланиб қолган бўлса-да, барибир бу қарама-қаршилик испан футболининг классикаларидан бири сифатида қолаверади. Рубен Бараха шогирдлари қандай вазиятда бўлишмасин, айниқса, катта ўйинларда худди ўша Бараха футболчилик давридаги тарихни эслаб қолишини кўп марта исботлашди ҳам – жамоа бу мавсумда «Барселона» билан дуранг ўйнади, «Атлетико» устидан ишончли ғалабага эришди. Айнан «Месталья»даги ўйинларда «Валенсия» сентябрдан буён ютқазмаётганини ҳам эътиборга олсак, «Реал»га бу сафар ҳам осон бўлмаслиги шубҳасиз.

Бунинг устига, «Валенсия» икки ҳафтадан буён майдонга тушмади, яъни ушбу учрашувга тўлақонли равишда тайёрланиш учун етарлидан кўпроқ вақтга эга бўлди. «Реал» эса ўтган ҳафтад «Севилья»га қарши яна бир қийин ўйин ўтказди, келаси ҳафта эса Чемпионлар Лигасидаги жавоб учрашув кутиб турибди. Табиийки, диққатни жамлаш ва таркибнинг тетиклиги борасида ҳам мезбонларда қўшимча устунликлар пайдо бўлиши мумкин.

Албатта, бу факторлар имкониятларни тенглаштириб, сизларни бироз қизиқтириш учун ёзилгани табиий, зеро, шубҳасиз, бу ўйинда ҳам «Реал» фаворит ҳисобланади. Мадридликлар Ла Лига доирасидаги баҳсларда деярли мағлубиятга учрамаяпти, турнир жадвалида ҳам ««Жирона» билан фарқ (6 очко) етарли даражада босимсиз ўйнашга имкон беради. Бундан ташқари, жароҳат туфайли охирги ўйинларни ўтказиб юборган Жуд Беллинҳэмнинг машғулотларга қайтгани ва катта эҳтимол билан бугун таркибда бўлиши ҳақида ишончли хабарлар бор. Ҳатто Тибо Куртуа ҳам шуғулланишни бошлаган, ушбу ўйинда бўлмаса-да, мавсумнинг энг масъулиятли палласида «Реал» яна оптимал ҳолатга яқинлашаётгани қувонарли.

Яна ўзаро учрашувлар статистикасига қайтадиган бўлсак, «Месталья»да ўтган охирги 6 ўйининг ярмида мезбонлар ғалаба қозонганини ҳам эътироф этиш керак. Жумладан ўтган мавсумда Диего Лопезнинг голи «Валенсия»га уч очкони тақдим этганди. Биринчи даврадаги баҳсда эса «Реал» 5:1 ҳисобида осон ғалабани қўлга киритган. Родриго ва Винисиус ўз ҳисобларига дубл ёзиб қўйишганди.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (3 март, 20:30)

Қарийб сўнгги ўн йилликда манчестерликлар орасидаги фарқ «кўклар» томонида сезиларли равишда оғишган, ҳар жабҳада, жумладан ўзаро ўйинларда ҳам бу фарқ яққол кўзга ташланса-да, айнан бугунгидек фаворитлик «Манчестер Сити»да ҳеч қачон бўлмаганди. Гвардиола шогирдлари ўз ўйинини топиб олган ва анъанавий равишда баҳорда энг кучли формасига қайтаётган бир пайтда, «МЮ» жароҳатлар гирдобида яшашда давом этмоқда. Ҳатто букмекерлик идоралари ҳам меҳмонларнинг ғалабасига ўн баробар ютуқ ваъда қилишмоқда – бунақаси ҳеч қачон бўлмаганди.

Гвардиола матбуот анжуманида рақибнинг ажойиб формага кириб олгани ва янги йилда атиги бир марта ютқазганига урғу берган, Эрик тен Хаг эса шогирдларининг ғалаба учун курашишини айтган бўлса-да, ҳатто сўнгги ғалабалар ҳам «қизиллар»га қай йўсинда насиб қилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Жамоа бу ғалабалар учун бор имкониятини ишга солаётган бўлса-да, ўйин борасида камчиликлар жуда кўплиги маълум. Агар ҳамма соғ бўлганда, асосий таркибда майдонга тушиши аниқ бўлган Мартинес, Шоу, Магуайр, Хойлунд каби футболчилар дербида қатнаша олмаслиги аниқ, ўйнайдиган Рэшфорд, Каземиро, ҳатто Бруно Фернандеш ҳам у қадар яхши спорт формасида эмаслигини кўриб турибмиз. Маласия, Маунт, Ван Биссака, Марсиял каби футболчилар ҳам жароҳат туфайли йўқларнинг ўрнини жароҳат туфайли боса олишмайди. «Манчестер Сити» таркибида йўқотишлар деярли йўқ. Жек Грилиш жароҳатланиб, дербини ўтказиб юборадиган бўлди, аммо меҳмонлар ҳимоячилари учун Докудан кўра Грилишнинг бўлиши камроқ муаммо туғдириши мумкин эди, балки. Шунингдек, Йошко Гвардиол ҳам катта эҳтимол билан учрашувни ўтказиб юборади.

