Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазо секторига денгиз орқали гуманитар йўлак ҳафта охирида очилади
Исроилнинг ҳарбий амалиёти фонида Ғазо секторидаги гуманитар вазият фалокатли даражада. Халқаро ҳамжамият Европа Иттифоқи давлатларидан бири орқали ўтадиган денгиз гуманитар йўлаги ёрдамида муҳтожлар аҳволини юмшатишга умид қилмоқда.
Ғазо секторига қўшимча ёрдам етказиш учун режалаштирилган денгиз гуманитар йўлаги яқин бир неча кун ичида ишга тушади. «Биз йўлакни очишга яқинмиз, умид қиламанки, у шанба, якшанба куни очилади», деди Европа комиссияси (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен 8 март, жума куни Кипрнинг Ларнака порт шаҳрида Кипр президенти Никос Христодулидис билан учрашувда.
Гуманитар юклар Ларнакадан денгиз орқали Ғазо секторига етказилади. Фон дер Ляйен сўзларига кўра, лойиҳани Европа Иттифоқидан ташқари Бирлашган Араб Амирликлари ва Қўшма Штатлар ҳам қўллаб-қувватлайди, бироқ унда асосий ролни кўп ойлар давомида Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиб беришни ташкил этишга уриниб келаётган Кипр ўйнайди.
Йирик денгиз портининг йўқлиги муаммоси
Биринчи кема январ ойида Фаластин ҳудудига жўнаб кетган, бироқ Ғазо сектори қирғоқларидаги портлар йирик кемалар учун етарлича чуқур бўлмагани учун Мисрда тўхташга мажбур бўлган.
Муаммони ҳал қилиш учун Қўшма Штатлар халқаро ҳамкорлар билан биргаликда Фаластин минтақаси қирғоқларида бандаргоҳ қуриш ниятида, аммо ҳозирча вақтинчалик ечим сифатида гуманитар ёрдамни йирик кемалардан кичик кемаларга қайта юклаш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, Ғазо секторига олиб бориш учун Исроил ва Мисрга гуманитар юкларни топшириш варианти ҳам бор.
ЕИ портидан юкларни жўнатиш Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати жангчилари учун Ғазо секторига қурол-яроғ олиб ўтишнинг олдини олишга мўлжалланган.
Германия лойиҳада иштирок этиши мумкин
Германия ҳам Ғазо секторидаги муҳтожларга денгиз орқали ёрдам етказиб беришда иштирок этади. Spiegel нашри ёзишича, айни дамда Бундесвер Германия флоти денгиз кўпригининг ишлашига қандай ҳисса қўшиши мумкинлигини ўрганмоқда. Нашр таъкидлашича, ҳозирча гап фақат тегишли сўров келиб тушган тақдирдагина дастлабки таҳлил ҳақида бормоқда. Немис денгиз флоти лойиҳада ҳақиқатан ҳам иштирок этадими ёки йўқми, бу масала номаълум.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 30 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
09:17
ОАВ: Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида сулҳ тузилди
17:56 / 19.06.2026
«Трамп сизнинг ягона иттифоқчингиз» – Вэнс ҳам Исроилни танқид қилди
14:15 / 18.06.2026
Ливанга яна ҳужум бўлса, келишув тақдири сўроқ остида қолади – Умрбек Юсупов
09:25 / 18.06.2026