Хуллас, Манчестер дербисида меҳмонларда фақат ҳимоявий услубда бирор натижага эришиш умиди бор, зеро ушбу мавсумнинг ўзида ҳам шунга яқин ҳолатни гувоҳи бўлдик – «Манчестер Юнайтед» ҳозиргидан ҳам ёмонроқ таркиьда «Энфилд»дан дуранг олиб келишга муваффақ бўлишганди.

Шунинг учун ҳам, «Манчестер Юнайтед»нинг ўз позициясини яққол ҳис этиши, яъни тенгма тенг ўйнашга уринмаслиги, аксинча, «Манчестер Сити»га ҳалақит бериши ҳам мумкин. Қуйи блокларга қарши ҳар қандай кучли жамоа ҳам муаммо сезади, Гвардиола жамоасининг сўнгги учрашувларини олсак ҳам, «Брентфорд», «Борнмут»га қарши баҳсларда «Сити» фақат бир гол билан кифояланди. Анча дадил ва прессингда ҳаракат қилган «Лутон» билан ўйинда эса жамоа олтита гол уришга муваффақ бўлди.

«Юнайтед» таркибдаги муаммолар туфайли, асосий фишкаларидан бўлган юқори прессинг қилиш ёки ташаббускор ўйнашга қийналаётган бўлса-да, ҳимоявий ўйинда ёмон эмас. Айнан сафардаги ўйинларда бемалол иккинчи рақамда ўйнашни танлаш имконияти борлигидан, масалан, «МЮ» сафардаги охирги 6 учрашувда мағлубият нималигини билмаяпти. Яъни, орадаги фарқ ҳақида ҳар қанча гапирмайлик, меҳмонлар таркибида ҳам юқори даражадаги ижрочилар бор ва футболда қайси фактор ҳал қилувчи бўлишини билиш қийин. Сульшер айнан ҳимоявий услуб орқали бир неча бор «Сити» билан ўйинларда ғалаба қозонганини эсласангиз керак. Тен Хагда ҳеч бўлмаса, ўша «қораламалар»га қайтиш варианти мавжуд.

АТЛЕТИК – БАРСЕЛОНА (4 мартга ўтар кечаси, 01:00)

«Реал»нинг қийин сафари бўлган турда сўнгги турларда ғалаба қозонишни бошлаган «Барселона» учун фарқни қисқартиришга яхши имконият бўлиши мумкин эди, аммо тақвим Хави шогирдларига янаям қийинроқ имтиҳонни тайёрлаб қўйди. «Атлетик» ушбу мавсумда Испанияда энг кучли ва чиройли футбол намойиш қилаётган жамоалардан бири бўлиб турибди. Чемпионатда «Барселона» баскларга қарши охирги 4 ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган ва бирорта ҳам гол ўтказиб юбормаган бўлса-да, масалан охирги ўзаро учрашув Испания кубогида рўй берди ва унда «Атлетик» 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоа ҳозирда Чемпионлар Лигаси ўринлари учун кураш олиб бормоқда, Испания кубоги финалида «Мальорка»қарши қарши майдонга тушади.

Энди фақат Билбаода ўтаётган ўйинларга эътибор қаратайлик. Биринчи турда билбаоликлар «Реал»га қарши майдонга тушишган ва ўйин 0:2 ҳисобида меҳмонларнинг ғалабаси билан ниҳоясига етганда. Шундан буён Ла Лигада «Атлетик» 12 та уй учрашувини ўткази ва 10 ғалаба ва 2 дуранг қайд этди. Билбаодаги охирги 8 учрашувда 8 ғалаба, тўплар нисбати 23-6. «Атлетико» ҳам, «Жирона» ҳам, «Реал Сосьедад» ҳам Билбаодан очко олиб кета олмади. Ҳар қандай ҳолатда бўлмасин, «Барселона»ни ўта қийин сафар кутиб турганини таъкидлаш лозим. Бунинг устига мезбонларни Эрнесто Валверде бошқаришини ҳам айтиб ўтиш керак. Мураббий аслида Билбаода кўпроқ ишлаган бўлса-да, 2017-2020 йилларда Барселонада муваффақиятли ишлаган, икки марта мамлакат чемпиони бўлган. Ўз вақтида футболчи сифатида ҳам «Барселона»да тўп сурган. Яъни анча яхши ишлаган бўлса-да, истеъфога чиқариб юборилган Валверде учун собиқ жамоасига ниманидир исботлаш имконияти бор. Ким билади, балки ёзда Хавидан бўшаб қоладиган ўринга яна Валверде вариантини ўйлаб қолишар?

Таркибларга келадиган бўлсак, мезбонларда энг катта йўқотиш – Нико Уильямс. Ҳозирда Европанинг деярли барча топ клубларининг назарида турган 21 ёшли футболчи сўнгги ўйинларда акаси билан бирга ҳужум чизиғида асосий қуролга айланган. «Атлетико»га қарши сўнгги кубок баҳсида ҳам 1+1 қайд этиб, жамоасининг финалга чиқишида катта рол ўйнади. Аммо у «Бетис»га қарши чемпионат ўйинида қизил карточка олгани туфайли, ушбу учрашувни ўтказиб юборади. Шунингдек, Даниэл Вивиан ҳам сариқ карточкалари кўпайиб кетгани туфайли майдонга туша олмайди. Ҳимоя чизиғида Вивиандан ташқари, Юри Берчиче ҳам жароҳат туфайли шерикларига ёрдам бера олмаслиги ҳам Валверде учун муаммо туғдириши мумкин. «Барселона « таркибида узоқ муддатга сафдан чиққан Балде ва Гавидан ташқари янги йўқотишлар йўқ. Фақат Ферран Торреснинг ҳолати сўроқ остида қолмоқда.

НАПОЛИ – ЮВЕНТУС (4 мартга ўтар кечаси, 00:45)

Бу тўқнашув ўз вақтида дунёнинг энг яхши икки ҳужумчиси Марадона ва Платини дуэли сифатида катта воқеага айланарди. Кейинчалик «Наполи» узоқ вақт пастларда юрди, сўнгги йилларда аста секин тикланиб, баъзи мавсумларда «Ювентус» билан чемпионлик учун курашди, туринликларда инқироз кузатилгач, чемпион ҳам бўлди. Ҳозирда Италияда «Интер» ҳукмронлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда, «Ювентус» миланликларни таъқиб қилиб чарчади, «Наполи» ўтган мавсумдаги чемпионлигини нишонлашда давом этиб, ўртамиёнага айланиб қолди – аммо қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар, юқорида тилга олинган юлдузлар туфайли ҳам, бу тўқнашув Италия футболида классика бўлиб қолаверади.

Ўртамиёна дедиг-у, лекин ўтган турда «Наполи» қайтандек бўлди, ўтган йилги потенциалини эслатиб қўйди. Қаторасига уч ўйинда 1:1 ўйнаган жамоа «Сассуоло» дарвозасига сафарда олти гол урди. Осимҳэнда хет-трик, Хвичада дубл – худди дориломон кунлардаги каби. Табиийки, «қоннинг исини» олган неаполликлар энди ўз мухлислари қаршисида ҳам, янада кучлироқ, номдорроқ рақиб билан худди ўша ўйинни такрорлашга ҳаракат қилиб кўришади, албатта. Аслида «Сассуоло» эса Неаполдаги аввалги «Ювентус»га қарши ўйинларни эслаш кифоя – ўтган мавсумда «Наполи» туринликлар устидан 5:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Умуман охирги 4 уч учрашувида «Наполи» «Ювентус»ни мағлуб этиб келмоқда.

Агар турнир жадвалидаги ҳолат бўйича таҳлил қилсак, «Ювентус» учун тепага ҳам, пастга ҳам йўл йўқдек гўё. Туринликлар 5-ўриндан 11 очко ажратиб турибди ва қуйида анча тиғизлик эканини инобатга олсак, биратўла уч жамоанинг «Ювентус»ни қувиб ўтиши имконсиздек кўринмоқда. «Наполи» учун эса аксинча, кураш энди бошланаётгандек. 4-ўриндан 8 очко орқада бораётган «Наполи» учун март ойи жуда муҳим. Жамоа шу ойда «Ювентус», «Интер» ва «Аталанта»га қарши майдонга тушади, мана шу учрашувлардаги натижалар «Наполи» тақдирини ва кейинги турлардаги позициясини белгилаб бериши шубҳасиз. «Наполи» Чемпионлар Лигасига қайтиши ҳам, умуман еврокубокларсиз қолиши ҳам мумкин. Бу турда А Серияда 4-5 ўринларда бораётган «Аталанта» ва «Болонья» ўзаро учрашишини эътиборга олсак, кимдир албатта очко йўқотади ва «Наполи»да фарқни қисқартириш имконияти бор.

Йўқотишлар борасида туринликларда номлар кўпроқ ва каттароқ. Погбанинг тўрт йилга дисквалификация қилинганини бу ўйин олдидан айтиш ҳам шарт эмасдир, зеро франциялик футболчи «Ювентус»га қайтганидан буён деярли майдонга тушгани йўқ. Аммо бошқа бир франциялик яримҳимоячи Рабьнинг йўқлиги сезилса керак. Шунингдек, Федерико Кьезанинг ҳам майдонга тушиши шубҳа остида қолмоқда.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

2 март. Унион – БОРУССИЯ Д (19:30), Брентфорд – ЧЕЛСИ (20:00), Ноттингем Форест – ЛИВЕРПУЛ (20:00), ТОТТЕНҲЭМ – Кристал Пэлас (20:00), Монца – РОМА (22:00), Лутон – АСТОН ВИЛЛА (22:30)

3 март. Кёлн – БАЙЕР (19:30), АТЛЕТИКО – Бетис (20:15), АТАЛАНТА – БОЛОНЬЯ (22:00), Мальорка – ЖИРОНА (22:30),

Мавзуга оид